ЎЭОАВМАда “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айланади” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Дастур бўйича 2 июнь куни Муйноқ шаҳрида ОАВ ходимлари учун медиа-тур ўтказилди. Бугун эса Нукус шаҳрида очиқ мулоқот бошланди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағаликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.
Очиқ мулоқотда Қорақалпоғистонда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар рақамларда кўрсатиб ўтилди.
Биринчидан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси
40 фоиздан 67,1 фоизга кўтарилди.
61 та маҳалла илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. (мисол учун Хўжайли туманидаги “Саманкўл”, “Мустақиллик”, “Куляб” маҳаллалари, Чимбой туманидаги “Кенес”, “Каракул”, “Обод”)
Иккинчидан, умумий қиймати 200 миллиард сўмлик 25 та соғлиқни сақлаш объектлари янгидан қурилди, 38 таси реконструкция қилинди. Шунингдек, 21 та тиббиёт бирлашмалари 66 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Учинчидан, 343 миллиард сўмлик 13 та мактабгача таълим ташкилотлари янгидан қурилди, 155 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди, 75 та хусусий шерикчилик асосида ҳамда 357 та оилавий боғчалар ташкил этилиши ҳисобига мактабгача таълим муассасаси билан қамраб олиш даражаси 32,2 фоиздан 62,1 фоизга кўтарилди.
Тўртинчидан, 331 миллиард сўмлик 16 та мактаб янгидан қурилди ва 117 таси таъмирланди.
Бешинчидан, 197 миллиард сўмлик 45 та маданият ва спорт соҳаси объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Олтинчидан, Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ташаббуси билан Оролбўйидаги яшаш шароити оғир бўлган Мўйноқ туманида атиги икки йилда амалга оширилган ишларни келтириб ўтиш кифоя. Хусусан, туманда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди, 100 километр масофадан ичимлик сув олиб келинди. Кўплаб корхоналар, ижтимоий объектлар ишга туширилди.
Янгиларини барпо этиш ҳам давом этмоқда. Шу жумладан, “Мўйноқ аэропорти” ҳам янги лойиҳа асосида қайтадан қурилди.