2019 йил февраль ойида Хитой Халқ Республикасидан тузни қайта ишлайдиган завод қуриш учун технология олиб келдим.
Мазкур технология орқали 20та янги иш ўрни яратишни ҳам режалаштирган эдик. Бу технологияни бизга Савдо-саноат платаси Навоий вилоят бошқармаси Хитойдан топиб берди. Технологияни Ипотека банкидан 310 минг АҚШ доллари кредит маблағи эвазига келтирдик
Хусусий фирмаларга ишонмай Савдо-саноат палатаси орқали олишимдан мақсад, агарда бирор муаммо туғилса, ўзлари жавоб беради деган ишонч ҳам бор эди. Афсуски ундай бўлмади...
Хитойда фаолият юритаётган “Jiangsu Honggang Industries Co., LTD” фирмаси билан Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят бошқармаси ҳамкорликда мазкур фирмани топиб, ўзлари шартнома тузиб берди.
Шунингдек, Савдо-саноат палатасига аъзо бўлишимни, қанчадир фоиз миқдорда Савдо-саноат палатаси ҳисоб рақамига пул ўтказишимни сўради. Албатта, уни ҳам ўтказиб бердим.
Тушунишимча, Савдо-саноат палатасининг вазифаси тадбиркорларни ҳимоя қилиш, муаммоларига ечим топиб беришдан иборат эди. Бироқ, буни акси ўлароқ, Хитойнинг “Jiangsu Honggang Industries Co., LTD” фирмаси билан нотўғри шартнома тузиб бериши оқибатида, аллақачон ишга тушиши керак бўлган заводимиз ҳамон ишламай турибди.
Бу ерда албатта коррупция ҳолати мавжуд бўлиши мумкин деб ўйлайман. Чунки, хитойлик тадбиркордан қанақадир манфаат борлиги учун шартнома Хитой фирмасининг фойдасига тузилган. Банкдан олган 310 минг АҚШ доллари миқдордаги кредитимизни тўлаш эса катта муаммо бўлмоқда.
Бугунги кунда Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят бошқармаси бизни судга бериб, Ипотека банкидан олинган 310 минг доллар кредитни ундириб олишни талаб қилмоқда. Мени ҳайрон қолдирган томони, Савдо-саноат палатаси тадбиркорни ҳимоя қилиш ўрнига, аксинча судга бермоқда.
Ахир хитойликлар билан шартнома тузиб берган ўзлари эмасми? Заводим ишламаса, қандай қилиб кредитни тўлайман, қандай қилиб харажатларимни қоплайман? Суд бизнинг масалани ижрога қаратиб, яшаб турган уйимизни олиб қўймоқчи.
Шуми тадбиркорларга кўмак бериш, шуми тадбиркорни кўллаб-қувватлаш?! Бизни бор-будимиздан айириб, ботқоққа ботирмоқда. Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят бошқармасига бориб, заводни ишга тушириб беришини ёки бўлмаса, заводни қайтариб олишини айтдик, сабаби бизни алдаб, носоз технологияни олдирган.
Савдо-саноат платаси Навоий вилоят бошқармасига Хитойдан малакали мутахассисларни олиб келиб, заводни тўлиқ қувват билан ишлатиб беришларини талаб қиляпмиз. Бироқ натижа бўлмаяпти. Завод икки йилдан буён ишламасдан турибди.
Солиқ ва электр тармоқларидан қарздорлик ошиб бормоқда. Ушбу заводни ишга тушириш мақсадида кўплаб қариндошларим машиналари, уйларини сотиб, ёрдам қилди. Бу заводдан уларнинг ҳам умидлари катта эди. Завод ишга тушса, уларда ҳам ишли бўламиз деган яхши ниятлар бор эди.
Бугунги кунга келиб олган қарзларим, банк кредити тўланмасдан қолмоқда. Бу ҳолат менга жиддий таъсир қилмоқда. Бор-будимни шу заводга тиккандим. Бу вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетишни билмаяпман.
Хитойнинг “Jiangsu Honggang Industries Co., LTD” фермаси Навоий вилоят Савдо саноат палатаси орқали ўрнатиб кетган заводни тўлиқ ишга туширтириб беришда амалий ёрдам сўраб бормаган жойимиз қолмади. Натижа йўқ.
Ҳеч бўлмаганда, яна 500 миллион сўм кредит берганда ҳам бир илож қилиб заводни ишга туширган бўлар эдик.
Агар завод ишга тушмаса, биз учун тамом бўлдик дегани.
Нурсулув Муҳаммадиева,
Навоий вилояти, Навоий шаҳри, “Бинокор” МФЙ, Бунёдкорлар кўчаси, 9-уй, 2-хонадон.