Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоцацияси томонидан 9-20 июн кунлари Ёшлар ижод саройида 100 нафар иқтидорли ёшлар учун ўқув-семинарлар ташкил этилди.
Семинар қатнашчиларига халқаро медиа экспертлар, юртимизнинг таниқли журналист ва бошловчилари, мултимедиа воситаларининг мутахассислари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.
Бу ёшлар келгусида ижтимоий тармоқларда сифатли, юқори савиядаги фото, видео ва реклама материаллари контентини яратади, Инстаграмдаги аккаунтлар билан бемалол ишлай олади. Бўлғуси ёш журналистлар ўқиш билан бирга, ҳозирданоқ ўзлари тайёрлаган медиа маҳсулотларини қатор нодавлат-нотижорат телеканалларида намойиш этиш ва моддий рағбатларни қўлга киритиш имконидан ҳам фойдаланишади. Улар орасидан энг иқтидорли, билимли ва тажрибали йигит-қизлар ЎзЭОАВМА томонидан иш билан таъминланишини алоҳида қайд этиш лозим.
Ана шу иқтидорли ёшлар учун кеча “Ёшлар мултимедиа студиялари” лойиҳаси асосида Бўстонлиқ туманидаги ёшлар оромгоҳида “Навқирон журналистлар” медиа-оромгоҳи иш бошлади.
Бу медиа-оромгоҳда ёшлар сўлим табиат қучоғида ҳордиқ чиқариб, амалий ва назарий кўникмаларини ривожлантиришлари,бугунги кунда сайтлар фаолиятини ташкил қилиш ва кенгайтириш юзасидан кўп маълумотлар олишлари мумкин.
Шунингдек, оромгоҳда уларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, адлия вазирлиги, ЎзЭОАВМАнинг малакали мутахассислари, халқаро журналистика вакиллари, таниқли телерадиоканаллар бошловчилари, олимлар соҳага доир ўқув машғулотлари, маҳорат дарслари, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказишади.