Машҳур футболчилар тўп сурган стадионга боришни ва у ерда суратга тушиб келишни дунёнинг у чеккасида турувчи инсон ҳам орзу қилади. Aйнан шу нарса стадионларга саёҳат қилиш хизматини йўлга қўйишга ундайди.
Хўш, бу масала бизда қандай? Стадионларимизда бундай хизмат йўлга қўйилганми?
Шу саволларга жавоб олиш мақсадида пойтахтимизда жойлашган иккита стадион ва марказий аренага бориб мутасаддилардан жавоб олдик.
Пойтахтимиздаги «Бунёдкор» стадионига футбол ўйинлари бўлмаган вазиятда ҳам Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаро, турли мамлакатдан ташриф буюрган сайёҳ ҳамда пойтахт меҳмонлари томоша учун бориши мумкин.
Томоша учун келганлар, у ердаги «Ўзбекистон футбол тарихи» музейи ва стадион ичига кириб саёҳат қилиши, ўрганиши, суратга тушиши ва ҳордиқ олиши мумкин. Бунинг учун ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Фақатгина, кириш учун белгиланган тўлов суммаси мавжуд бўлиб, бу 22 минг сўм (ўқувчи, талаба ва пенсионерлар учун 11 минг сўм) этиб белгиланган.
Стадион маъмурияти саёҳат учун қатъий белгиланган график йўқлигини, «Бунёдкор» эшиклари экскурсиячилар учун ҳафтанинг исталган кунида очиқлигини таъкидлади. Бир вақтнинг ўзида 34 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган стадионни кўп бор трибунадан туриб томоша қилгандирсиз, лекин бу ишни бевосита ичкаридан ёки майдон бўйлаб амалга ошириш янада қизиқроқ бўлиши шубҳасиз.
Пахтакорга кириш учун алоҳида рухсат олиш керак...
65 йиллик тарихга эга «Пахтакор» стадионида ҳам худди шу вазият бўйича изланиш олиб бордик. Стадионга кириш бўйича графикли тўлов жорий қилинмаганлиги туфайли, стадион хавфсизлиги учун масъул ходимлар бизга «Футбол баҳсларидан ташқари вақтларда кириш мумкин эмас», дея жавоб беришди.
Стадионнинг кириш эшиги олдида бироз ушланиб қолгач, бевосита стадион маъмурият билан гаплашишга қарор қилдик. Қарангки, улардан «Кириш имконияти бор, албатта фақат маъмурият билан гаплашиб рухсат олиш керак», деган жавоб олдик. «Пахтакор» стадиони ҳам футболдан ташқари ҳолатларда одамларни бемалол стадион экскурсияси учун ўйингоҳга кириш учун шароит ва қулайлик яратиб берса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки бу нафақат томошага келганлар учун балки, стадион маркетингини ошириш учун ҳам хизмат қилиши тайин.
Зеро, ўша машҳур «Онамдан қолган тошойна қани?» жумласини билмаган одам йўқки, «Пахтакор»ни билмаса, Геннадий Красницкий, Биродар Aбдураимов, Миржалол Қосимов каби афсоналар тўп тепган стадионни келиб кўрмаса, бир даврлардаги каби ишқибозлик туйғусини ҳис этмаса...
2019 йил очилган «Ҳумо Арена» муз саройи ўзига 12 минг кишини сиғдира олади. Бу ерда қишки спорт турлари (хоккей, шорт-трек, фигурали учиш ва кёрлинг) бўйича мусобақалар ўтказиш, кўргазмалар ҳамда форумлар ташкил этилади.
Ҳумо Аренада “Ҳумо” хоккей жамоаси 2019-2020 йилги мавсум Олий хоккей лигаси (ВҲЛ) ўйинларини ўтказган. Арена раҳбарияти маълумотига кўра, бу йил ёз кунларида оилавий ташриф буюрганлар учун «Оммавий учиш» машғулотлари бошланар экан. Ҳумо Aренага бир кунлик саёҳат ташкил қилиш имкони график асосида мавжуд.
Бизда ҳам футбол ва тадбирлардан ташқари стадионларга кириш имконияти йўлга қўйилганлиги қувонарли албатта. Лекин бу нимага очиқ тарғиб қилинмаяпти? Яъни стадионга ўйиндан ташқари кунларда ҳам келиб саёҳат уюштириш мумкинлиги реклама қилинмаган, стадион ва арена сайтлари орқали графиклари чиқариб қўйилмаган.
Нега ижтимоий тармоқ ва телеканаллар орқали мана шундай имконият борлиги эълон қилинмайди?
* * *
Масалан, «Барcелона»нинг «Камп Ноу» стадионига саёҳатлар 24,5 еврони ташкил қилиб, яшил майдонга чиқиш, кийим алмаштириш хоналари, футболчилар ўтирадиган ўриндиқлар, катта матбуот зали, кичик черков ва албатта клуб музейи ташрифни ўз ичига олади.
Мадриднинг «Реал» клуби стадионида ҳам махсус экскурсия графиги мавжуд. Кириш нархи 25 еврони ташкил этади.
Aнглиянинг энг салобатли ўйингоҳларидан бири «Манчестер Юнайтед» жамоаси тўп тепадиган «Олд-траффорд» стадионида экскурсия нархлари катталар учун 18 фунт стерлинг, болалар учун 12 фунт стерлинг, 4 кишилик оила учун 54 фунт стерлинг.
«Бавария»нинг “Aллианз Aрена» ўйингоҳида ҳам экскурсиялар ташкил қилиш мумкин. Саёҳат чипталари бир киши учун 19 евро туради. Экскурсиялар ҳар куни мавжуд.
Европа мамлакатлари стадион экскурсиядан шунча даромад топаётган бир вақтда, бизда одамлар ҳатто футболдан ташқари стадионларга кириш имкони борлигини билмаса, одамни таажжубга солади.
Ирода Фарҳодова, журналист