У яна 5 миллон АҚШ доллари киритмоқчи эди...
Хитой Халқ Республикаси фуқароси Қи Зи Тиан 2000 йилдан буён Ўзбекистонда инвестор сифатида тадбиркорлик қилиб келади.
Қи Зи Тиан 2014 йил Ўзбекистон фуқароси, тадбиркор Ли Игор Фёдорович таклифига биноан фармацевтика соҳасида 24 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш мақсад қилган эди. Бу ишга хитойлик ҳамкори Ҳе Фу Жунни ҳам жалб этган. У билан биргаликда “Global Bridge” корхонаси ташкил этиб бошланғич босқичда устав капиталига 63 000 АҚШ долларини киритган.
"Ли Игорнинг ташаббусига биноан ишлаб чиқариш заводини қуриш учун ер майдонига 120 000 АҚШ доллари бердик. Бундан ташқари қурилиш моллари ишлаб чиқариш учун 64 000 АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияни ҳам киритдик. Кейинчалик ўзини ҳамкор деб ҳисоблаган Ли Игорнинг асосий мақсади биз билан ҳамкорликда фармацевтика заводини қуриш эмас, балки биз томондан киритилган жами 247 000 доллар миқдоридаги мол-мулк ҳужжатларини сохталаштириш йўли билан қўлга киритиш бўлган экан", – деди хитойлик тадбиркор Қи Зи Тиан.
Ўзбекистонлик тадбиркор "банкка қўйиладиган сармоянинг манбаи сўралади" дея ундан банк учун махсус ариза ёздириб олган.
Ушбу аризанинг таржимаси қуйидагича:
АИКБ “Ипак йўли” банки
Мирзо Улуғбек филиали раҳбарига
Ариза
Ҳе Фу Жун Хитой Халқ Республикаси фуқароси, (паспорт серия рақами: Э10770127.) 2014 йил 10 октябрь куни сизнинг банкингизга нақд пул шаклида 95 036 000 сўмни “Global Bridge” МЧЖ корхонаси рўйхатдан ўтиш капитали сифатида қўйдим. Ушбу маблағ қарзга олинган.
Ли И.Ф Тошкент Нукус кўчаси 86/1 41 хонадон.
Ҳе Фу Жун
08.10.2014
Ўзбекистон фуқароси эса Хитой алифбосида ёзилган тайёр аризанинг тагига қўшимча равишда кирил алифбосида ўзининг исмини ва манзилини киритиб қўйган.
Худди шундай Ҳе Фу Жун ҳамкори Қи Зи Тиан номидан ёзилган (95 миллион сўм киритилган) аризанинг тагига Ўзбекистон фуқароси хотини Хегай Светлана исми-шарифини ва манзилини қўшимча равишда киритиб қўйган.
Яна бир факт шуки, 2014 йил 10 октябрь куни банкка топширилган 47 432 000 сўм Ҳе Фу Жун номидан кирим қилинган.
"Аслида бу маблағлар билан чегараланмасдан заводни қуриш ва ишга тушириш учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш мақсадимиз бор эди", – деди хитойлик тадбиркор Қи Зи Тиан.
АММО
Хорижий тадбиркорлар Ли Игорнинг бундай мақсади маълум бўлгандан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишган. Аммо шу вақтгача ҳеч қандай натижага эриша олмаган.
2017 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида Хитой тадбиркорлари билан учрашув ўтказган эди. Тадбирда Ҳе Фу Жунни ушбу инвестиция бўйича ҳамкори ҳам иштирок этиб баъзи ҳолларда Ўзбекистонда Хитой тадбиркорларининг ҳуқуқлари чекланаётганини маълум қилган. Шундан сўнг мазкур муаммо Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан назоратга олиниб, тергов органи томонидан Ли Игорга Хитой тадбиркорларининг мол-мулки сохта ҳужжат орқали ўзлаштирганлиги бўйича даъво судга оширилди. Лекин, афсуски суд Ли Игорни оқлаш ҳақида қарор қабул қилган.
– Суд қарорига кўра, бизни пул маблағларимиз мавжуд эмас эмиш. Биз томондан киритилган инвестицияни гўёки биз Ли Игордан қарз олиш эвазига киритганмиз. Ваҳоланки биз бу лойиҳадан ташқари «Шенг Танг Индустриал» МЧЖ корхонасига 1 148 000 АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритганмиз ва бундан ташқари “Feiyuangear pumping equipment” корхонасига 75 200 АҚШ доллари миқдорида сармоя тикдик, – деди Қи Зи Тиан. – Лекин Ўзбекистон суди буларни эътиборга олмади. Ҳукм устидан киритилган шикоятни кўраётган Тошкент шаҳар суди бу ҳолатга ойдинлик киритиш учун бизни сўроқ қилишларини сўраганимизда ҳам рад жавобини берди. Ҳаттоки жиноий ишда жабрланувчи деб топилган ҳамкорим Ҳе Фу Жунни жабрланувчи сифатида сўроқ қилишни лозим топмади. Бундай чеклов ҳақиқат юзага чиқишида бизда ишончсизлик пайдо қилди.