Кеча Пойтахтимизнинг Hilton меҳмонхонасида “Агробанк” АТБ ташаббуси билан Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган “Фермерлар мактаби” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Табдирда “Агробанк АТБ”, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти раҳбар ходимлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасининг мутахассислари, олимлар, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Лойиҳа, мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий ўқув юртлари, жумладан, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Самарқанд ветеринария ва чорвачилик институти, бир қатор илмий тадқиқот институтлари, йирик ишлаб чиқарувчилар, кластерлар, минтақалардаги кўп йиллик тажрибага эга деҳқон ва фермерларни жалб этган ҳолда ёшларни 2 ойлик курсларда (қисқа муддатли) ўқитишни назарда тутади.
Фермерлар мактаби Республикамизнинг 5 та ҳудудида, яъни Тошкент, Андижон, Самарқанд, Термиз ва Нукусда ташкил этилган.
6 ҳафта олий ўқув юртлари базасида назарий билимлар берилади. Икки ҳафта амалий машғулот ўтилади. Амалий кўникмалар йирик чорвачилик ва паррандачилик комплекслари, замонавий иссиқхоналар, сабзавотчилик ва полизчилик хўжаликлари ҳамда кластерларда олиб борилади.
Шу билан бирга дарслар жаҳон стандартларига тўлалигича жавоб берадиган ўқув аудиторияларда, қишлоқ хўжалигида тажрибага эга ўқитувчилар ва илмий мутахассислар, муваффақиятга эришган тадбиркорлар, бизнес йўналишлари бўйича тренер ҳамда банк мутахассислари иштирокида ўтказилади.
Таълим олиш билан боғлиқ барча харажатлар “Агробанк” АТБ томонидан молиялаштирилади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, фермерлар мактабига қабуллар ҳар 2 ойда бўлиб ўтади ва синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар мазкур мактабларга қабул қилинади.
Ўқиш истагида бўлган фуқаролар фермерлар мактабининг махсус телеграм боти @fermerlar_maktabi_bot ёки расмий сайти https://fermermaktab.uz/ орқали ҳужжат топширишлари мумкин.
Реклама ҳуқуқи асосида