Эслатма: Ҳар қандай сўровнома аниқ даражани белгиламаса-да, берилган жавоблар ва фикр-мулоҳазалар асосида умумий тасаввурни шакллантириш мумкин.
Rost24.uz ахборот сайти 27 июнь – матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан “Ўзбек журналистикаси ривожига таъсир ўтказаётган лидер деб кимни эътироф этасиз?” номи остида ижтимоий сўровнома ўтказди.
Унда журналистика соҳасида бевосита таъсир кучига эга бўлган қуйидаги раҳбар-лидерлар номи эътироф этилди.
1. Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси кенгаши раиси, Кинематография агентлигининг бош директори Фирдавс Абдухолиқов;
2. Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров;
3. Халқаро Пресс клуб раҳбари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев;
4. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Aлламжонов.
Холис мухлислар эътиборига ҳавола этилган ушбу сўровноманинг натижасига кўра, Фирдавс Абдухолиқов энг юқори натижани қўлга киритди. Маълумки, ЭОАВМА кенгаши раиси Ўзбекистонда ҳукумат ўзгариш жараёнида бироз саҳна ортига ўтган эди. Сўровномада Ф.Абдухолиқов ўзидан кейинги таъқибчисидан ҳам икки баробар кўп овоз тўплагани ҳамда унга нисбатан билдирилган муносабатлар ўзбек медиа оламида бугун яна ўз мавқени қайта тиклаётганидан дарак бермоқда.
Комил Алламжонов камида иккинчи ўринни эгаллаши кутилган эди. Аммо Шерзод Қудратхўжаев ундан икки баробар кўп овоз ва изоҳлар билан бу ўринни банд этиб қўйди. Бу эса кутилмаган ва таажжубли натижа бўлди. Кўп эмас, бир, икки йил олдин К.Алламжонов ОАВ соҳасида анчагина таъсир кучига эга эди. Айни дамда эса негадир саҳна ортига қараб кетмоқда. Сабабларини эса ҳар ким турлича талқин қилиши мумкин.
Энг сўнгги ўринни банд этган Олимжон Ўсаров натижаси олдиндан кутилган эди. Ҳатто кўпчилик ҳамкасблар томонидан ҳам башорат қилинган. Сабаби ҳам аниқ. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раислигига келганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган О.Ўсаров бу соҳа учун ҳали бирор иш қилиб улгурмаган эди. Аммо тан олиб айтиш жоизки, қисқа муддатда соҳа ривожи учун ҳаракатлар бошлаб юборгани сезилмоқда. Унинг журналистларни қўллаб-қувватлаш ишларини амалда бажараётгани ижтимоий тармоқлар орқали кўпчиликка аён бўлиб улгурди.
Rost24.uz рейтингларни давом эттиради, кузатишда давом этинг.