Rost.uz сайтида эълон қилинган видеомурожаатга Олий суд муносабат билдирди

13.07.2021 18:57

Сайтимизда “247 минг долларидан ажралган хитойлик инвестор Ўзбекистон судларидан адолат изламоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. 

Хитойлик инвестор видеомурожаат орқали  Ўзбекистонда ҳамкорлари томонидан алданганлиги, баъзи бир ҳужжатлар сохталаштирилганлиги бўйича Ўзбекистон судларидан ёрдам сўраган.

Rost.uz сайтида эълон қилинган ушбу мақола бўйича Олий суд ўз муносабатини билдирди.

Унда шундай дейилади:

Дастлабки тергов органи томонидан Игорь Ли Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми, 168-моддаси 4-қисми “а” банд, 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди, 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди, 228-моддаси 3-қисми билан айбдор, деб топилган. Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 2021 йил 23 мартдаги ҳукмига кўра унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилинган.

Суднинг ҳукмига кўра дастлабки тергов органи томонидан 2014 йил 9 июнда С. Хегай ва Хитой Халқ Республикаси фуқароси Чи Зитян устав жамғармаси 4 000 000 сўм бўлган «Global Bridge» МЧЖни ташкил этган.

2014 йил октябрь ойи бошларида жамият устав жамғармасини ва иштирокчилар сонини ошириш мақсадида Игорь Ли жамият директори лавозимида фаолият юритиб, ХХР фуқароларидан 63 000 АҚШ долларини нақд пул шаклида олган, ўша даврда валюта курси бўйича ушбу сумма 190 000 000 сўмни ташкил қилиб, шундан 95 000 000 сўмни Чи Зитяндан, 95 000 000 сўмни Хе Фужундан олган.

Шундан сўнг 2014 йил 8 октябрь куни Игорь Ли Чи Зитян ва Хе Фужунларнинг Тошкентда йўқлигидан фойдаланиб, алдов йўли билан ХХР фуқароси Фу Юлонг ишончига кириб, «Ипак йўли» банкининг Мирзо Улуғбек филиалига тақдим қилиш зарурияти ва расмиятчилик учун деб, Чи Зитян ва Хе Фужунларнинг даромад манбаи ҳақида аризалари кераклигини айтиб, ундан хитой тилида Чи Зитян ва Хе Фужунларнинг номидан И. Ли ва С. Хегайдан уларнинг ҳар бири 95 000 000 сўмдан қарз олишгани ҳақида ёздириб олиб, сўнг ўзи ёзувлар киритган.

Устав жамғармаси оширилгач, 2014 йил 27 октябрдаги жамиятнинг умумий йиғилиши баённомасига кўра Хе Фужун жамият иштирокчиси таркибига киритилиб, жамият устав жамғармаси 380 000 000 сўмга оширилган. Шундан С. Хегай улуши 190 000 000 сўм (50 фоизни), Чи Зитян улуши 95 000 000 сўм (25 фоизни) ва Хе Фужун улуши 95 000 000 сўм (25 фоиз) ни ташкил қилган.

2015 йил 15 апрель куни Чи Зитян жамиятдаги ўз улушини Хе Фужунга ўтказиб берган ва ўзи жамият иштирокчилари рўйхатидан чиқиб кетган.

2015 йил 14 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 4 июндаги 506-сонли қарори билан «Global Bridge» МЧЖга тиббий буюмлар қадоқлаш цехини қуриш учун Бектемир туманидан 3 гектар ер майдони ажратилган бўлса-да, Игорь Ли 2014 йил 30 октябрда ушбу ер майдонини ажратилишига эришиш мақсадида давлат органларидан ушбу ерни сотиб олиш лозимлиги ҳақида Хе Фужуннинг ишончига кириб, унинг 120 000 АҚШ доллари пулларини олиб ўз шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

2016 йил 15 мартда Тошкент шаҳар хўжалик судининг қарори билан даъвогар С. Хегайнинг жавобгар таъсисчи Хе Фужунни «Global Bridge» МЧЖ иштирокчилари рўйхатидан чиқариш ҳақидаги аризаси жавобгар ёки унинг вакилининг иштирокисиз қаноатлантирилган, устав жамғармасидаги ҳақиқий улушини бериш шарти билан Хе Фужун жамият иштирокчилари рўйхатидан чиқарилган.

Мазкур қарорга асосан 2016 йил 28 апрель куни Бектемир туман ҳокимияти ҳузуридаги «Ягона дарча» орқали «Global Bridge» МЧЖ низоми янги таҳрирда рўйхатдан ўтказилиб, С. Хегай жамиятнинг ягона таъсисчиси бўлган.

2016 йил 6 июнда Олий хўжалик суди кассация инстанцияси томонидан «Global Bridge» МЧЖ иштирокчиси Хе Фужуннинг 2016 йил 15 мартдаги Тошкент шаҳар хўжалик судининг қарорига нисбатан ёзган шикояти кўриб чиқилган.

Ушбу инстанция томонидан суд қарори бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган. Даъвогар С. Хегайнинг даъво талаблари рад қилинган.

Игорь Ли Чи Зитян ва Хе Фужун пуллари ва мол-мулкларини эгаллашни ягона мақсад қилиб, турмуш ўртоғи билан бирга қарзни ва келтирган зарарни Чи Зитян ва Хе Фужундан ундириш ҳақида фуқаролик тартибида даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига мурожаат қилган ҳамда суднинг 2018 йил 15 октябрдаги қарорига кўра, Игорь Ли фойдасига Хе Фужундан 137 679 395 сўм, С. Хегай фойдасига Чи Зитяндан 95 000 000 сўм ундирилишига эришганликда айбланган.

Мазкур ҳукмга нисбатан Бектемир туман прокурори томонидан апелляция протести, жабрланувчининг вакили томонидан эса апелляция шикояти келтирилган бўлиб, Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясига 2021 йил 12 май куни келиб тушган.

Ҳозирда ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида кўриб чиқилмоқда. Навбатдаги суд мажлиси 2021 йил 15 июль кунига тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан ҳамкорлик бошқармаси

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар