***
Ўзида салқин муҳитни сақлаган, ёз кунлари одамлар айланиб, дам оладиган “Комсомол кўли” ва яқин 3 йилгача “Миллий боғ” деб аталган истироҳот боғи бугун номини ҳам кўринишини ҳам ўзгартирган.
Соя-салқин дарахтлар, кўллар ва яшиллик ўрнини бетонли, теп-текис, пластик безаклар қоплаган “Magic city” парки эгаллади. 60 миллион доллар ажратилган, умумий майдони 21 гектарни ташкил этувчи ушбу боғда барча кўл ва дарахтлар сақлаб қолиниши айтилганди. Аммо…
Суратлардан кўриниб турибдики боғ олдинги кўринишини йўқотган. Хўш, бундай катта қурбонликлар сиз-у бизга қанчалик қимматга тушаётганини биласизми? Қачон охирги марта бу ҳақида жиддий ўйлаб кўрдингиз? Кўп ҳолларда дарахтлар, яшиллик қанчалик муҳимлиги ҳақида қайғуравермаймиз. Лекин охирги йилларда одамларда бундай қарашлар озгина бўлсада ижобий томонга ўзгармоқда. Ривожланган давлатларда бу фуқаролик дид билан ўлчанади. Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқи учун қанчалик курашса, табиат яшовчанлиги учун ҳам шундай курашади.
Суратдаги ўраб олинган ҳудудларда (собиқ Миллий Боғда) ҳамон қурилиш давом этар экан, бирорта дарахтнинг кесилмаслигига, ўсимликларга зарар етмаслигига ким кафолат беради? Ҳеч ким.
Аслида миллий боғ ва парклар табиат асллигини сақлаб қолиш мақсадида яратилиши керак. Сингапур мустақилликка эришгандан сўнг дарахтзорларни “Garden city”га айлантирган. Америка Марказий Парки кўнгиллилар томонидан яратилган бўлиб, бугун Нью-Йоркнинг қайсидир маънода рамзига айланди. Бизнинг боғлар эса бизнесмен “citychi”ларнинг ўлжасига айланмоқда.
Ҳаво тозалиги индекси бўйича 180 та давлат қаторидан 177-ўринда (2020 йил) турадиган, об-ҳавоси Зимбабве, Қозоғистон, Тожикистон, Марокаш, Тунис, Куба, Жазоир ва Эронга нисбатан уч, тўрт баравар ёмонроқ Ўзбекистонда одамлар бемалол айланадиган жой қолдими?
Ғофур Ғулом, Бобур номидаги боғ ва Ашхобод паркининг ҳудудларига ҳам қирилиш нафаси етиб борган. Шунингдек, бир савол ўйлантирадики, солиқ тўловчилар, яъни аҳоли ўзининг пулига қурилган парк ёки хиёбонга пул тўлаб кириши мантиққа тўғри келадими?! Дунё мамлакатларининг деярли кўпчилигида бундай тизим ишламайди.
1990 – 2019 йилларда Тошкент шаҳрида яшил ҳудуднинг камайиб бориши. Илҳомжон Аслонов ва унинг жамоаси ушбу мавзу ҳақида тадқиқот ўтказишган ва маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида агро-ҳудуд майдони 1990 йилда 12 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб 2661 гектарга тушиб кетган.
2021 йилнинг 4 ойида давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар 4 миллиард 988 миллион сўмни ташкил қилган.
Май ойининг сўнгги кунларида Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги чангнинг рухсат этилган ўртача кунлик контцентрацияси 2,7 бараварга ошиб кетган. Олдинлари пойтахт аҳолисига умуман бегона бўлган қумли бўронларни ҳам кузатмоқдамиз. Кўриниб турибдики, аҳвол яхши эмас. Яшилликни сақлаб қолишнинг йўли бор. Дарахтларни кесмаслик ва кестирмаслик, йўқса соғлиғимиз билан ўлпон тўлайверамиз.
Сардор Поёнов,
журналист