Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида ўтказилган очиқ мулоқотда ер бўйича бўлаётган мурожаатлар ҳам таҳлил этилди
Сир эмаски бугунги кунда, ер ажратиш соҳасида жуда кўп қонун бузилиши ҳолатлари мавжуд.
Маълумот учун: йил бошидан буён Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ер муносабатлари доирасида йўлланган 267 та мурожаатнинг 251 тасида ёки 94 фоизида айнан ер ажратиш масаласи юзасидан норозилик баён этилган.
Жойларда маҳаллий ҳокимликларнинг ер ажратиш ва ерларни олиб қўйиш бўйича қарорлари юзасидан жуда кўп ҳолатларда юридик ва жисмоний шахслар томонидан норозиликлар келиб чиқмоқда.
Шу сабабдан, мазкур Фармон билан маҳаллий ҳокимликларнинг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, ўзгартириш, бекор қилиш, қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш каби ваколатларининг бекор қилиниши ҳалқимиз кутган энг оқилона қарор десак муболаға бўлмайди.
Қонунчилик ҳужжатларида ушбу Фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилиниб, давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланмоқда.
Ушбу Фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб яъни жорий йилнинг 8 июнь санасидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур Фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилди.
1995 - 2020 йиллар давомида Экин ерларининг ўзгариши таҳлил қилинганда, ҳар 5 йилда экин ерлар майдони 19,3 минг гектарга камайиши кузатилган.
Шу сабабдан ҳам, Фармон билан Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ташкил этилиб, унга ишчи органи сифатида Бош прокуратура ва ўринбосари этиб Бош вазир ўринбосари белгиланди.