Кўча тозалаётган аёллар Олий Мажлис депутатларининг таклифидан умид қилмоқда

15.06.2021 19:39

Кунига 9 соатлаб ишлаётган ободонлаштириш ходимларининг на тушлик қилишга жойлари бор, на кийим алмаштиириш ва бошқа эҳтиёж учун маконлари бор. 

Ходимлар аксарият ҳолларда ўз ёнидан ҳаражат қилиб, иш жойига етиб олишига тўғри келади. Ободонлаштириш ходимлари шаҳар транспортидан текин фойдаланиш имконияти бўлса-да, эртароқ иш бошлашга мажбур бўлган ҳолларда тонг саҳарда текин транспорт топиша олмайди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 12 мингдан ортиқ ободонлаштириш ходимлари меҳнат қилишади. Ойлик маошнинг камлиги уларнинг кўп йиллик муаммоси. Масъулларнинг айтишича, ободонлаштириш ходимларининг  маошини кўтариш, уларга иш жойларини ташкиллаштириб бериш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари таклифи билан боғлиқ. Депутатларга эса ободонлаштириш Бош бошқармаси молиялаштириш бўлими томонидан маошни ошириш бўйича таклиф киритилиши лозим. 

Ободонлаштириш ходимаси ўз ишининг ноқулайликлари ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Тонг саҳар соат 5 яримда уйдан чиқамиз, 6, 6 яримда иш бошлаймиз, соат 8 да кириб чой ичамиз, тушлигимиз ҳам ўша, кейин яна ишни соат учгача давом эттирамиз. Кафе, ошхоналарнинг ҳожатхонасига бизга киришга рухсат беришмайди, уришиб ҳайдаб юборишади. Илгари баъзилар бизга паст назар билан қарашар эди, ҳатто бизни қамоқдан чиққан аёллар деб ўйлаганлар ҳам бўлган. 

Ҳар куни 9 соат ишлаймиз. Бор йўғи 1 млн 300 минг сўм  ойлик оламан. Бу пулни овқатланишимга ва набираларимга етказишга мажбурман. Бир амаллаяпмиз. Бу маош камда, энди аёл кишига бўлади дейишингиз мумкин, аммо ҳозир рўзғор қилишнинг ўзи бўлмаяпти, қимматчилик, йўл кира ҳаражатига ҳам анча кетиб қолади.”

Бугун, ободонлаштириш ходимлари кўп қаватли уйларнинг чивин босган, канализация ҳиди анқиб турган ертўлаларини тушлик қилиш ва кийим алмаштириш учун бошпана қилганлар. 

Ободонлаштириш ходимасининг бири карантин вақтларида ҳам тиним билмай ишлаганларини ҳикоя қилади. 

“Ҳамма дам олган кунлари ҳатто байрамларда ҳам биз дам олмаймиз, карантин вақти хам қийналиб  бўлса ҳам биз ишладик, аммо ойлик маошимизга қўшимча йўқ. Гапни қисқаси, ойлик маошимизни сал ошириб берса яхши бўларди, илтимос. Йўл кирамиз қиммат, мени ўзимга ҳар куни 16 минг сўм йўл кира кетади, мана кеча 5 киши бўлиб газель гаплашгандик, газель келмади, таксида келишга мажбур бўлдик”, дейди у.

Ободонлаштириш ходималарининг муаммолари ҳақида мухбиримизнинг тўлиқ репортажини тамоша қилинг.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар