Аслида ўзимиздан чиққан, бугунда ўзимизники бўлмаганлар
Rost24.uz ҳозирда Туркия байроғи остида маҳоратини намойиш этаётган асли ўзбекистонлик икки спортчи ҳаёт йўли ва карьерасига назар ташлайди.
Халқаро майдонларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган, қилаётган асли бошқа мамлакатлик спортчимиз кам эмас. Улар табиийки, Ўзбекистон фуқаролари бўлган.
Лекин Ўзбекистонда туғилиб, тақдир тақозоси билан бошқа мамлакат фуқаросига айланган ва иккинчи ватанда юлдуз даражасига етган спортчилар ҳақида эшитганмисиз?
ЭРСАНМИ, АРСЕНМИ? ТУРКИЯЛИКМИ ЁКИ ЎЗБЕКИСТОНЛИК?
Расман қайд этилишича, унинг исм-шарифи Эрсан Ильясова (Ersan Ilyasova). Яна ҳужжатларда ёзилишича, у Туркиянинг Эскишаҳрида 1987 йилнинг 15 майида туғилган. Эрсан миллати қрим татарга мансуб бўлган турк профессонал баскетболчиси ва сўнгги вақтларда у “Юта Жаз” МБА клуби таркибида ўйнаяпти. Спортчи форвард позициясида фаолият юритади. У 2005 йилдан буён Миллий Баскетбол Ассоциясида ўйнаб келмоқда. Шу фурсат мобайнида баскетболчи дунёнинг энг зўр лигасининг етти жамоасида ўйнашга муваффақ бўлди.
ҲАВАС ҚИЛИШГА АРЗИЙДИМИ, АРЗИЙДИ
Юқорида унинг исм-шарифи борасида “расман” деган ибора ишлатилди. Ўзбекистон баскетбол федерацияси тасдиқлашича, Арсен Ильясов (унинг ҳақиқий исми айнан шундай деб таъкидланади) Бухорода таваллуд топган. Дарвоқе, Эрсаннинг туғилган санаси деб кўрсатилгандан уч йил аввал туғилган. Арсеннинг баскетболдаги илк иқтидори Ўзбекистонда намоён бўлган. Навқирон баскетболчи 2002 йил августида ёшлар жамоаси билан Туркияга келган ва жамоа таассуруфидан ном нишонсиз йўқолган.
2003 йилда Коняда бўлиб ўтган баскетбол бўйича ёшлар ўртасидаги Туркия чемпионатдан сўнг Ильясованинг ёши ва келиб чиқиши борасида баҳс-мунозаралар авжига чиқди. Мунозарада Ўзбекистон томонидан 1984 йилда Бухорода туғилган Арсен Ильясов 2002 йил 7 август куни (18 ёшида) Туркияга бориб, сўнг дараксиз йўқолгани айтилади.
Туркия тарафидан туркиялик Семсеттин Булут деган киши ўғлининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани йўқотгани боис, боланинг 15 ёшида (2002 йил 19 сентябрида) қайта гувоҳнома олганлиги ва йигитча исм шарифи Эрсан Ильясова эканлиги ҳақидаги важ келтирилади.
Буни қарангки, йигитча маҳоратли баскетболчи бўлиб етишди. Шундан кейин Ўзбекистон Баскетбол федерацияси туркиялик ўйинчи Ильясова аслида ўзбекистонлик Ильясов эканлиги даъвоси билан ФИБАга расман баёнот киритди. Аммо Халқаро баскетбол федерацияси Туркия фойдасига қарор чиқарди.
Эътиборлиси, Эрсан Ильясова, кўплаб қрим татар халқлари вакиллари каби Қримга кўчиб ўтган ва бугунда Симферополда яшаётган ҳақиқий ота онаси Анвар ва Иракли Ильясовлар билан мустаҳкам алоқада экани тасдиқланган.
ТУРК РЕКОРДИНИ ЯНГИЛАГАН САМАРҚАНД ЎҒЛОНИ
Туркия тенниси тарихида биринчи бўлиб ATP рейтингида кучли юзталикка кирган, халқаро Челленжер турнирида ғолиб бўлган илк турк теннисчиси сифатида кўриладиган Марсель Қаххорович Хамдамов 1987 йил кўҳна Самарқандда туғулган. Қадимий кўчаларда ўйнаб катта бўлган. У илк бор Самарқанд шаҳридаги теннис тўгарагига келганида олти ёшда эди. Бўлажак юлдуз отасидан эрта айрилади. Шу боис онаси Мадия 2004 йилда ўғли билан Туркияга кўчиб кетади.
Марсель эса машғулотларини «Takspor Tennis Club of İstanbul” мажмуасида давом эттиради. 2006 йилга келиб Марсель ўзига Ильхан фамилиясини олади ва Туркия терма жамоаси сафида ўйнашни бошлайди. 2007 йилда теннисчи кўплаб фючерс туркумидаги мусобақаларда ғолиб бўлди.
Ильхан 2008 йил Исроилда ташкиллаштирилган Челенжер турнирининг финалида словакиялик Иво Клекни икки сет натижасига кўра мағлуб этиб, бундай мусобақада шоҳсупага кўтарилган биринчи туркияликка айланди. 2011 йилда эркаклар ўртасидаги халқаро теннис рейтингида 87-ўрингача кўтарилди. Бундай натижа ҳам турк теннисида рекорд ҳисобланади.
Фаолиятини Туркия номидан давом эттираётган асли ўзбекистонлик теннисчи турк, инглиз ва рус тилларида эркин сўзлаша олади. У профессионал карьераси давомида 700 минг АҚШ долларидан кўпроқ маблағ топган.
Минг афсуски, баъзи бир ривожланмаётган спорт турларимизда мана шундай ноёб иқтидорларни бой бераяпмиз.
Ориф БАХРИЕВ тайёрлади