Rost24.uz га келган ҳақли мурожаат
Бир ой олдин ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Тошкент тумани Чувалачи МФЙга қарашли Гуляшнар кўчасида 19 ёшдаги йигит трансформатор носозлиги туфайли ток уриб ўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Энди Гуляшнар кўчаси бошидаги аҳволга бир назар ташланг. Трансформатордан кўчалар бўйлаб ток тарқатиладиган столбалар аллақачон йиқилиши керак эди. Аммо улар ҳам одамларга раҳми келганидан зўрға турибди.
Туман электр тармоғи ходимлари тежамкорликнинг ғаройиб йўлини ўйлаб топишган. Юқори кучланишдаги (высоковольтный) ток ариқ ёқасидаги толга боғланган ҳолда трансформаторга уланган. Тол остидан ҳар куни юзлаб одам ўтади. Тол новдалари эса кўкариб кўкка бўй чўзмоқда.
Барча ҳудудий электр тармоқлари ходимларини Тошкент тумани Чувалачи МФЙга таклиф килган ҳолда антиқа ихтиродан хабардор қилишни таклиф қиламиз. Улар ҳам XXI асрдаги “инновацион” ихтирони ўрганишсин. Фақат ўзлари билан резина этик ва қўлқоп олишни унутмасинлар. Техника хавфсизлиги дегандай...