Фарғонада аномал иссиқда очиқ стадионларда имтиҳон ўтказилди

26.07.2021 18:35

10-11 ёшли болалар қуёш тиғининг тагида 2 соат имтиҳон топширишди

Жорий йилнинг 26 июль куни Президент мактабларига кириш имтиҳонлари бошланди. Карантин сабабли ушбу имтиҳонлар очиқ майдонларда ўтиши режалаштирилган. Тошкент шаҳрида бу жараёнлар Ботаника боғида ташкиллаштирилди.

Лекин бошқа вилоятларда бу ҳолат қандай кечяпти?

Ўқитувчи, Исроил Тиллабоев Фарғона вилоятидаги Фарғона ва Марғилон шаҳарларидаги имтиҳонлар очиқ стадионларда ўтказилаётгани ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Унинг таъкидлашича имтиҳон вақти 8:00 дан 10:00 гача белгиланган ва 7:30 да стадионга болалар жойлаштирилган.

“2 соат сизни шу иссиққа ўтирғизиб қўйилса нима бўласиз? Тўғри бу мактаб энг яхшиси, барчанинг орзуси, лекин бари бир буларнинг барчаси 10-11 ёшли болалар” – дейди у.

Президент мактабига 24 нафар бола олиниши белгиланган. Лекин минглаб болалар иссиқдан қийналаётганлиги ачинарли ҳолат. Имтиҳон яхшироқ ташкил қилиниши керак эди, дея бот-бот қайтаради Исроил Тиллабоев.

“Ўша имтиҳон ўтган стадионни рўпарасида Ал-Фарғоний боғи бор, Фарғона вилояти хокимлиги, Президент ва ижод мактаблари агентлиги келишиб мана шу салқин боғда имтиҳон ўтказилишини ташкиллаштиришса бўлмас эдими?

Нега пойтахт болаларини салқинга, вилоят болаларини иссиққа қўйишларига индамадиларинг? Ёки вилоят болалари иссиқда кўп юриб ўрганган дедими биров?” – дея фикрини якунлайди И.Тиллабоев.

23 июль санасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликка чақириб, аҳолига SMS хабар жўнатган. Aйнан шу санадан бошлаб то ҳозиргача ҳаво ҳарорати кескин даражада ошмоқда.

Блогер И.Тиллабоев суратларидан фойдаланилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
27.07.2021 03:11
Namangandagi imtohon ham ochiq maydon stadionda bo'lib o'tdi