90-йиллар бошида Америкада вояга етган йигитларни ҳарбий хизматга саралашда бир муаммога дуч келишган. Йигитларда юмшоқ-мулойимлик, ноз-карашма каби қизларга хос одатлар тобора кўпайиб бораверган. Ҳарбийлар бу ҳолатдан юқорини огоҳлантиришгач идеологлар дарҳол чора излашга тушган.
Бу муаммога самарали чора сифатида Америкада мудофаа вазирлиги ташаббуси ва ҳомийлигида жангари фильмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Натижада қизиқиб томоша қилинадиган Арнольд Шварцнегр, Сильвестр Сталлоне ижросидаги фильмлар пайдо бўлди.
Айтмоқчи бўлганим, бизнинг жамият бундай тарғиботларга ҳозирча муҳтож эмас. Аммо керак эмас ҳам деб айтиб бўлмайди. Чунки яқиндагина бўй кўрсатган ЛГБТ тарафдорлари идеологларимизни бироз ҳушёр торттириб қўйди.
Бизнинг қонимизда азалдан мардлик ва жасурлик хислатлари бор. Ота-боболаримизнинг тарихдаги жасоратлари бунга яққол мисол бўла олади.
Айни дамда ҳам ўзбек ўғлонлари яккакурашларда ўз ўрнига эга. Бу сўзимга мисоллар келтиришмиз шарт эмас. Жамоавий ўйинларда охирги ўринларда эканлигимизни ҳам инкор этмаган ҳолда якка баҳсларда дунёнинг манаман деган спортчилари Ўзбекистон спортчилари билан ҳисоблашишга мажбур эканлигини эътироф эта оламиз.
Рингларда муносиб жанг қила оладиган иқтидорли ўғлонларимиз кўп. Қайтмаслик, шижоат, ғужур каби йигитга хос хислатларга эга ўғлонлар бисёр. Фақат уларни рингга йўналтира олишимиз зарур эди.
Билаги кучга тўла навқирон йигитларимиз ринг марказига етиб боргунларича кўп қийинчилик ва тўсиқларга дуч келишаётгани ҳам сир эмас. Улар иқтидорларини намойиш этиш учун хориждаги промоушн компаниялар олдига боришга мажбур эди. улар эса арзимаган пул эвазига шартномалар имзолатишган. Йигитларимиз орасида бир сўм ҳам ололмасдан алданиб қолганлари ҳам йўқ эмас.
Энди эса бу муаммо бартараф этилди. Дунёга машҳур промоушн компанияларининг ўзлари Ўзбекистонга келишмоқда. Улар айнан бизнинг юртимизда қайтмас спортчиларни саралаш учун промоутрлик компаниялар очишни бошлади.
Berkeley Square Project Management ва Urban Hayot 7SABER компанияси ҳамкорликда Ўзбекистонда ММА-промоушн очмоқда. Тақдимот маросимида эса Ўзбекистонда U-1 Championship ҳамда 7 Fighting Series жамоа турнирларини ҳам ўтказилиши айтиб ўтилди.
U-1 Championship олий ва биринчи лигадан иборат бўлиб, унинг асосий мақсади ўнлаб турнирлар ташкил қилиш орқали энг яхши маҳаллий жангчиларни аниқлаш ва улар учун жаҳоннинг етакчи промоушенларига йўл очиб бериш ҳисобланади. 7 Fighting Series турнири эса ММА бўйича энг кучли клубларни саралаб беради. 7 Fighting Series таркибига яқин вақтда 20 та жамоа кириши кутилмоқда.
“Булар 7SABER компаниясининг дастлабки оммавий ташаббусларидир. Биз яккакурашлар билан чекланиб қолмаймиз, ёшлар орасида бу спорт тури оммавийлигини кўриб, ишни шундан бошладик. Шу қаторда брендимиз кўплаб бошқа спорт турларини ҳам қамраб олиши назарда тутилмоқда”, – деди Berkeley Square Project Management корпорацияси раҳбари Росс Коннон.