АҚШ: афғонлар масаласи ва Ўзбекистон

31.05.2021 19:09

АҚШ ва НАТО расмий Вашингтон ўтган йил бошида Толибон билан имзолаган битимга мувофиқ, ўтиб бораётган май ойидан бошлаб Афғонистонда қолаётган сўнгги ҳарбийларини ҳам олиб чиқиб кетишни бошлаган.

Яқинда АҚШ кучлари Толибон ва бошқа жангари гуруҳларга қарши сўнгги 20 йиллик урушнинг маркази ва рамзи бўлган пойтахт Кобулдаги энг йирик Багром ҳаво базасини ҳам буткул тарк этишган, назоратини эса Афғонистон ҳукуматига топширишган.

АҚШ маъмурияти якуний муҳлат этиб белгиланган 11 сентябрга қолмай, 31 августгача Афғонистонни тарк этиб бўлишларини айтган.

Айнан сўнгги икки ой ичида эса, Толибон ўз ҳужумларини янада шиддатлаштирган.

Номлари айрим Ғарб нашрларида тилга олинган Ўзбекистон ва Тожикистон эса, Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан иккитасидир.
 

Шу йил апрель ойида айнан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон айрим нуфузли Ғарб нашрларида АҚШ чиқиб кетганидан сўнг, Афғонистонда чегараоша ҳарбий амалиётларини уюштира олиши учун ўз ҳарбий базаларини очиш ниятида бўлган эҳтимолий давлатлар сифатида ҳам тилга олинган.

Айрим Россия нашрлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакили бундай эҳтимолни назардан соқит этгани ҳақида ҳам ёзишмоқда.

Bloomberg эса куни кеча эълон қилга хабарида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат ҳайъатларининг Вашингтонга ташрифи чоғида томонларнинг "АҚШ уларнинг ҳудудидан разведка, кузатув ва рекогносцировкани олиб боришига имкон берадиган келишувни ҳам муҳокама қилишаётгани"га алоҳида тўхталган.

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ўзининг журналистлар билан сўнгги савол-жавобида мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши масаласини ҳам тилга олгани маълум бўлган.

Хабарларга кўра, Шерзод Асадов, "2012 йилда қабул қилинган концепция ва мудофаа тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас"лигини баён қилган.

Толибон муносабати қандай?

АҚШ ҳукуматининг уч Марказий Осиё давлатига 9 мингга яқин афғон тақдири юзасидан "қилган" мурожаатига оид хабарларга толибларнинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Аммо Толибон ҳаракати яқинда ҳарбий базалар масаласида Афғонистоннинг қўшниларига мурожаат билан чиққан.

Уларни ўз ҳудудларидан Афғонистонга қарши фойдаланилишига изн бермасликка чақирган.

Акс-ҳолда бунинг оқибатлари билан огоҳлантирган.

"Агар, шундай қилишса, бунинг оқибатларига ўша давлатларнинг ўзлари масъул" эканликларини айтганди.

Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлади. Ҳарбий доираларда гуруҳ аъзоларининг сони бир неча ўн мингга нисбат берилади.

Россия ва минтақавий хавфсизлик

Марказий Осиёда армияси энг жанговар экани айтилувчи Ўзбекистон, бошқа томондан, аксарият минтақа давлатларидан фарқли тарзда, Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам кирмайди, унга расман аъзо эмас.

Аммо расмий Вашингтон билан 2020 йил февралида имзоланган келишувга кўра, 9500 га яқин хорижий ҳарбийларнинг буткул чиқиб кетиши эвазига Толибон бошқа жангари гуруҳларнинг Афғонистон тупроғидан туриб, четга ҳужум уюштиришларига изн бермаслиги шарт, деб кўрилади.

Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати бўлади. Толибон ҳаракатининг ўзи билан ҳам бевосита мулоқотда.

Тинчлик жараёнининг Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат тузилишини мақсад қилган якуний - афғонлараро мулоқотлар босқичи ҳануз ўз поёнига етмаган.

Толибон ҳужумларининг янада кучайиб бораётгани манзарасида АҚШ маъмурияти, ҳарбийлари ва НАТО Бош котиби бундан кейин ҳам Афғонистон хавфсизлик кучларини ташлаб қўймасликлари, уларни ҳар томонлама дастаклашларини баён қилган, аммо ҳалича бу хусусда аниқ режалари тафсилотлари кўзга ташланмайди.

Аксарият экспертларнинг бирдек эътироф этишича, жорий йил Афғонистон учун "ҳал қилувчиси" бўлади.

Кузатувчилар эса, Марказий Осиё давлатлари афғон қочқинларини қабул қилишга розилик билдиришса, бу минтақавий хавфсизликни издан чиқариши мумкинлигидан хавотирда.

Уларга кўра, АҚШ бу қочқинларни қайта-қайта текширувдан ўтказиб, мутаассиб эмасликларига кафолат бериши лозим.

Орада Россия Хавфсизлик Кенгашининг котиби ҳам бундай розиликнинг эҳтимолий оқибатларидан огоҳлантириб чиққан.

Аммо Афғонистоннинг ўзига бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятнинг жиддий издан чиқиб бораётгани манзарасида Тожикистон 10 мингтагача афғон қочқинини қабул қилишлари мумкинлигини ҳам айтган.

Айрим минтақавий нашрларда Ўзбекистон Термиз ташқарисида эҳтимолий қочқинлар учун ўнлаб чодирлар тиклаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо улар ҳалича ўзининг расмий тасдиғини топмаган.

АҚШ маъмурияти эса, ўз ҳарбийлари билан бирга ишлаган барча минглаб афғонга виза беришга ваъда қилган, бунга киришганликларини ҳам айтган.

Аммо башоратлар хавотирли: хорижий иттифоқ қўшинларининг буткул чиқиб кетиши Афғонистонда воқеаларнинг даҳшатли тус олиши, олти ойнинг ўзидаёқ афғон ҳукуматининг қулаши ва мамлакатда фуқаролар уруши бошланишига олиб келиши мумкин, деган қўрқувлар бор.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар