Ўсмир ҳарбий хизматга ўз оёғи билан, соғ-саломат жўнаб, уйга темир тобутда қайтди… Жувонмарг бўлган йигит ота-онасини, бобосини, укаларини ва қорабайир отини яхши кўрарди…
Редакцияга мактуб
Мен энди нима қиламан дунёда!!
Ўн саккиз йил кўзимнинг қорачиғидай авайлаб катта қилганим, зийрак, ақл-фаросатли суянчиғимдан — фарзандим Шарофиддиндан айрилиб қолдим.
1987 йили мактабни битиргач, Ғаллаоролдан Қаршига бориб, қишлоқ хўжалигини механизациялаш техникумига ўқишга кирди, иккинчи йили Совет Армиясига чақирилди. Қарши шаҳар вокзалидан мен билан қучоқлашиб, ўпишиб: «Отажон, йигитчилик!» деб бағрига босиб, яхшигина кайфиятда жўнаб кетди.
Мана, беш ой қолганда, темир яшикда шишиб кетган жасади келди. Мен жасадни кўриб ҳушимдан кетибман. Укол қилиб, дори-дармон билан оёққа турғизишди. Ўзимга келган заҳоти яна болагинамни кўргим келди, бир кўрай, деб ёлвораверганимдан сўнг фақат жасадини кўрсатишди, юзини кўрсатишмади. Лаҳадга қўйиб, кўмиб келганимдан кейин ҳам ўзимга келолмадим.
«Ўлди», деб телеграмма олдик. Одамнинг ишонгиси келмайди. Хизматнинг қийини ўтган, энг охирги хатларида ҳам заррача ҳафагарчилик билинмасди.
Лекин, инсоф билан айтинглар, ҳеч бўлмаса, ўлигини ҳурмат қилишса бўлмасмиди?! Телеграммани олиб, жўнаб кетган укаларим — Бахтиёржон ва Рофижон шундай ҳикоя қиладилар: «Бориб кўрсак, бешта ўлик бетон устига ётқизиб қўйилган экан, бири таниб бўлмайдиган даражада шишиб кетган. Шарофиддинники ҳам энди айний бошлаган экан. Жасадлар дориланмаган музлатилмаган, хор бўлиб ётибди. Бир-икки кун кечиксак, нима бўларди?! Пул билан самолётни гаплашднк. Тобут йўқ. Пул берамиз десак кўнмайди. Ароқ топиб келсанг, ясаб бераман, дейди. Ароқ талонга экан. Бир лейтенантдан 70 сўмга талон олиб, ароқ келтириб бердик… Ўликни уйга олиб келгунча буткул шишиб кетди…»
Во дариғ, болагинамнинг ўзи хизматга кулиб чиқиб кетган уйга ўлигини қўйдик. Ҳидига туриб бўлмайди. Исириқ, ўт ёқиб ювдик, кириб хайр-хўш қилиб ҳам бўлмади.
Совхозда яшаймиз. Агар фермада бир қўй ўлса, камида тўрт гувоҳ билан акт қилиб, имзолаймиз, териси ва туёғини ашёвий далил тарзида қўшамиз, ноҳия, вилоят агросаноат раҳбарлари олдида ҳукуматга ҳисоб берамиз… Одам ўлса-чи! Ҳеч ким сўрамайдими! Одамнинг давлатга совхознинг қўйичалик қадри йўқми! Менга келиб, хизмат қилган еридан ҳисоб бермайдими? Мен боламни осонлик билан катта қилганим йўқ эди…
Ўн саккиз йил бола боқиб, ҳукуматга шу учун бердикми! Уч укаси катта бўлмоқда. Эрта-индин уларга ҳам повестка келса, тартиби шунақа бўлган армияга энди уларни қандай жўнатаман. Жўнатмайман, десам ҳақим бордир!..
Мусурмон Абдусаломов,
Ғаллаорол ноҳияси Ғафур Ғулом номидаги
совхознинг 1-бўлими».
Мен бу қишлоқни узоқ деб ўйламаган эдим. Ғаллаорол Тошкент — Самарқанд йўлининг чап томонида, Ғафур Ғулом совхози эса 55—60 км ичкарида экан. Бир соат юриб, йўлда бир кишинигина учратдик. Йўлнинг икки ёни поёнсиз саҳролар, кенгликлар; қуриган шўра, сариқтиканлар, фақатгина янтоқ кўкариб турибди. Унда-бунда қайирлардаги булоқлар теварагида қишлоқчалар пайдо бўлган кўринади. Бу қишлоқларнинг номи ҳам шундан. Жарбулоқ, Сафарбулоқ, Тошбулоқ, Қизилбулоқ, Коризқудуқ… Топономия билан шуғулланадиган олимларимиз шу ёқларга борсалар қизиқ номлар этимологиясини ўргансалар бўлади: Бешбола, Жума, Хатча Жума (бу қишлоққа тоғ хат солиб ўтган), Оққовун, Қоратош…
Биз шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутни йўқотиш ҳақида керилиб гапириб келдик. Бу қишлоқларни кўргач, мен ҳали ҳеч иш қилганимиз йўқ, деган фикрдаман. Ҳали феодализм давридаги аҳволда қолиб кетган ерлар жуда кўп экан. Мабодо, XVII аср ҳақида фильм олинса, харажат қилиб, павильон ясатмай, ўша ёқларга бораверса бўлади. Газлаштириш, канализация ҳақида ўйлаш — ёзнинг ўртасида қорни орзу қилишдай гап. Лойсувоқ томлар, толёғочдан қурилган кўприклар, чанг-қўпар йўллар… Жамият бу олис гўшаларни, қадам етмас қишлоқларни унутган!.. Аммо уларнинг фарзандларини ҳарбий хизматга олишни унутмайди. Ўйлаб қоламан: Давлат ва шахс муносабатлари қандай белгиланади — давлат бизга нима берди, биз давлатга нима бердик?..
Мусурмонқул ака ўғли Шарофиддинни берди!
Чўнтагимдаги хат кўкрагимни куйдиради.
Мен билан бирга борган ноҳия ижроия қўмитаси ходими қишлоқ шўроси биносида тушиб қолди. Ўлик чиққан уйга бориш, ярасини янгилаш оғир… Қишлоқ шўроси раисининг ўринбосари, дўстимиз Муртазо ва Баҳром — тўрт киши кириб бордик. Сўрашдик, ўтирдик, юзга фотиҳа тортдик.
— Ўлигини шу хонадан чиқарганмиз, — хўрсинди ота.
Орага жимлик чўкди. Шкаф устида шаҳид йигитнинг суратлари. Бирида мактаб пайти, бошқасида — аскарлик кийимида, яна бирида — от миниб тушган. Умуман, у спортни, чавандозликни яхши кўрган. Хатларида ҳам ёзган… Мусурмонқул аканинг ижозати билан хатларни варақлайман.
У деярли ҳар куни ёзган. Отасига алоҳида, ойисига алоҳида, укалари, сингилларига алоҳида-алоҳида.
«Ассалому алайкум дадажон, чарчамасдан юрибсизми? Онамнинг соғлиқлари яхшими!… Хат ёзмай қўйдингиз. 2 ойу 17 кун бўлди сиздан хат олмаганимга. Сиз ёзмасангиз, ким ёзади, дадажон! Айтгандай, дўстларим юришибдими?»
«Дада, Зайниддинжон йигитлар сафига қўшилиб қолдими? Шуҳриддинжоннинг гапларидан маъно чиқяптими ё ҳалиям бурни оқиб юрибдими? Телевизорда Халқ депутатлари съездини кўрдик. Дада, ҳали яхши замонлар келади. Хат ёзиб туринглар… 27 май, 1989 йил».
«Дада, сиз қирқиб юборган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»даги мақолаларни ўқидим. Раҳмат. Овқат беришса, тортиниш йўқ. Руслар кўп. Сала (чўчқа ёғи — К.Б.) билан у-бу қовуриб, еб турибмиз. Ўзингиз биласиз, мусулмонлар чўчқа гўшти емайди. Бошга тушса, ноилож… Қозоғистонлик бир ўртоғим бор — Ерик деган, бир қочоқни отиб ташлаган, шу учун отпускага кетади… 10.09.88».
«Фарғонада жанжал бўлибди, телевизорда кўрсатди, мен постда эдим, кўрганлар айтиб беришди… Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да. 32 килолик тошни бир марта кўтардим, турникда 17 марта тортилдим, чопишдан ўн биринчи ўринни олдим. Отишдан «отлично», бир борганимда 6 та ўқ билан 3 та нишонни урган эдим, взвод командирим: «Маладес, басмач!» — деб қўйди; деворий газетада ҳам мақтаб чиқибди…»
«Солдат бўламан, деб ўйламаган ҳам эдим. Кийими қизиқ бўларкан. Болалар билан ўтирсак, куламиз— бушлат катта-ю, иштон кичик, бировларни телпаги шалвираб осилиб туради… Умуман, қизиқарли. 15.12.87».
«Укажоним Шуҳриддин, отни миниб юрибсанми ё миндирмай олиб қочиб кетадими? Дарслар миянгни ачитгани йўқми, домлалар ўша-ўшами? Яхшилаб расмга тушиб, менга юбор — бир кўрай… 24.IV.88».
«Дадажон, Шуҳриддин тўғрисида оз-моз ҳафагарчиликни ёзибсиз. Дада, ўзингизни асранг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Уриш-сўкиш билан одам қилолмайсиз, қайтанга бўм-бўм бўлиб қолади, ўжар, қайсар бўлади… Ўзбекча рўзномалардан жўнатинглар».
Аскар йигитнинг мактублари. Нега мен бу хатларни келтиряпман? Уларда ота-онасини, укаларини, қишлоғини севадиган йигитнинг қалби кўринади. Бугун у орамизда йўқ, мактубларни ўқиб, қандай яхши бир йигитдан ажралганимизни кўнгилдан кечиряпман.
— Ўразали исмли ўзбек йигити ва Эрк исмли қозоқ йигит тобутни кузатиб бирга келишди. Сўрасак, иккаласи икки хил гапиради. Охири ноҳия ҳарбий комиссариатидагилар мени келган аскарлар билан гаплашмайсан, дейишди. Четга олиб сўрасам, қозоқ йигит: «Отахон, бизларга Шарофиддиннинг қандай ўлганини айтма, дизбатга қамаласан, дейишган. Хизмат тугасин, уйга келсам ёзиб юбораман», деди… Энди боламизни қайтариб бўлмайди. Аммо ҳақиқатни билсак кўнгил таскин топарди, — деди бизга Мусурмонқул ака.
Қўлимда унинг сўнгги мактуби: «Дадажон, соғ-саломатман. Хизмат ҳам тугайди, юз кўришамиз. Катта отамга айтинг, мен боргунча ҳасса олмасинлар…» Бу мактуб йўлда бораётганда, Шарофиддин аллақачон дунёдан кўз юмган эди.
Телеграмма: «Ғаллаорол ноҳия ҳарбий комиссарига. Аскар йигит Абдусаломов Шарофиддин ўлди. Ота-онасига хабар қилинг…»
Ғаллаоролдан қайтдим, ҳарбий хизматдан келганлар, оқсоқоллар, йигитлар билан суҳбатлашдим ва бугун ҳарбий хизмат муаммолари ҳам улкан бир дардга айланганини сездим. Ўз мулоҳазаларимни сизга ҳавола қилгим келди.
Биз узоқ йиллар ҳарбий хизмат ҳақидаги ҳақиқатни айтмай келдик. «Давлат сири» номли ниқоб орасида қанчалаб адолатсизликлар кечаётгани аён бўлди. Албатта, давлат сири ҳам мавжуддир. Аммо аскар йигитларнинг турмуши, озиқ-овқати, ўй-кечинмалари — давлат сири эмас. Бугун шулар ҳақида ҳам сўзлаш керак!
Давлат сирини матбуотда асраш шарт эмас. Сирни менгача — мухбиргача асраш лозим. Мен билгач, у энди сир эмас, у — ҳаммага маълум «сир».
Биз бу ёқда — кўчада биров икки тарсаки урса ҳам, судга бериб, қаматамиз. Ахир, бир солдат ўлса, унинг айбдори кимлигини аниқлаб, жазолаш керак! Эҳтимол, қотил жазоланаётган ҳамдир. Аммо қурбоннинг ота-оналари тўлиқ маълумот ололмай ётибдилар. Ҳолбуки, бугун ҳарбий хизматдан ўлиб қайтаётганлар сони ошиб боряпти. Йўқ, буни мен ҳаводан олганим йўқ…
Афғонистонда ўлганларга сабаб топиш мумкин— ҳар ҳолда, у ёқда уруш, қирғин-барот бўлган. Хўш, мамлакат ичида уруш йўқ, қирғин йўқ, нега аскар йигитлар шаҳид бўлмоқда. Мен Мудофаа вазирлиги органларидан шаҳидлар сонини олишга кўзим етмай, дуч келган қишлоқ шўроларидан суриштирдим. Мана, айрим фактлар: Ғаллаорол ноҳия Ғўбдин қишлоқ Шўросидан: Исломов Нуриддин, Красноярскда хизмат қилган, хизмат охирига 15 кун қолганда ўлган; Усмонов Олимжон, Москва ҳарбий округида хизмат қилган, 1988 йил, 19 майда хизмат тугаган куни «томондан йиқилиб» ўлган; Тожибоев Аҳтам, Узоқ Шарқда хизмат қилган, 1988 йил 31 октябрда ўлган… Самарқанд вилояти Ургут ноҳиясидаги Ғўс қишлоқ Шўросида кейинги уч йил ичида бирдан бир неча йигитнинг жасади келди, ҳаммаси мамлакат ичкарисида ҳарбий хизмат килаётган йигитлар, Ғаллаоролдаги Иттифоқ қишлоқ Шўросидан охирги уч йилда бир неча аскар йигитнинг ўлиги келди— Абдужабборов Шуҳрат, Саматов С, Бўрибоев Фахриддин, Абдусаломов Шарофиддин…
Ёронлар, бу йигитларнинг ҳар бири ота-онасининг дилбанди эди-ку! Бир йигит вояга етгунча қанчалар жафо чекади ота-она: тетапоя бўлганда, йиқилмасин, деб ҳадиксирашлар, ҳар бегона шамолдан асраш, мактабга борса, йўлинн пойлаб ўтиришлар. Ўзи емай-ичмай едириб, ўзи ичмай-ичказиб ўстиришлар… У алп-қомат йигит бўлганда, мана шундай ўлиб кетаверса…
Аскар йигит ўлди!..
Бир оқибатсизлик мени ҳайратга солади. Ҳар гал йигитларпмиз ҳалок бўлгач, уларнинг уйларига хабар қилишади, ота-онаси, қавми-қариндошлари, дунёнинг у чеккасидан бўлса ҳам, бориб олиб келишлари керак. Харажатлар, оворагарчиликлар ҳам майли, аммо хабар келгунча, уриниб-суриниб боргунча, сўнг олиб келгунча, анча вақт ўтиб, жасад ириб адо бўлади, пешонасидан бир ўпиб сўнгги йўлга — дорулбақога жўнатмоқ учун яқинига йўлаб ҳам бўлмайди. Йигитни биров уриб ўлдирганми ёхуд ўзини ўзи ўлдирганми, касалликдан жон берганми, сувга чўкиб ўлганми, ҳарбий қисм у ҳалок бўлгач, уйига кутиб олишни хабар қилиб, тезда ўзлари йўлга олиб чиқса бўлмасмикан? Ахир, тиригида рўшнолик кўрмаган, нада бир қиз сочини силаб, куёвлик тўнини киймаган, гулдай ёшида хорликда ўлган йигитнинг, ҳеч бўлмаганда, ўлиги эҳтиромдан холи бўлмасин! Уни дунёга қайтариш қўлимиздан келмас экан, ҳеч бўлмаганда, жасадини эъзоз билан кўмайлик, қўлимиздан келадиган шу сўнгги яхшиликни қилайлик, ахир!.. Бу бизнинг одамлигимизни унутмаганимиздан далолат бўлади.
Шарофиддиннинг ота-онаси ўғиллари ўзини-ўзи отганига ишонишмайди. Агар шундай бўлса ҳам, ўйлайманки, ҳарбий қисмда бу каби ҳодисалар чуқур ўрганилиши, агар, биров отган бўлса, айбдор жазоланиши, ота-оналар судга таклиф қилиниши, борса-борди, бормаса жиноий иш ва ҳукм нусхаси жўнатилиши, хулосалар баён қилиниши керак. Токим, турли кўнгилбузар гапларга ўрин қолмасин. Хўп, биров ўлдирмабди, ўзини-ўзи ўлдирибди, дейлик. Лекин одам хурсандчиликдан ўзини ўлдирмайди. Демак, ҳарбий қисмдаги маънавий-руҳий муҳит яхши эмас, демак, аскар йигит яшагиси келмай қолган, яшай олмай қолган. Аҳвол шундай қолаверса, эртага яна биров, индин яна биров шундай қилаверади… Навбатдаги қурбон ким бўлади?
Ўз-ўзини ўлдириш… Бу ҳодисанинг чуқур иқтисодий-сиёсий, маиший-маънавий ва руҳий сабаблари бор, албатта. Мен ҳарбий қисмларда ўзларини ўлдирганлар сонини билмайман, аммо мамлакат бўйича шундай маълумотга эгаман. СССРда 1984 йилда — 81 минг, 1985 йилда — 68 минг, 1986 йилда —53 минг, 1987 йилда —54 минг киши ўзини-ўзи ҳалок қилган. АҚШда ҳар 100 000 кишидан 12 киши, Англияда —9 киши, СССР да — 19 киши ўзини ўлдирмоқда.
Йигитлар — халқларнинг мақтови, кўрки,
Наслнинг жавҳари, давлат таянчи.
Ғафур Ғуломнинг ушбу сўзлари ёдимизда бўлсин! Жамиятнинг келажаги, келинчакларимизнинг чеҳраси ойдин бўлсин десак, йигитларни асрайлик!
Мен шундай фикрдаман (агар сиз қўшилмасангиз фикрингизни айтинг): ҳозирги армия тартиби бизга уруш давридан қолган, сталинча структурадир. Конституцияда ҳар бир совет граждани ҳарбий хизмат қилиши кераклиги қайд этилган. Оммавий ҳарбий мажбурият — уруш ҳолатининг ҳосилидир. Бугун дунёвий сиёсатда аҳвол ўзгарди, илмий-техника революцияси олдимизга янгича воқеликни кўндаланг қўйди, келинг, тарихан ўйлаб кўрайлик.
Хўш, йиллар давомида армия жамиятга нима бердию жамият армияга нима берди. Халқ депутатари съездида айтилди — биргина 1989 йилда армияга давлат бюджетидан 77,3 миллиард сўм ажратилди. (Ҳарбий космос—3,9 миллиард сўм). Ҳукумат бошлиғи Н. И. Рижков сўзи: «Ўн йиллар давомида мамлакат мудофаа саноатига энг тажрибали, моҳир кадрларни йўллади. Давлат бюджети ҳисобидан илмий тадиқотларни таъминлаш учун ажратиладиган маблағнинг 75 фоизи ҳарбий тадқиқотлар йўналишига ажратилди, қолган ҳаммага —25 фоиз». («Аргументы и факты», № 33 (462). Буни ўзимизнинг жўяли тилга ўгирсак, Шарофиддиннинг қишлоғи билан ноҳия ўртасида телефон алоқаси йўқ, «тез ёрдам» чақиролмай, касал узилиши мумкин; аммо товушдан тез учувчи ракеталар бор. Яна: ўзбек, деҳқонининг оғирини енгил қиладиган пахта машинаси яратилмайди-ю, парашютдан сувга ташласа, чўкмайдиган танклар бор!..
Академик А. Сахаровнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бизнинг армия дунёда энг кўп сонли армиядир. Ер юзидаги энг катта уч мамлакат (Хитой, АҚШ ва ГФР) армиясини қўшиб ҳисобласак ҳам, бизники кўп. («Огонёк», № 31, 1988 йил).
Ҳаётнинг ўзи ҳарбийлар сонини ва уларга кетаётган харажатларни қисқартиришни тақозо қилмоқда, чунки халқнинг дастурхони қуруқ бўлиб, қиличи катта бўлса, у — оч одам — бу қилични кўтаролмай қолади. Қайта қуриш сиёсатининг натижаси ўлароқ, дунёда давлатимизга нисбатан хайрихоҳлик кайфияти юзага келди. Бугун мамлакатимизга ҳарбий таҳдид хавфи йўқ. Бундай шароитда кўп сонли армияни ўн-ўн беш йиллаб ушлаб туриш оқилона иш эмас. Ҳарбий техниканинг замонавийлашуви, электрон ва компьютер қуроллари ишлаб чиқилиши, ернинг сунъий йўлдошлари ва ҳарбий фазо ютуқлари, янгича воқеълик яратди — энди уруш бўлса ҳам, бутун аҳоли қурол олиб майдонга тушмайди. Ўйлайманки, энди оммавий ҳарбий мажбурият шарт эмас!
СССР Олий Совети, халқ депутатлари буни англамоқдалар, айрим жўяли қадамлар қўйилди: 1995 йилга келиб, ҳарбий харажатлар 1,5—2 баравар қисқартирилади, шу беш йилликда бизнинг сир сақлаб келинган ҳарбий харажатимиз 30 миллиард сўмга қисқарди. 1995 йилга бориб, мудофаа комплекси ишлаб чиқаётган маҳсулотнинг 60 фоизи тинч мақсадларга мўлжалланган бўлади… Бу хайрли қадам.
Аммо ҳарбий қисмлардаги ҳозири аҳвол бизни ташвишлантиради Йиллар давомида илдиз отиб келган икки касаллик бор — «дедлик» ва «маҳаллийчилик»… «Дед» — бу хизмат қилиб қўйган «отахон», унинг айтгани-айтган, дегани-деган. Янги борганлар устидан ҳақорат ва хўрликлар ёғилади. Рўзномалар бир қозоқ йигитини қирчиллама совуқда ҳожатхонага миниб бориб келганликларини, у ўзини осиб қўйганини ёзишди. Ҳарбий хизматдаги бир аскар узоқ ғайри инсоний хўрликлардан кейин, ғазаб отига миниб, автоматдан саккиз кишини отиб ташлагани бизга маълум. («Огонёк», № 31, 1 1989 йил). Ўз вақтида «дед»лар эзган аскар йигит ўзи «дед» бўлади ва янги «мишиқи»ларни эзади. Ёвуз ҳақорат ва хўрликнинг бу занжири ҳарбий қисмларда йиллар давомида ҳукм суриб келмоқда. Хўш, нега жамият бонг урмади, дерсиз?
Ёш шоирнинг бир шеърида уйга қайтаётган аскар йигит эшикдан кириш олдидан оқ сочларини юлиб ташлайди. Бу жуда топилган чизги. Ҳа, аскар йигит, жабру ситамдан оқарган сочларини онаизор кўришини истамайди. Хатда ҳам «соғ-саломатман», деб ёзаверади. Уриб-тепиб, эзиб юборишган бўлса ҳам, бармоғини нуқиб: «Во-о, жуда зўр яшадим!», деб уйга кириб келади. Чунки, бизнинг ўзбек йигитлари мардона йигитлар-да. Туртки еб бўлса-да, қайтиб келаётган эдилар. Аммо энди мурдалари келаётган экан, бунга чидаб бўлмайди!
Менга ваҳима қиляпсан, бир-икки йигит-да, дейишингиз мумкин. Аввало, бир-иккн эмас. Кейин, агар ҳалок бўлган йигитни ўн саккиз йил ўстирган одамнинг ўрнига ўзингизни қўйсангиз, биласиз — битта йигит кам эмас, бу — бир дунё!..
«Маҳаллийчилик» шуки, қаерда бир ерлик, бир миллат боласи кўп бўлса, озларга зуғум қиладилар. Бу салбий ҳодисалар бизга йиллар бўйи сингдирилган ақида — армия ўсмирни одам қилади, тоблайди, деган хулоса унчалик тўғри эмаслигини кўрсатиб турибди.
Одам ғўрлиги, уқувсизлиги учун жабр чекиш мумкин, лекин у миллат вакили экани учун хўрланмайдн—хоҳ ўзбек, хоҳ тожик, хоҳ рус бўлсин.
Ҳарбий хизмат гоҳида йигитларни дағал, шафқатсиз қилиб юбораётганини, йиллар бўйи оила ва мактаб шакллантирган ўсмир хулқ-атворини синдириб қўйганинг ҳам кўряпмиз. Мактабда мусичага озор бермайдиган, трактор босиб кетган чумолига ачиниб йиғлаб ўтирадиган кўнгли бўш ўсмир, гоҳида ҳарбий хизматдан шафқатсизлик кўриб қайтгач, олдида биров бошқани сўйса ҳам бепарво ўтирадиган қўрсга айланаётгани сир эмас!
Бунинг устига, уларнинг чанқоқ нигоҳи айрим кўзбўямачиликларга ҳам тушади, муғомбир қилиб қўяди. Менга ҳеч жойда ёзилмаган, латифага айланган, аммо амал қиладиган бир «Низом»ни айтиб беришди ва амал қилсанг, хавотирсиз хизмат қилиш мумкин, дейишди, мана у — икки банддан иборат: «1) Командир ҳар доим ҳақ; 2) Агар командир ноҳақ бўлса, биринчи банд бўйича иш кўр!»
Хўш, киши ўлгач ростлик бордир? Ҳали ҳеч ким ўлимни алдай олгани йўқ, ўлим ҳеч кимдан рухсат сўраб келган эмас! Йўқ, йигитларнинг гувоҳлик беришича, калтакдан, ўқдан ўлган аскарларни жиноий иш қўзғатмаслик учун гоҳида ток урди, ўзини осиб қўйди, томдан йиқилди каби ҳеч кимни гуноҳкор қилмайдиган баҳоналар билан бостириб юборилар экан. Ёки бирор-бир аёлга тегажоқлик қилиб, эри тўртинчи қаватдан ташлаб юборган, эҳтиётсизлик орқасида кўприкдан сувга тушиб кетган аскарнинг уйига ҳам: «Ўғлингиз хизмат вазифасини бажараётганда қаҳрамонларча ҳалок бўлди!», деб хат ёзишади. Тўғри, бундай хатдан ота-она таскин топади… Аммо бу маънавий жиноятнинг бошқа томони ҳам мавжуд — ростдан ҳам, ёвуз жиноятчининг ўқидан ўлган йигитлар бор, аллақандай суюқоёқнинг ўлимини ҳам уларга тенглаш — ҳақиқий жасоратга ҳақоратдир. Аскар йигитларимиз фақат адолат намунасида тарбия топишлари лозим.
Солдатларга, текин ишчи кучи, деб қараш ҳам бор. Вокзалда ярим тунда фавқулодда юк тушириш, чириган картошкани йиғиштириш, темир йўлни тузатиш, изғиринда қор кураш… Ҳеч ким қилмайдиган ишни қилишади. Хўш, қанча ойлик олишади: Бир йигитдан сўрадим? — ойига 3 сўм 80 тийин, сержант бўлса 10 сўму 80 тийин олади. Овқат-чи? Солдат картошка, «гречка», «каша», суюқ шўрва ичади. Алюмин товоқ-қошиқда тановул қилади, темир стаканда чой ичади. Нима қипти, армия-да, дерсиз. Солдат одам бўлиши учун азоб кўриши шартми? Нега армиядан уларнинг кўнглини қолдириш керак?
Қолаверса, бугун солдатлар ёрдамида улкан қурилишлар бунёд этилмоқда, далалар ҳосили йиғиб олинмоқда, темир йўллар ётқизилмоқда… Ана шуларнинг фойдаси ҳисобига солдатни тузукроқ боқса бўлади!
Мен армия ҳозирги шароитда профессионаллашиши керак, деб ўйлайман. Бу жамиятнинг бошқа жабҳаларидагидек кечади.
Биринчидан, у қисқаради, яъни ҳар бир миллатга ҳимоя учун етарли, аммо ҳужум қилишга етмайдиган қўшин керак, шунда ҳамма ўзини хавфсиз сезади. Бу ҳарбийлар сонини кескин камайтиришни тақозо қилади.
Иккинчидан, ҳаммани икки-уч йилдан солдат бўлишга мажбур қилиш ўрнига, профессионал шахтёр, малакали кибернетик олим каби, профессионал солдат бўлади, у ўз ишини пухта билади. Ҳозир ҳарбий техника жуда мураккаб, солдат эса уйга қайтиб барини унутади. Янги техника турлари чиқади. Янги солдатлар ўрганади, яна бориб кетмон чопаверади. Ахир, биз ҳамма икки йилдан врач бўлиши керак, демаймиз-ку! Бундай врачга биз ўз соғлиғимизни ишонмаймиз, хўш, нега давлатимиз хавфсизлигини икки йиллик солдатга ишонишимиз керак? Агар солдатлик касбга айланса, у ишончли, мустаҳкам қўриқчига айланади.
Учинчидан, бундай ҳарбий коллективда «дед»лик, зўравонлик бўлмайди. Ахир, бир медицина коллективида катта врачлар кичик врачларни муштлаб юрмайдику?
Ҳамма ҳарбий комиссариатлар пештоқига: «Армия и народ — едины», яъни «Армия ва халқ — муштарак», деб ёзиб қўйилган. Кейинги йиллар воқеалари бу бирликка раҳна солди. Тбилисидаги намойишчиларни бостиришда солдатлар қатнашуви бизнинг инсонпарвар армиямиз обрўсига путур етказди, армия ўзи «муштарак» халқни бостиришга ишлатишини — жиноят деб қаралиши кераклиги съездда ҳам айтилди.
Фарғонада ҳам солдатларнинг майдонга тушиши шундай бир ҳолдир. Куч ишлатиш керак бўлса, бу билан милиция шуғуллансин. Унга техника, ёрдам берилсин. Аскар автомат ушлаб ўз халқига ўқталмасин. Чунки, уни ҳарбий хизматга кузаётган онаизор бировни отишини истамайди.
«За Родину» рўзномасининг шу йил 20 июль сонидаги Н. Васильевнинг «Фарғона акс-садоси» мақоласида, Ўзбекистондаги фожиалар солдатлар шафқатсиз ҳаракат қилмагани учун юз берди, деган фикр олға сурилади. Запасидаги майор Н. Васильевнинг жабр чекканларга хайрихоҳлигига ишонганда ҳам, унинг тинчлик солдат милтиғи ёрдамида ўрнатилишини қўмсашига қўшилиб бўлмайди. Одамларнинг мурдаси устидан ўтиб бориладиган осойишталикни оқлаш мумкин эмас.
Армия Ватанни душманларидан ҳимоя қилиши лозим, у Ватанни ўз халқидан ҳимоя қилиши керак эмас. Ҳарбий қасамда Ватан ҳимоясига тайёрлик ва душман устидан ғалабага эришиш таъкидланган. «Империализмнинг СССР ва унинг иттифоқчиларига қарши кирдикорларини» ҳар қандай йўл билан бостириш, «босқинчини янчиб ташлаш»га қасам ичган аскар йигитлар намойишларни бостиришга ташланса, нима бўлади? Бундай ҳодисалар армиянинг обрўсини туширади. Оналар ўғилларини ҳадик ва хавотир билан кузатадилар. Ҳозиргидай айримлар касаллик варақаси қилиб ёки ўқишга жойлаб хизматдан олиб қолмоқ пайида бўладилар.
Иккинчи ҳодиса — Афғонистон. Бу уруш ҳақида турли фикрлар юрибди. Аммо солдат буйруқни бажарган. Модомики, бу иш нотўғри бўлган экан, сиёсатчилар, ҳарбий экспертлар жавоб беришлари керак. Кўчада Афғонда хизмат қилган солдатни кўриб, «Жаллод!» деб, бармоқни бигиз этмайлик.
Яна бир мулоҳаза. Яқинда Тошкент аэропортига қўндим. Кўрган бўлсангиз керак, маҳаллий йўналишлар томонидан чиқаверишда темир тўсинлар бор. Бу ерда ҳарбий хизматга чақирилганларни жўнаш олдидан жойлаштириб туришади. Қарасам, одам кўп, тепадан иссиқ уради, бир умр пахта даласидан чиқмаган болалар командирнинг русчалашини тушунишмади, шекилли, ёшгина сержант шеригига қараб: «Из этих баранов надо делать солдата!», — деди. Бу оғзига кучи етмаган икки сержантнинг жиззакилигига қўл силтаб қўйсам ҳам бўларди. Аммо осиёлик миллатларга саводсиз, бефаҳм, деб қараш кенг тарқалган. Бунинг устига, Фарғонадаги воқеаларнинг айрим рўзнома ва ойномаларда ортиқча кўпиртирилишидан, «ўзбеклар ёвуз» деган туҳмат ҳам қўшилди. Хўш, ростдан ҳам саводсиз бўлсалар; бу норғул йигитларнинг айби нима? Қишлоқларида санъат саройлари, театру музейлар бор-у, улар ўқишни истамайдиларми? Йўқ. Пахта яккаҳокимлиги оқибатида, аҳолининг қашшоқлашуви, маданий муассасалар йўқлиги, далага чиқишлар орқасида мактабдан қолишлари уларни шу аҳволга солмадими, ахир!..
Юртимиздаги оғир экологик аҳвол, қишлоқ оилаларидаги қашшоқлик оқсил танқислигига, турли касалликларга олиб келаётгани, ўсмирларимизни нимжон қилиб қўяётгани кўриниб турибди. Вазият ҳатто миллатнинг наслу насабига — генефондига ҳам таъсир ўтказмоқда, йигитлар ота-боболарига қиёслаганда, пачоқроқ, камқувват бўлиб қолмоқдалар. Аммо бунинг учун уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунки, бу фожиаларда улардан кўра, уларни шу кўйга солган жамият айбдордир.
«Наш современник» ойномасида (1989 йил, 6-сон) ҳуқуқшунослик фанлари доктори Г. Литвинова шу йигитларнинг устидан кулгандай ёзади: «Совет армияси сафида ҳарбий-тарихий тажрибага эга бўлган миллат йигитларининг қисқариши оқибатида, ҳарбий-стратегик топшириқларни амалга оширишда қийинчиликлар юзага келиши мумкин». Тушуняпсизми, Шарқда туғилиш кўплиги туфайли армияда «ҳарбий-тарихий тажрибага эга» бўлмаган миллатлар «ҳарбий-стратегик топшириқ»ларни хавф остига қўяр эмишлар. Бу йигитлар ўтмишидаги жаҳонгир боболари билан мақтансалар бўларди. Аммо, бизнинг йигитлар— оқил, кўнгилчан…
Ўзбек ўғлонлари астойдил хизмат қиладилар, унча-мунча ғаюр назарларга парволари фалак. Аммо, марказий матбуотнинг Фарғона воқеаларини бежаб, «ўзбеклар русларни сўяётганмиш», «аёлларни паранжи остига тиқишармиш» каби талмовсирашлари, айниқса, «Огонёк»да босилган «Кўланка» каби узоқни ўйламай ёзилган мақолалар марказий олий ўқув юртларида, бошқа жумҳуриятларда, шунингдек, ҳарбий қисмларда ўзбекларга қарши кайфият уйғотди. Йигитларимиз қўнғироқ қилиб, мактублар ёзиб, ҳақоратланаётганларини, гоҳида муштлашув, ёқалашувларга бораётганликларини айтишмоқда. Охири нимага олиб бориши аён.
Қайта қуриш ҳарбий сиёсатни ҳам ўрнидан қўзғатган умидбахш ҳодисадир.
Янгича, оқилона тафаккур устун келиб, машқ килаётган танклар, солдат этиклари остида чангиб ётган заминга кетмон тушади, райҳону настаринлар экилади, гуллар тонг чоғида шудрингларни силкиб қуёшга пешвоз чиқади, ракеталардан бўшаган осмон қалдирғочларнинг чуғурига тўлади, деб умид қиламан!..
Мақолани тугатиб, устидан бир ўқимоқчи бўлиб турувдим, телефон жиринглади. Ташвишли овоз: «Алло, мен Балиқчи ноҳиясининг Еттиқашқар қишлоғидан, Анорхон деган шўрлик аёл бўламан. Пешонам қурсин! Ўғлим Рустамжоннинг ҳарбийдан қайтишига икки ой қолганда, ўлиги келди. Қозоғистонда хизмат қиларди.. Йигирма кундан буён ўзимни қайга қўйишни билмайман.Темир сандиққа солиб, устини сварка қилиб олиб келишди. Очгани қўйишмади, тешигидан сувдай эриб болагинамнинг бадани оқади. Одамнинг ёғи оқади, кул сепамиз. Вой-эй!..»
Кўзларнн тийра очиш керак!!!
Анорхон аяга, тинч замонда фарзандлари шаҳид бўлган оналарга бошқа нима деб таскин беришни билмайман…
II
(Мақолага муносабат билдирилган мактублар. Муаллиф шарҳлари.)
«Каримжон, бу қайғули саҳифани қай йўсинда ёздингиз?! Сиз ёзганингизга ойлик оласиз, биз оналар» учун ўқиш қаттиқ изтироб бўлади… Шуни ёзиш шартмиди? Ошкоралик деб, оналарнинг юрак-бағрини эзманглар, илтимос…»
(«Маҳбуба Юсупова. Бувайда районидаги «Партия XX съезди» колхози»).
«Мақола қалбимизни ларзага солди. Кимнинг фарзандни ҳарбийда хизмат қилмайди, дейсиз?!
Биз ҳам борганмиз. «Дед»ларнинг шапалоқлариниг татиганмиз, кечалари уларнинг ўрнига пол ювганмиз, ошхонада мижжа қоқмай картошка арчганмиз. Муаллиф ёзгандай, яна уйга гердайиб, гўё ҳузур ҳаловат кўриб келаётгандай қайтганмиз. Ахир, қайси юз билан ота-онамизга еган калтакларни айта олардик.
Ёзганга раҳмат! Қачонгача сир тутиш керак! Бугун, 18 октябрь куни, Москвадан—ҳамқишлоғимиз Очилбой Усмоновдан хабар келди: Бир йил хизмат қилмай ўзини осибди. Очилбой олдинроқ ўқитувчиси Тоҳиржон Тўйчиевга хат ёзган экан: «Тоҳир муаллим. Қисмимизга хат ёзинглар. Мени бошқа жойга кўчирсин… Қийнашяпти… Хўрликларга чидолмайман. Ўзимни осаман…»
У айтганини қилди».
(М. Бобораҳимов, Ленинобод вилояти, Ашт ноҳияси, Даҳана қишлоғи).
«Мақолани ўқиб, етти фарзанднинг отаси сифатида, дилим куйди. Икки ўғлим Ҳасанбой ва Ҳусанбой Қўчқоровни 1989 йил 18 июнь куни соғ-саломат ҳарбий хизматга жўнатдик. Бир-икки яхши мактуб ҳам олдик. Уч ой ўтар-ўтмас Ҳусанбойдан хат олдик: «Отажон, акам Ҳасанбой бир ойдан буён йўқ… Тезда етиб келинг…» Онаси Суйдихон юраги ўйнаб йиқилди, врачлар ёрдам беролмади… Ўғилларни ҳарбий комиссариат орқали чақиртирдик. 1989 йил 24 сентябрда етиб келишди.
Ҳусанбой сўзлаб берди: «Қозоғистонга борганда цемент туширишга қўйишди… Бир кун «дед»лар: «Беш сўм пул, тўрт қути папирос топиб берасан», дейишди. Иложимиз йўқлигини айтдик. «Кечқурун гаплашамиз!», деб пўписа қилишди. Шу кеч чарчаб ухлаб ётганимизда, оқшом соат учларда мени оғзимга сочиқ тиқиб, адёлга ўраб олиб чиқишди. Бироз юргач, тикон сим билан оёқ-қўлимни боғлашди. Аввал тахта билан, кейин темир билан оғзи-бурнимдан қон келгунча калтаклашди. Бирови: «Ўлдириб қўяқолайлик!», деб лом билан солувди, ўнг қўлим икки жойидан синди. Ҳушимдан кетиб қолибман… Уч кун ўтгач, топиб касалхонага жўнатишди. Бир ярим ой ётдим, тузалмадим».
Ҳасанбой ҳикоя қилади: «Укам Ҳусанни касалхонага жўнатгач, менга ғашиқиб қолдилар. Кўпчилик бўлиб мени калтаклашди, қовуғимга, оёқларим орасига тепишди. Жон талвасасида қочдим. Бир ярим ой, укам келгунча, кундузи ишлаб, кечаси ўтлар орасида яшириниб, қочиб юрдим… Агар, уйга чақириб олишмаганда, ўлигимиз келармиди…»
Энди биз нима қилайлик!»
(Жамолиддин Усмонов, Норин ноҳиясидаги, «Октябрь» колхози, «Янги Фарғона кўчаси, 77 уй).
«К. Баҳриевнинг мақоласида кўпгина фикрлар далил-исботсиз ёзилган. У шонли Совет Армиясига туҳмат қилиб, обрўсини тўкишга уринмоқда, холос…»
(Фарҳод Султонов. Тошкент шаҳри, Лисунов кўчаси, 40-уй, 25-хона).
«Наманган шаҳрининг Шоҳимардон кўчасидаги 4-уйда яшаган, Арманистонда хизмат қилаётган Акбаров Набихоннинг жасадини хизмат тугашига бир ой қолганда олиб келишди. Ҳужжатида ҳар доимгидай: «Ўзини отган», деб ёзишган. Бир ой қолганда-я!.. Тобутни очишганда, ўқ ўрни ёнида пичоқ изи ҳам бўлган, бир қулоғи қирқилган… У ўзини отиб, кейин қулоғини қирққанми ёки қулоғини қирқиб, кейин ўзини ўзи отганми? Нимага инониш керак?»
(Содиқжон Собиров, Наманган шаҳар Литвинов кўчаси, 10-уй).
«Мен ҳам куйганидан ер тепиб юрганларнинг бириман. Қисматим қурсин…
Катта ўғлим Нажмиддин Семипалатинскда хизмат қиларди. 1983 йил 10 октябрда, келишини кутиб юргаи пайтимизда, ҳалок бўлгани ҳақида хабар олдик… Унинг орзу-умидлари ўзи билан кетди. Политехника институтида икки ҳафта таҳсил кўрган, қайтиб келиб давом эттирмоқчи эди…
Ўша вақтда иккинчи ўғлимиз Насриддин Афғонистонда хизмат қиларди… У ҳам ҳарбийдан одамови бўлиб қайтди. Бировга қўшилмайди. Ҳовлига биров келса яширинади. Военкоматга бориб ёрдам сўрасам, уларга «Қўрққан бўлса керак, яхшилаб овқат беринг, тузалади!», дейишди.
1986 йил 11 декабрда (мен ишда эдим) хаёли қочиб, меҳмонга келган опасини пичоқлаб ўлдирибди, онасига ҳам пичоқ урибди…
Икки ўғил ўстириб, ҳарбийдан топганимиз шу бўлди!»
(Расул Рашидов, Ғиждувон районидаги «Зарафшон» колхози.)
«Ўғлим Муроджон жуда яхши хизмат қиларди. Бир йил ўтар-ўтмас, 1980 йил апрелида ўлганлиги ҳақида телеграмма олдик. Қанча азоб-уқубат билан бориб олиб келдик. Тупроққа топширдик, ўн йилки фожиа сабабини билолмаяпмиз…»
(Муҳтор Қосимов. Бувайда районидаги «Партия XX съезди» колхози).
«Ўғлим Қомилжон 1989 йил 13 июнда хизматга чақирилиб, РСФСРдаги махсус қурилиш қисмида хизмат қиларди. Август ойи охирида кечаси бир неча аскар кириб, ётган ерида устини ёпиб, дуч келган ерига уришади, ошқозоности безига зарб тушади. Беш кун ўтгач, ҳарбий госпиталга ётқизишади. Шу куниёқ операция қилинади. Шу куни бизга хабар қилишади.
7 сентябрда етиб бордик. Шу куни иккинчи бор операция қилишди. Аҳволи бироз яхшиланди. 7 кун олдида ўтирдик. Кимлар урганини айтиб берди. 13 сентябрда оғирлашиб, учинчи бор операция қилинди ва тўрт кун етгач, 18 сентябрда, тонгда жони узилди. Калтак еганидан то вафотигача ҳарбий қисмдан келиб ҳеч ким хабар олмади, жиноятни яшириб туришди. Менинг арзим бўйича, 110-рақамли медицина хулосаси билан, 19 сентябрда жиноий иш қўзғатилди. Боламнинг совуқ жасадини уйга ўзим олиб келдим.
Нега вақтида олди олинмади? Ўғлимдан сўнг ўша қотиллар тошкентлик Далабоев Одилжонни ҳам уриб ўлдиришибди. Чориёров Рамазон ва Асқаров Равшан эса ҳануз касалхонада ётишибди. Албатта, энди қотиллар жазоланади. Аммо командирлар лоқайдлиги, бағритошлиги учун жазо олармикан? Медицина хулосасини ҳам жўнатяпмиз…»
(Т. Жалолов, Китоб районидаги Сиваз қишлоғи).
«Ўғлингиз Ҳамдам Қодиров хизмат бурчини ўтаётганда, 19 ёшида ҳалок бўлди!»,— бу телеграмма жонимиздан ўтиб кетди. Биз совуқ тобутни эмас, ўғлимизни қучоқлаб кутиб олмоқчи эдик. Бундан кўра, кўру кар бўлсак тузук эди.
Кейин иккинчи хабарни айтишди. Гўё у эҳтиётсизлик қилиб, ўзини отиб қўйган эмиш. Қорни уч еридан, елкаси буткул илма-тешик ўқ еган. «Эҳтиётсизлик қилиб» ўзини шунча отадими?!
Ниҳоят, учинчи ёзма хабар келди: «Ўғлингиз бир дўстини отиб, жазодан қўрқиб, кейин ўзини отган! Ахир, тутуруқ борми уларда. Биз фарзандларимиздан жудо бўлдик. Бошқаларнинг фарзандлари соғ-омон келсин, илойим…»
(Кенжа Қодиров, Ойимсулув Қодирова, Советобод районидаги «Москва» колхози).
«Ҳарбийда ҳам, денгиз флотида ҳам бизнинг умумий кулфатларимиз лиммо-лим. Хўш, қаллоблик йўқми? Бор! Бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Афғонистонда уч марта бўлдим. Уч бор ҳам аскарлар орасида бирорта амалдорнинг боласини изладим. Тополмадим. Мансабдорнинг боласи йўқми? Бор, аммо улар Афғонистонга тушмаган…»
(Василий Изгаршев. «Правда», 18 ноябрь, 1989 йил.)
«Тўққиз нафар ўғлим бор. Ҳаммаси хизмат қилган. Кенжасини 1988 йил баҳорда кузатиб қўйдик. Азизжон Москвада хизмат қилаётган эди… 1989 йил 16 июлда бир қотил аскар автоматдан ўғлим ва уч аскарни отиб ташлайди. Уч йигит ўша ерда ҳалок бўлади. Ўғлим оғир-яраланиб, госпиталга тушади… Бизга эса ўн бир кун ўттач —27 июлда телеграмма келди. 28 июлда акалари етиб борди. У ўз акалари қўлида жон берди. Наҳот вақтида хабар қилиш қийин бўлса!..»
(У. Холматова. Андижон вилояти, Ленинск шаҳридаги М. Горький кўчаси, 8-уй.)
«Катта ўғлим Рустамбек ҳунар-техника билим юртида ўқиди, ҳайдовчиликни ҳам ўрганди. Ҳарбий хизматга жўнатаётиб, кўнглим тинч эди. Ахир, армия йигитга фақат куч бағишлайди, дейишарди-да.
Хатлар камайгач, қисмга қўнғироқ қилдим. Ўғлим: «Онажон, аҳволим оғир… касалхонадаман», — деди. Ҳарбий хизматдан уч ой кечикиб келди — даволаб жўнатишибди. Кейин бир кўзи кўрмай қолди! Жарроҳлар беш соат операция қилишди. Аввал бироз аҳволи яхши бўлди, кейин оғирлашаверди. Ҳозир асабий бўлиб қолган, гоҳо кечалари кўчага чиқиб кетади. Агар у жиноят қилиб қўйса, ким жавоб беради? Бизнинг айбимиз нима? Фарзанд ўстирганимизми?!
Яқинда жаҳл устида менга ҳам қўл кўтарди… Уни шу кўйга солган прапоршик Репчинский жазоланмади ҳам…»
(Ф. Иброҳимова, Тошкент шаҳри. К—157, 15 квартал, 25-уй, 31-хона).
МУАЛЛИФ ШАРҲИ:
Ҳар саҳар кўзларингни очар экансан: «Шукур, бугун ҳам тирикман!», дея ўйлайсан. Ахир, кимдир бугун йўқ, кеча тирик эди, бугун йўқ… Оналарнинг нолакор сўзи дилни ўртайди, йигитлар оҳи шеър бўлиб юракка чўкади, ҳа, бу шеър парвоз қилмайди, у юракка чўкади.
Шамоллар уйғонди. Барглар тебранар,Ҳатто ер тагида қўзғолди илон.Дунё кўзларини очаётганда,Мен кўз юмайинми, онажон.Бегуноҳ биттадир — у ҳам осмонда,Қўлга чивин қўнди, қувмоққа йўқ жон.Чивинлар, чумчуқлар юрган жаҳонда,Менга жой йўқмиди, онажон.Офтобга қарадим — кўзим қамашди,Чийрон кипригимда ёш оқди маржон.Нурларни соғиниб суягим қақшар,Ўлгим келмаяпти, онажон.Қотилнинг қўлида пичоқ, ўқ едим,Ўлим азобига бормикан поён…Мен ҳали дунёга тўйган йўқ эдим,Дунё тўйибдими мендан, онажон.
Инсон дунёга бир марта келади. 1909 йил 8 октябрда Л. Н. Толстой билан учрашишга Ясная Полянага келган III Давлат Думасининг ноиби М. Д. Челишев билан хайрлашаётиб, буюк ёзувчи: «Қачон Дума ўлим жазосини бекор қилади? Одамни яшашдан маҳрум қилиш ғайриахлоқий ишлигини тушунишмайдими?!» дейди. Ҳа, Толстой ҳатто жиноятчини ҳам ўлимга ҳукм қилишга ҳукуматнинг ҳақи йўқ, деб ҳисоблайди. Тўғри-да, чунки ҳаётни ҳукумат берган эмас; ҳеч ким давлат буйруғи туфайли туғилмайди, шунинг учун ўлдиришга ҳам ҳақи йўқ. Бизга ҳаётни ким берган бўлса, ўзи олади.
Мактублар… Кўнгил фарёдлари. Мен юқорида келтирган ўнлаб дил дардлари ва қўлимда турган, рўзнома саҳифасига сиғмаган минглаб хатларни ўқир эканман, хайрият, бугун очиқ айтяпмиз, деб ўзимга таскин бераман. Лекин кўнглимга оғир ботган уч мактуб — даъво ҳам қўлимдаки, мен уларга жавоб беришни, ҳарбий хизмат ҳақида яна бир бор фикрлаб кўришни бурчим, деб ўйлайман.
БИРИНЧИ МАКТУБ: «Ёзганларингиз нотўғри, армия ҳам бир оила, унда ҳар бир аскар ўзи учун шароит яратади, уст-бошини ювади, хонани тозалайди, картошка арчади… Бундай мақола чиқиши рўзнома учун уят! Армия ҳақида зиғирча ҳам тасаввурга эга эмассиз!» (А. Аҳмеджонов, Марғилон шаҳри, Қ. Маркс кўчаси, 634-уй).
Балким, мен ҳарбийни сиз билганчалик билмасман. Аммо биладиганлардан келган мактубларни бир ўқиб кўринг, — эҳтимол, уларда сиз билмаган бирор нима бордир! Тўғри, армия ҳам бир «оила», ҳар ким ўзи учун ишлаши керак. Аммо мен бу «оиланинг катта ўғли» ёшроғини калтаклашини тушунолмайман, оилада ҳамма тенг бўлиши керак, янги борган аскар «дед»нинг пайпоғини, оёғини ювиб беришини қабул қилолмайман.
Ўзимнинг «зиғирча тасаввурим» билан буни хўрлаш, деб биламан!
ИККИНЧИ МАКТУБ: «Сиз армияга қаршисиз. Хизматга бормаган йигит ҳам йигитми? У армиядан чиниқиб келади. Мен фақат хизмат қилган йигитга тегаман… Салом билан, Малоҳат Р…».
Синглим, Малоҳатхон! Мен армияга қарши эмасман, ундаги тартибсизликларга қаршиман! Унинг интизомли, малакали, тартибли бўлишини истайман. Албатта, йигит «чиниқиб» келади. Албатта, сиз «хизмат қилган йигитга тегасиз!». Фақат у қайтиб келса!..
Қўлимда Ургутдан келган яна бир мактуб бор. Синглим, уни ёзган ота-онанинг ўғли ҳам сиздай бир қизни бахтли қилиши мумкин эди: «1988 йил 19 майда хизматга чақирилган ўғлимиз Ҳусниддин Краснодар вилоятида хизмат қиларди… Келишига уч ой қолганда, ҳалок бўлгани ҳақида хабар олдик. Қисм командири ўринбосарининг хатига қараганда, уни такси ҳайдовчиси, юраги ва ўпкасига пичоқ уриб, ўлдирган эмиш… Додимизни кимга айтайлик. Тўйига деб харажат қилиб қўйган эдик. Мотамга айланди! Марҳумнинг ота-онаси: Исмоилов Исрофил ва Расулова Моҳбуви». (Ургут ноҳия, Ибн Сино номидаги совхоз).
Мана бу мактубни ёзгунча қанчалар сим-сим йиғлашди экан: «Ўғлимиз Ҳабибуло 1980 йилнииг кузида хизматга кетди. Хизмат жойидан хат кела бошлади. Бир ярим ой ўтгач, хат-хабар тақа-тақ тўхтади. Ҳарбий комиссариатта мурожаат қилдик… Аммо хат ўрнига, 1981 йил 11 март куни йўқолгани ҳақида хабар келди… Оёғим синган, юролмас эдим. Яна хат ёздик. Изини қидиряпмиз, деган жавоб келди. Ёзмаган еримиз қолмади. Тўққиз ярим йилдан буён на тиригидан, на ўлигидан хабар бор!.. Боламизни топишга ёрдам беринглар. Ойдай йигит эдинг, қаёқларда қолдинг, болам!.. (Ю. Эшонхонов, И. Усмонова, Наманган шаҳар, 1 — Эгамбердиев кўчаси, 46-уй).
Бу мактублар, эҳтимол, мана бу чиқишга ҳам жавоб бўлар.
УЧИНЧИ МАКТУБ: «Карим Баҳриев ўз мақоласини СССР Конституциясида белгиланган оммавий ҳарбий мажбурият ҳақидаги Қонунга қарши йўналтиради… «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»даги мақола армиямизнинг обрўйига путур етказади… Подполковник А. Бондаренко». («Фрунзевец», 1989 йил 25 октябрь).
Хўш, армиянинг обрўйига нима путур етказади?
«Қисмимизнинг ёш офицерлари СССР халқ депутатларининг съездига шундай мурожаат қилдилар: «Биз ошна-оғайнигарчилик, сафсатабозлик, такаббурлик, кичикларга нисбатан ҳурматсизлик авжига чиққан Қуролли Кучларда хизмат қилишни истамаймиз. Армияда қаллоблик, кўзбўямачилик, ҳаддидан ошиш, мансабдорлик ва ҳарбий жиноятларни яшириш одатга айланди». Буни мендай «билимсиз» (А. Бондаренко мени шундай деб атаган) ёзгани йўқ, истеъфодаги катта лейтенант, Қуролли Кучларда сиёсий ходим бўлиб ишлаган Игорь Бережной ёзган («Собеседник», 1989 йил, 40-сон). Ҳа, бугун асабийларча ҳарбий хизматни девор билан тўсгандан, камчиликларни яширгандан кўра, ошкора айтмоқ, тузатмоқ тўғри бўлади. Бу — одил сиёсатга хосдир.
Келинг, чақириқ пайтидан бошлай қолайлик. Ҳарбий хизматга бир пайтлар қамалганлар олинмасди. Ҳозир ҳар чақириқда қарийб 50 минг аввал қамалган йигит хизматга олинмоқда, яъни йилига 100 минг қамоқхонада «тажриба орттирган» йигитлар, кеча мактабдан борган ўсмирлар ёнида, бир қисмда хизмат қилмоқдалар. Ахир, бу бебошликларни келтириб чиқаради-да! Тезроқ, қамалганларни чақирмаслик ёки уларни алоҳида қисм қилиш ҳақида буйруқ чиқариш лозим… Ҳарбий комиссариатлар тор, текширувчи врачлар ишга кўмилган, ҳар чақириқда бир врач 2—3 минг болани қўлдан ўтказади. Баъзан касалманд болалар ҳам олиб кетилмоқда. Армияда улар хизмат қилиш ўрнига, госпиталларни тўлдирмоқдалар. Соғлом йигитларнигина олиш керак, армияни ортиқча ташвишга қолдирмайлик. Хайриятки, бу йил мудофаа министрининг 317-рақамли янги буйруғи чиқди, энди ақли заифлар, асаб системаси шикастланганлар, мия, сил касалликларини бошдан кечирганлар, менингит, анахронидит билан оғриган, мия қопқоғи ва осиси синган беморлар хизматга олинмайди. Шунингдек, ички органлари касалланган, бронхиал астма (нафас қисиши), қанд касаллигининг яширин шакли билан касалланганлар ҳам чақирилмайди. Тўғри-да, фақат соғлом йигитларгина ҳарбий хизматга фойда келтирадилар. Аммо бу буйруқнн ҳамма ҳарбий комиссариатларда ҳам билишадими, унга риоя қилишяптими? Билмадим…
Хўш, нега айрим командирлар, зўравонликка йўл қўймоқдалар? Сабаби оддий: Уларга бу қулай. «Дед»лар уриб-сўкиб бўлса-да, полни тозалатадилар, қўрқитадилар, жимлик ҳукм суради. Командирга маза! Лекин бу жимлик — қабристондагидай жимлик, қўрқувга асосланган «тартиб»дир.
Нега ҳарбийдаги жиноятлар кўпинча очилмайди? Чунки, «жазодан қўрқиб», бошлиқлар жиноий ишни йиқилди, ток урди, ўзини ўлдирди, бошига ғишт тушиб кетди, деб ёпиб юборадилар. Бунинг устига, армияда сиёсий бошқармалардан бошқа солдатлар ҳуқуқини қиладиган ташкилот йўқ. Юристлар йўқ. Аскарлар хизмат пайти ҳатто Конституцияда белгиланган ҳуқуқлардан маҳрумдир: Касб танлаш, дам олиш, кўчиб юриш эркинлиги, сайлаш ҳуқуқи… уларда йўқ.
Солдатлар биров калтаклаганини айтмайдилар. Чунки, жиноятчи қамалса ҳам, шериклари қолади, «қасос» олади. Шунинг учун улар гувоҳлик беришдан ҳам қўрқишади.
Мана, оддий пол ювдириш, пайпоқ тозалашдан бошланган тартибсизлик қотилликка олиб келмоқда. Ўтган йилнинг тўққиз ойи давомида (менинг мақолам чиққан у пайтгача) 167 ўзбек хонадонига тобут келган. Бир йилда Ўзбекистонга 430 тобут келди! Ҳар куни келиб турибди. Тасаввур қилинг, эртага ҳам, индинга ҳам… Сўнгги қурбон ҳали тирик. Уни сақлаш учун ҳаракат қилайлик.
Жиноятчилик авжига чиққан жой кўпинча қурилиш қисмларидир. Ўзбекистон КП Марказий комитетининг РСФСР Шарқий районларида қурилишда ишлаётган ҳарбий қисмдаги социал-маиший, ахлоқий-руҳий аҳволни ўрганиш комиссияси хулосасида айтилишича, бир қисмда 73 киши аввал қамалган, 69 киши руҳий касалланган, 30 киши нашаванд, 4 киши ичмаса туролмайдиган экан! Бунинг жабрини, албатта, нимжон аскарлар, спорт ўрнига кетмон чопган, заҳарли дорилар сепилган далада ўсган камқувват йигитлар чекишади. Қисмда бундай йигитлар —60 киши. (Ушбу комиссия хулосаси ҳам матбуотда эълон қилинса яхши бўларди!).
Шу қисмда 30 август куни оддий аскар В. Рачинский ўзбекистонлик М. Ўринбоевни уради, шўрлик йигит касалхонада жон беради. Аввалроқ, 19 августда рота командири Е. Миронов бошқа аскарларнинг олдида, сафдан чиқариб М. Ўринбоев, А. Адҳамов, Ҳ. Раҳимовни калтак билан намойишкорона урган, кейин уч кун қамаб қўйган… М. Ўринбоев аввал ҳам бир неча бор калтакланган эди.
Қисмда тартиб йўқ экан. Текшириш куни 30 кишининг қаердалиги номаълум бўлган. Комиссия текшириб турганда, бошқа қисмда 14 ноябрь куни оддий аскар Р. Прискарь Н Абдураҳмоновни пичоқлаб ташлаган.
«Менинг ўғлим давлатни қўриқлаш учун чақирилиши керак, хандақ қазиш, картошка териш учун эмас Аскар учун стройбатдан ҳақоратли нарса йўқ. Стройбат — пагон таққан мардикорликдир!»— Бу СССР халқ депутати Ю. Черниченконинг сўзи. («Красная звезда», 1989 йил, 14-ноябрь).
Ҳисоб-китобларга қараганда, армияга алоқасиз турли министрлик ва ташкилотларда қурилиш қисмларига тегишли 300 мингдан зиёд аскар ишламоқда. Ҳарбийдаги салбий ҳодисаларнинг 40 фоиздан кўпроғи шундай қисмларда содир бўлмоқда. Улар Конституциямизда кўрсатилган «давлат белгилаган энг оз миқдордан» — 70 сўмдан кам маош оладилар, яъни уларнинг конституцион ҳуқуқи камситилмоқда. Масалан, «Астраханьстрой»даги аскарларнинг маоши ойига 12 сўмга ҳам етмаган. Тўрт кишига мўлжалланган хоналарда 12—14 киши ётади, қишда деворлар совуқдан муз билан қопланади. («Известия», 1989 йил 2 ноябрь). Ахир, ҳеч бир она фарзандини шу учун хизматга жўнатган эмас!
Мамлакатимизнинг мудофаа министрига бўйсунмайдиган Бош Ҳарбий прокурори А. Катусёвнинг ҳисобича, ўтган йилнинг ўзида Қуролли Кучларда жиноятчилик 14,5 фоиз ўсган. Армиядаги жиноятчиликнинг давлатимизтга хавф солаётганлари ҳам бор. Қурол сотиш, йўқотиш натижасида, ҳарбий техника ўғри, жиноятчилар қўлига ўтмоқда. Бугун 8945 ҳарбий ўқ отиш қуроли изланмоқда. Уларнинг 1952 таси СССР Мудофаа министрлигига тегишлидир. Бу жиноятчилар «ихтиёри»даги қуролнинг 22 фоизини ташкил этади. Давлат божхона назорати бош бошқармаси маълумотларига қараганда, чегарада буюртма ҳужжати бўлмагани учун СССР Мудофаа министрлиги Бош инженерлик бошқармасига тегишли юк-22 бронетранспортер қўлга тушган. Албатта бу нарсалар армиянинг обрўйини туширади-да!
Мен ҳарбий хизматни касбга айлантиришни таклиф қилган эдим. Ўзбекистон телевидениеси дарҳол «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувини тайёрлаб, қарши чиқди — ёлланма армияга қарши «ёлланма журналистика» ишга тушди. Одамлар бугун шундай латифа тўқибдилар. Икки киши сўзлашмоқда:
— Бир ерда армияда хизмат қилиш маза-да!
— Вой, қаерда!
— Қаерда бўларди, «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувида!..
Армия тинчлик пайтида, менингча, оз сонли, аммо ўта малакали бўлиши керак. Икки йилда жангчи бўлиб бўлмайди. Изчил, босқичма-босқич профессионал армияга ўтиш мумкин. Ҳозирнинг ўзидаёқ Қуролли Кучларнинг 35 фоизи профессионаллардан иборат. Айрим қисмларда бундан ҳам кўп .Икки йиллик аскарга мураккаб қуролни ишониб, уйда хавфсиз ўтириб бўлармиди? Матиас Рустнинг кичкинагина самолёти чегарадан ўтиб келиб, Қизил Майдонга қўнди. Бу бизнинг ишончимиз устига тортилган чизиқдир.
Армия иқтисодга қимматга тушмоқда. 1990 йилда ҳарбий харажатларга давлат бюджетидан 70 миллиард 975 миллион 800 минг сўм ишлатилди. Бугун ишлаб чиқилдиган ҳар бир қитъалараро ракета — юзлаб қурилмаган мактаблар, уйлар, касалхоналар демакдир. Тушунаман, қуролсизланиш иккиёқлама бўлиши лозим. Аммо, иш аянчли даражага етди, СССР ва АҚШдаги термоядро қуроли икки мамлакат аҳолисини етти бор қириб ташлашга етарли. Яна қуролланиш нега керак?! КПСС МК Сиёсий бюроси собиқ аъзоси Е. К. Лигачевнинг қуйидаги эътирофи жуда тўғридир: «Мамлакат кўп йиллардан буён ҳарбий харажатлар юки остида эзилмоқда. Ундаги ишлаб чиқариш ва интеллектуал кучнинг сезиларли, бунинг устига, энг малакали қисми мудофаа мақсадларига йўналтирилмоқда… Менингча, бу аҳволда иқтисодни дунёвий сифат даражасида қайта қуриш ва зарур социал масалаларни тезда ечишнинг умуман иложи йўқ!»
Ҳарбий харажатларни қисқартириш ҳақида гапирсанг, айрим генералларнинг жазаваси тутади… Тушунаман, улар ишсиз қолади. Лекин бу қанақа иш?! Улар бир умр ташқи душман ҳужумини қайтаришга тайёрланадилар. Душман эса ҳужум қилмаяпти… Қарабсизки, у генералгача ўсиб етди, аммо ҳали «тирик душман»ни кўргани йўқ… Бизни эса қашшоқлик, экологик номутаносиблик аталмиш «душман» еб қўймоқда. Албатта, армия халқни ҳимоя қилиши лозим. Агар ундаги бебошликлардан халқ омон қолса, албатта, ҳимоя қилади!.. Хўш, профессионал армияни қайси харажат асосига тузиш мумкин? Менингча, ҳарбийлар сонини икки баравар қисқартириш (энг бақувват, малакалиларни қолдириш), кўпайиб, катталашиб кетган ҳарбий комиссариатлардаги офицерларни армияга олиш, ташкилотлардаги ҳарбий мутахассисларни қисқартириш, қари-қартанг генералларни ҳурмат-иззат билан пенсияга жўнатиш, ҳарбий раҳбарликни куч-қувватли, жасур кишилар қўлига бериш ҳисобига, ўйлайманки, армия аллақачон профессиналлашуви мумкин.
Айтишларича, Москванинг ўзида бутун АҚШ армиясидагидан кўп генерал хизмат қилар эмиш. Балким, ростдир… Ростини қайдан билайлик. Ҳали ҳануз кўп нарсалар сир сақланмоқда. Сиз ўқиётган мақола ҳам ҳарбий цензурадан ўтган!
Армияда миллийлик масаласига эътибор кам. Оддий бир фактни олинг. Ўзбекча ҳарбий газеталар чиқмайди, ҳозир. 1944 йилда фронтларнинг сиёсий бошқармалари миллий тилларда 47 газета чиқарганлар, шу жумладан, ўзбек тилида 11 газета босилган, қозоқча—10 та, тожикча 2 та газета чиқиб турган. Тўғри-да, ҳарбий руҳни қувватлаш керак бўлган. Нима, энди керак эмасми?! Қисмларда ҳамюртлар клуби, миллий китоблар жовони очиш мумкин-ку…
Ҳуқуқшунослик фанлари доктори Г. Литвинова бизнинг йигитларни «ҳарбий-тарихий тажрибага эга бўлмаган миллат» вакиллари, деб атайди («Наш современник», 1989 йил, 6-сон). Фарғона водийсининг қадим тадқиқотчиларидан бири бўлган А. Миддендорф эрамиздан аввалги IV асрда Искандар Зулқарнайннинг босқинчилик юришлари пайтида тоғда курашга мўлжалланган махсус альпинистлар қуроллари қўлланганини ёзади. Унинг ёзишича: «1382 йилда Амир Темур ҳам ўзи билан Бадахшондан келтирилган чўққига чиқувчилар отрядини олиб юрган». Темур ва Бобур қўшинларида мукаммаллашган тош отувчи ва девор қулатувчи машина ҳамда аслаҳалар бўлган. Энг ҳайратлиси Темур Маликнинг Сирдарёда 70 кемадан иборат ҳарбий флоти бўлганидир. Улар 600 пудгача (9000 килограмм) юк кўтара олган экан. Бу кемалар сиртидан ҳўлланган кигиз билан қопланган бўлиб, ёндирувчи снарядлар ва ёнаётган ёй ўқларидан асрар эди… Ана тажриба! Бугун ҳарбий билим юртларида ўқишнинг фақат бир тилда олиб борилиши кеча даладан келган йигитларга тушунарсиз, албатта.
Ҳа, муаммолар кўп. Энг муҳими, биз уларни ошкора муҳокама қила бошлаганимиздир. Энди ҳарбий хизматни интизомли қилиш умумхалқ иши бўлмоғи керак. Ана шунда оналар юрак ҳовучлаб, эшикка термулиб, хавотирда яшамайдилар.
Карим БАҲРИЕВ,
1990 йил.