Кипрнинг Lamanka Interprises Limited компанияси «Оҳангаронцемент» АЖнинг 84,19 фоиз улушини 557,68 миллиард сўмга сотиб олди.
«Оҳангаронцемент» 2019 йилда 179,8 миллиард сўм, 2020 йилнинг дастлабки 9 ойининг ўзида 187,1 миллиард сўм соф фойда қилган.
Йилига 200 миллиард сўм атрофида соф фойда қилаётган завод уч йиллик соф фойдасининг нархига сотиб юборилди.
Икки йил олдин Президентимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи вақтида "Евроцемент груп" президенти Михаил Скороход Оҳангаронцемент учун 100 миллион доллар инвестиция киритилгани ва корхона таркибида янги завод учун 200 миллион доллар сарфланиши айтилган эди. Мана шу киритилган инвестиция ва Президентга берилган ваъдадан келиб чиқиб ҳисобласак, мавжуд завод моддий базасидан ташқари сўнгги икки йилда сарфланган харажатнинг ўзи 3,18 триллион сўмни ташкил қилмоқда.
Математик савол: 3,18 триллион каттами ёки 557,68 миллиард каттами?
Оҳангаронцементнинг 4 141 108 та оддий ва 106та имтиёзли акциясини 557,7 млрд.сўмга сотиб олган Кипрнинг Lamanka Enterprises Limited компаниясининг ўзи сирли ва хавотирли кўринмоқда. Чунки очиқ маълумотларда компаниянинг асл бенефициарларини аниқлашнинг имкони йўқ.
Энг қизиғи шуки, роппа-роса 60 йиллик тарихга эга заводимизни атиги 2 йил олдин Кипрда рўйхатдан ўтган Lamanka Interprises Limited компанияси сотиб олди. Менимча, бу Ўзбекистондаги завод-фабрикаларни ярим нархидан ҳам арзонга сотиб олиш учун икки йил олдин ҳаракатлар бошланганидан далолат эмасми?
Корхоналаримизни арзон-гаровга сотиб олувчи Lamanka Enterprises Limited компаниясининг манзили 1077, Кипр, Никосия, Карпенисиу 30 (Karpenisioy, 30, 1077, Leykosia, Kypros) кўрсатилган. Ушбу манзилда 101 та компания рўйхатда турар экан. Аммо бу рўйхат қаторидан Lamanka Enterprises Limited компаниясини негадир топа олмадик.