Ушбу жиноят иши бўйича Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг малакали терговчиси иш юритувига ўтказилган ва тергов гуруҳи тузилган.
Тергов ҳаракатлари Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган.
Ҳолат юзасидан ҳодиса жойига зудлик билан тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, видеотасвирга олган ҳолда кўздан кечирилган ва ишга алоқадор бўлган барча ашёлар, жумладан аризачи ва гумондорларга тегишли кийим-кечаклар олинган.
Тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи ҳамда гумон қилинган шахсларнинг барчаси суд-тиббий экспертизасидан ўтказилиб, олинган ашёлар бўйича судга оид биология, судга оид криминалистика, судга оид толали материалларни криминалистик текшириш ва судга оид физика-техникавий экспертизалари тайинланган.
Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи О.О.нинг баданида зўрлик аломатлари билан боғлиқ тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги, 13-14 ҳафталик ҳомиладор эканлиги ва ҳомиласи ривожланаётганлиги аниқланган.
Судга оид толали материалларни криминалистик текшириш экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи О.О.нинг кийимларида гумондорларнинг кийимларига тегишли толалар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Жабрланувчи О.О. яқин қариндошлари ва ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида, уни ҳеч ким зўрлаб номусига тегмаганлигини, айрим шахслар (қонунчилик талабларига асосан шахс ҳақидаги маълумотлар сир сақланади) моддий манфаатдор бўлиш эвазига уни зўрлаб номусига текканлиги ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилганлигини, агарда ушбу кўрсатмани бермаса турмуш ўртоғи билан бирга яшаттирмасдан, ажратиб юборишлигини айтганлиги сабабли, иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганлигини маълум қилган.
Шунингдек, ишга алоқадор бўлган ва гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган шахслар, ҳодиса куни жабрланувчи О.О.га тегишли бўлган шийпон атрофида бегона эркакларни кўрмаганлигини ҳамда дала шийпонидан аёл кишининг ёрдам сўраб бақирган овозини эшитилмаганлигини маълум қилган.
Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи О.О. маълум қилган беш нафар шахслар воқеа содир бўлган куни ҳодиса жойида, яъни жабрланувчи О.О.га тегишли бўлган дала шийпонида умуман бўлмаганликлари аниқланган.
Тергов ҳаракатлари давомида тўпланган инкор қилиб бўлмас далилларга асосан фуқаро О.О.нинг зўрланганлиги тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли, жиноят ишининг гумон қилинувчиларга тегишли қисмини ЖПКнинг 83-моддасига (жиноий ҳодиса юз бермаган ёки шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Ҳозирда фуқаро О.О. ва бошқаларнинг туҳмат қилганликлари ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Келгусида тергов ҳаракатлари натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилиши таъминланади.