Хитой Филиппин ва Осиёда «юмшоқ куч»ини ошириш учун ОАВни ишга солмоқда

27.06.2021 14:34

Хитой Филиппиндаги поп-маданият ва оммавий ахборот воситалари орқали ўз манфаатларини тарғиб қилишда фойдаланмоқда.

Хитой президенти Си Цзиньпин Филиппин президенти Родриго Дутертенинг Пекинга мойиллик позициясидан фойдаланиб, Жанубий Хитой денгизида ўз даъволарини тарғиб қилиш ва каттагина иқтисодий фойда олишга ҳаракат қилмоқда. 

Хитой Филиппиннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, ўртадаги экспорт ва импорт анча ривожланган. 

Масалан, 2019 йилда Филиппин ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 50 миллиард долларга етган. 2014 йилдан 2019 йилгача икки томонлама савдо ҳажми йилига ўртача 17 фоизга ўсган. Ушбу кўрсаткичлар Филиппиннинг Хитой учун фаол бизнес шериги ва савдо бозори сифатидаги ролини очиб беради.

Си Цзиньпин Хитой тили, таълим алмашинуви ва поп-маданият иконаларини тарғиб қилиш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда. Бу дипломатик ва иқтисодий афзалликларга эга бўлишга умид қиладиган юмшоқ кучнинг барча самарали ва манфаатли воситаларидир.

2019 йилда ўтказилган Pew Research Center тадқиқотларига кўра, Хитойнинг жамоатчилик фикри Европа ёки Шимолий Америкага қараганда Жануби-Шарқий Осиёда, айниқса Филиппинда ижобийроқ бўлган. 2019 йилда филиппинликларнинг 42 фоизи Хитойга нисбатан яхши қарашларга эга эди. АҚШда атиги 26 фоиз, Германияда 34 фоиз. Филиппинликларнинг 58 фоизи ишонч билдирганлиги Си Цзиньпин шахсан Филиппинда яхши ҳурматга эгалигидан далолат. Худди шу фикрда бўлган руслар 59 фоиздан пастроқни ташкил этади.

Пекин оммавий ахборот воситалари таъсирининг ўсиши ва Хитой поп маданиятининг Филиппинга тарқалишини унинг юмшоқ кучини мустаҳкамлаш ва Хитойнинг Филиппин жамоатчилик қарашларини янада яхшилаш воситаси сифатида талқин қилинмоқда.

Хитой ҳукумати Голливуд АҚШнинг турмуш тарзи ва сиёсий муносабатларини халқаро қадрият сифатида самарали равишда тарғиб қилади деб ҳисоблайди. Худди шу муваффақиятни қўлга киритишга интилаётган Пекин, Филиппин ва Осиёда Голливудга ўз альтернативини ишлаб чиқишга интилмоқда.

Масалан, Хитой Филиппиннинг давлат телевидение тармоғида «Хитой Театр ТВ»ни ишга туширди. Шунингдек, хитойча кўнгилочар шоулар АБС-CБН ва Глобал Медиа Артс Филиппиннинг иккита энг йирик хусусий эшиттириш тармоқларида намойиш этилади. Телевизион дастурлардан ташқари Филиппинда хитой фильмлари ҳам тобора оммалашиб бормоқда.

Хитойнинг Филиппиндаги поп маданияти маҳсулотлари жадал оммалашаётгани – бу Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида Хитой юмшоқ кучини ошириш учун сиёсий аҳамиятга эга эканлигидан далолат. Шунингдек, ташвишли ҳамдир. 

Филиппин жамоатчилигини Хитой маданияти ва турмуш тарзига жалб қилаётган Пекин Хитой хайрихоҳ давлат эканлигига ва Хитой-Филиппин муносабатлари узоқ муддатли истиқболда Филиппин иқтисодиёти учун фойдали эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.

Филиппинлик танқидчилар Филиппин ҳукуматини Филиппин радиоэшиттириш каналларида хитойпараст радио эшиттиришларни эфирга узатгани учун танқид қилиб келишади. Хитой халқаро радиоси ва Филиппиннинг Телерадиоэшиттириш хизмати ҳамкорлиги орқали ишлаб чиқарилган «Вау Хитой» радио дастури 2018 йил ўрталаридан бери маҳаллий Радио Пилипинас радиостанциясида эфирга узатилмоқда. 

Хитой ушбу медиа платформалардан ўзининг Филиппиндаги халқаро имижини яхшилаш учун фойдаланиб келади.

Ушбу медиа макон Филиппин кенг жамоатчилигига ўзининг манфаатли тасвирларини тақдим этадиган, ҳатто Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида Пекинга нисбатан танқидий овозларни минималлаштирадиган қудратли воситадир. 
 

Жасон Ҳунг, журналист

The Diplomat журналидан Сардор Поёнов таржимаси

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар