ТАҲЛИЛ: Уч йил ичида ОТМ ва талабалар сони икки баробарга ошган. Аммо талабалар турар жойларичи?

22.06.2021 19:39

Мустақиллигимиз бошларида республика бўйича 61 та олий таълим муассасаси ташкил қилинган бўлса, айни кунда 131 тани ташкил этмоқда.

Шундан университетлар 28 та, институтлар 37 та, академиялар 3 та, филиаллар 26 та, консерватория 1 та, хориж ОТМларининг филиаллари 22 та, нодавлат олий таълим муассасалари 9 тани ташкил қилди ва уларда 515 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сонининг ўсиши

Ҳар икки жадвалдан кўриниб турибдики, асосий ўсиш 2017 – 2018-ўқув йилидан бошланган.

Шунингдек Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, сиртқи ва кечки таълим йўналишлари қайта йўлга қўйилиб, уларга 2020 – 2021-ўқув йилида кундузги таълим йўналишига (103 575 нафар талаба) қўшимча 36 375 нафар талаба қабул қилиниши белгилаб олинди.

Олий таълим муассасалари ва талабалар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилинди. Аммо бу талабаларни турар жойлари билан таъминлашга шу вақтгача эътибор қилинмаган эди.

Республикада илк бор ташкил этилган олий таълим муассасаси ҳисобланмиш Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида айни вақтда умумий талабалар сони 29,769 нафарни ташкил қилади. Бироқ, уларнинг бор-йўғи 12,2 фоизи талабалар турар жойи билан таъминланган, холос.

4703 нафар талаба таҳсил олаётган Тошкент давлат юридик университетида эса талабалар турар жойининг 2 та биноси мавжуд бўлиб, уларда 503 нафар талаба яшаши учун зарур шароитлар яратилган. Ва айни пайтда ТТЖда 496 нафар талаба (163 нафари қизлар, 2 нафар хорижий талаба) истиқомат қилмоқда, яъни, таъминланиш даражаси 10,6 фоиз.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида 2700 нафарга яқин талаба таҳсил олса, уларнинг 8 фоизи – 220 нафари ТТЖ билан таъминланган, холос.

Қарши давлат университетида жами талабалар сони 16578 нафар, 2012 йилдан бошлаб 1084 нафар талаба (унгача 994 нафар эди) ТТЖ билан таъминланган.

Самарқанд давлат университетида ўқиётган талабалар сони 16 294 нафарни ташкил этади. Шундан университет талабаларининг 8%и, яъни 1470 нафар талаба турар жой билан таъминланган. “Zarafshon online” газетаси маълумотига кўра, 7200 нафар талаба ижара уйда туради.

Қорақалпоғистон Республикаси пойтахтида Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг битта талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, у 275 ўринга мўлжалланган ва талабалар турар жойида 215 нафар талаба-қиз яшамоқда.

Республикада фаолият олиб бораётган хорижий ОТМларда ҳам ушбу кўрсаткич унчалик юқори эмас:

Жадвалда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (3803 нафар талабадан – 180 нафар), Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (1000 нафар талабадан – 460 нафар), Тошкент шаҳридаги Кореянинг Инҳа университети (1500 нафар талабадан – 200 нафар, (2021-йил, 2-мартдаги пост)), Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти (740 нафар талабадан – 180 нафар) ва ниҳоят янги ташкил қилинган Aжоу университети (450 нафар талабадан – 196 нафар) томонидан талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиш даражаси келтирилган. Кўриниб турибдики, худди маҳаллий ОТМлар каби хорижий таълим муассасалари ҳам талабаларни турар жой билан таъминлашда 50 %дан кам кўрсаткичга эга.

Юқорида келтирилган рақамлар жуда паст кўрсаткичлар бўлиб, ҳар бир ўқув йили бошида талабаларнинг турар жой муаммосига дуч келиб, бир қанча вақт сарсон бўлишини билдиради. Бундан ташқари, талаба ва ОТМ ўртасида ТТЖда туриш бўйича шартнома ҳар бир ўқув йили учун алоҳида тузилиб, ўқув йили ниҳоясига етиши билан ҳужжат ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Талаба янги ўқув йили бошида яна ҳужжатлар тайёрлаши ва шартномани янгилаш учун вақт сарфлаши зарур. ТТЖларда жойлар камлиги боис, нафақат узоқдан келиб ўқийдиган магистрантларга, балки 3 ва 4-босқич талабаларига ҳам ётоқхона берилмаслиги ҳолатлари республика бўйлаб кўп учрайди. ОТМлар, энг аввало, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, “темир дафтар”да рўйхатда турувчилар турар жой билан таъминланишини биринчи ўринга қўяди.

Ижтимоий тажриба: талабалар қаерда ва қандай шароитда яшамоқда?

Тасодифий 81 кишидан иборат жамоа фикри

Одатда, жамият ҳаётига доир бирор масала ўрганилаётганда, турли фикрларни билишга доир ижтимоий сўровнома, интервьюлар ташкил қилинади. Уларнинг натижалари, гарчи, муаммони аниқ очиб беролмаса ҳам мавжуд вазият ҳақида қисман тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Худди шундай кичик ижтимоий тажриба сўровнома тарзида ўтказилди. Унда жами 14дан 30 ёшгача бўлган 81 киши (85 фоизи талабалар) иштирок этди. Уларнинг 87,7 фоизи талабанинг турар жойидаги шарт-шароит таълим сифатига таъсир қилади, деган фикрни билдирган. Сўровномада қатнашган талабаларнинг 7 нафари (8.6 фоизи) ОТМ томонидан берилган ТТЖда, 63 фоизи ижарада туришини, қарийб 20 фоизи ўз уйида яшашини айтган.

Нодирабегим Назарқулова

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар