Беҳзод Мусаевга савол: касалликнинг авж олишида ҳукумат ўз айбини сезаяптими?

26.06.2021 17:05

Бош вазир ўринбосари бир ой муқаддам ўтказилаётган фестиваллар очиқ ҳавода бўлгандан сўнг бундай касалликни бир бирига ўтишининг олди олинган бўлади, деб жавоб қайтарган эди.

Хўш, қани олди олиндими?

Куни кеча Тошкент шаҳри “қизил” тоифадаги ҳудуд деб белгиланди. Касалланишлар сони антирекордни қайд этди. Ўлим сони ортди. Бир кеча-кундузда 476 тадан зиёд кишида коронавирус қайд этилиб, жами беморлар сони 108104 тани ташкил қилди. Бу антирекорд даражалар қайд этилгани туфайли Тошкент шаҳрига кириш чиқиш учун чекловлар ҳам ўрнатилди. 28 июндан кучга кирадиган бу чекловларнинг бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Aгар ҳукумат бунга эътибор билан қараганда.

Тўғри, бу даражадаги ҳолатга келишига аҳолининг ҳам қайсидир маънода айби бордир, аммо карантин шароитида ҳам турли байрамларни ташкил қилган, юз минглаб ёшларни тўплаб фестиваллар ўтказган ҳукуматнинг айби йўқ эмас.

Мантиқан уйлаб кўриш қийин эмас: юз минглаб одам йиғилган жойда масофа сақлаб бўладими? Йўқ албатта, бунга имконият ҳам бўлмайди… 

Бундан роппа роса 30 кун олдин юз минглаб ёшларни бир жойга йиғиб, катта тадбирни бош бўлиб ўтказган бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевни Rost24.uz сайти мухбири айнан ана шу хавотирли ҳолатнинг юз бериши ҳақида, карантин шароитида минглаб ёшларни бир жойга йиғиш хатарли эмасми, деб саволга тутган эди.

Беҳзод Мусаев:
"Aвваламбор, коронавирус кўрсаткичлари Ўзбекистон бўйича жуда тинч ва сокин ҳолатда. Иккинчи томонда, ёшлар йиғилгандан кейин ёшлар орасида тарқалмаслик учун санитария-эпидемологик хизматларини бу ерда ҳам ҳамма жойга қўйганмиз. Қўлини доимий равишда чайиб туради, маскасини тақиш бўйича назорат ўрнатилади. Бундай жипслашишлар очиқ ҳавода бўлгандан сўнг бундай касалликнинг бир бирига ўтишининг олди олинган бўлади”.

Хўп, бир ой олдинги тадбирларда вирус кам бўлгандир, лекин бугун-чи? 
Бугун республикамиз бўйлаб қандай вазият ҳукм сурмоқда? Бу вазиятга келиб қолишимизда ўйланмасдан қилинган ишлар ҳам сабаб эмасми?
Агар вақтида олди олиниб, раҳбарият ҳам ўйлаб иш юритганда балки бугунгидек вазиятга тушиб қолмас эдикми? 
Ҳукумат вакиллари балки бу саволларга ҳам жавоб топиб қўйгандир.

Ҳа, яна бир гап: “Tashkent city”да шу кеча кундузда ҳам байрамлар давом этмоқда. Ва яна бир гап: Яқинда Ботаника боғида яна битта катта фестивал бўлиб ўтади.

Ирода Фархадова

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар