Янги қурилган 120 хонадонли кўп қаватли уйда аҳоли чорасизликдан хароба аҳволда яшамоқда

27.05.2021 21:11

Rost24.uz ахборот сайти ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги аҳоли мурожаатини ўрганди.

Зангиота тумани, “Туркистон” МФЙга қарашли “Тасанно-6”даги 5 та 4 қаватли уйни қурилиш фирмалари 2020 йил декабрь ойида қуриб топширишган. Топширилганига ҳали ярим йил бўлмасдан бинонинг ташқи кўриниши нураб бормоқда. 4-қаватлардаги хонадонлар шипидан доимий равишда сув ўтиши натижасида моғорлаш бошланган. 

Совуқ сув ҳам муаммо. Канализация қувурлари қурилиш меъёрларига амал қилинмагани боис ахлат сувлар тиқилишни бошлаган. Иситиш тизими ҳам 8 та хонадонга битта жойдан тарқатилгани учун тепа қисмлардаги 3 ва 4-қаватларга етиб бормайди. 

5 та кўп қаватли уй учун битта ҳам ахлат ташлаш жойи қурилмаган. Умуман олганда ҳар тарафдан муаммолар келиб чиқмоқда. Ҳеч қандай талабга жавоб бермайди. Шунча ҳаракат ва харажат кўкка совирилган. 

Бу 120 та хонадондан иборат 5 та уй кам таъминланганлар учундир балки, аммо улар ҳам бошқалар қатори яшашга ҳақлидир.

Бунча муаммо бўлгунича, шунча халқ қайда эди, деган ҳақли савол туғилади. Халқ шу ерда бўлган. Қурилиш ширкатлари ишонувчан одамларнинг соддалигидан фойдаланиб ҳужжатларга имзо қўйдириб кетишган. 

Одамлар ҳам неча йиллардан буён етиша олмай юрган уйларига тезроқ кириш иштиёқида ҳужжатларга қўл қўйишган экан. Улар янги уйларининг калитини қўлга олиш учун ишонишга мажбур бўлишган. Қурилиш ташкилотлари эса одамларнинг чорасизлигидан максимал даражада устамонлик билан фойдаланишган. Оқибатда эса муаммолар навбатма-навбат чиқиб келмоқда.

Зангиота тумани, “Туркистон” МФЙга қарашли “Тасанно-6”даги ушбу 5 та кўп қаватли уйларда яшаётган одамларнинг муаммосини яхшиси, https://t.me/rost_24uz телеграм каналидаги видео орқали ўзларидан эшитинг.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
29.05.2021 14:46
Афсус, афсус, яна минг марта афсус. Содда ва муҳтож халқнинг устидан кулиб, оғзидагини олиб кетаётган ёвуз кучлар жуда ҳаддидан ошди. Коррупция ва талончиликни ўзига касб қилиб олган бундай қурилиш компаниялари кимга ишониб ва кимдан куч олиб бундай пасткашликларни қиляпти? Уларнинг ҳомийси ким? Уларни ҳимоя қилиб турганларга жазо берилмас экан, бундай талончиликлар давом этаверади ва халқ жабр кўраверади. Шу ўринда, РОСТ 24 каналини очиб, ҳақиқий аҳволни кўрсатаётган ОАВ ходимларига, мутасаддиларга раҳмат айтаман. Аслида, коррупциялар асосидаги бундай талончиларга қарши барчамиз бирга курашиш керак. Зеро, ОАВ ходимлари, блогерлар коррупциянерларга суяниб талончилик қилаётганларнинг кичкина думигагина зарар етказиши мумкин, калтакесак думига ўхшаб бошқаси чиқаверади.