Хайр Абрамов, салом бошқаси...

19.06.2021 16:53

Футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида Саудия Арабистонидан учралган 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов истефога чиқарилди.

Бугун ЎФАнинг навбатдан ташқари конгресси ўтмоқда. Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов иштирок этяпти.

Абдусалом Азизов: 

"Шу кунларда миллий жамоамизнинг мағлубияти мухлисларни жуда ҳам ранжитди. Ушбу мавзу юзасидан ЎФАда бугунги йиғилишдан кейин мураббийлар ҳисобот беришади ва миллий жамоа фаолиятига баҳо берамиз. Албатта, бу мағлубият сабаблари бир кунда юзага келмаган, бу чуқур ўрганилади. Болалар футболидан тортиб барча футбол тизимимизни қайта кўриб чиқишимиз лозимлигини тўлиқ тушуниб етдик ва буни тан олишимиз керак. Футболда ишлаётган барча ўз ишига бўлган ёндашувни ўзгартириши керак. Орқага йўл йўқ. Футболимизни янги босқичга олиб чиқиш учун қандай чоралар кўришимиз кераклигини гаплашиб оламиз».

Вакилларимиз ЖЧ-2022 саралаш босқичи, Осиё минтақасининг иккинчи раунд D гуруҳида саккиз ўйиннинг бештасида ғалаба қозонишиб, уч ўйинда мағлуб бўлишди ва 15 очко билан ўз гуруҳларида 2-ўринни эгаллади. Саралашнинг охирги учта ўйини Саудия Арабистонида марказлашган ҳолда ўтказилди ва илк икки учрашувда Вадим Карленович шогирдлари Сингапур (5:0) ҳамда Яман (1:0) терма жамоаларини таслим этганди. Бироқ мезбонларга қарши ўтган сўнгги ўйинда ўз дарвозамиздан учта гол ўтказиб юбордик ва яна Мундиалга чиқиш имкониятимизни йўқотдик (бу биринчи марта эмас).
Эслатиб ўтамиз, Абрамов 2019 йилда Эктор Купернинг ўрнига Ўзбекистон термаси бош мураббийи этиб тайинланганди. У 2010-2012 йиллар давомида ҳам миллий жамоамизни бошқарган ва Осиё Кубогида ярим финалгача боришга муваффақ бўлган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Абрамовнинг термадаги ўрнини “Олимпик” ҳамда Олимпия терма жамоаси устози Тимур Кападзе ёки хорижлик мутахассис эгаллаши кутилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар