Дорихоналарга ижтимоий эмас бизнес объекти сифатида қаралаётгани қанчалик тўғри?
1995 йилда бутун Ўзбекистонда 2 200 та дорихона бор эди. Бугун уларнинг сони 14 мингдан ошди.
Тошкент кўчаларини кўп бора кузатасиз, лекин ҳеч эътибор берганмисиз?
Кузатувларимизга кўра, пойтахтимизда ҳар қадамда учрайдиган, энг кўп савдо шохобчаси — бу дорихоналар экан. Нега айнан дорихоналар кўп?
Дорихоналарнинг кўплиги бу Ўзбекистонда тиббиётнинг ривожланиб кетганини англатадими ёки бунинг аксими?
Бу ҳолат аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилаётганини билдирадими ёки йўқми?
Шаҳримизни кўрганларда “Бу юртда фақат беморлар яшайдими?..” деган савол туғдирмайдими?
Маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида 2 мингдан ортиқ дорихона бўлиб, бу ҳар минг кишига битта дорихона хизмат қилишини англатади.
Хўш, бошқа мамлакатларда ҳам дорихоналар шундай кўпми?!
– АҚШда 5 минг нафар аҳолига битта дорихона тўғри келади. Данияда 18 мингта аҳолига, Россияда 2,5 мингта аҳолига яъни Ўзбекистондаги ҳолат Россия билан бир хил тўғри келяпти, – деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот тахлили бошқармаси бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова.
Бизда аллақачон дорихоналарга ижтимоий эмас бизнес объекти сифатида қаралиши ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабабини мутахассис шундай изоҳлайди:
— Ўзбекистон Республикасида алоҳида меъёрлар тасдиқланмаган. Чунки дорихона очишга тегишли шароит бўлса, тегишли мутахассислар бўлса, бу ерда ҳамма лицензия талаблари бажарилган бўлса, унга рад жавоб бериб бўлмайди ва у бемалол очиш мумкин.
Хўш, дорихоналар ҳаддан ташқари кўплигининг афзаллик ва салбий томонлари нимада?
– Кимга дори керак бўлса бир пасда етиб бориш керак, бу тарафдан жуда афзал, – деди Муҳаббат Ибрагимова. – 1995 йилда бутун Ўзбекистонда 2 200 та дорихона бор эди. Ўша пайтда ҳам дорихона мавжудлиги ёки камлиги нисбатан ҳеч қандай муаммо бўлмаган. 70 фоиз дори воситалари рецепт билан бериладиганлари қаторига киради. 30 фоизи рецептсиз. Айни ҳозир дорихоналарда мана шу тартиб яхши ишламагани сабабли ва аҳоли хоҳлаган дорини олиши мумкин. Шу жумладан, антибиотикларни ҳам. Иккинчидан, мана шу дорихонага кириш, давлат муассасаларига боришдан кўра дорихона ходимларидан маслаҳат сўраш осонроқ. Бу тарафдан ҳам яхши эмас. Учинчидан, рецептсиз бемалол олиш мумкинлигига қараб ўз-ўзини даъволайди. Ўз-ўзини даъволгандан кейин албатта соғлиқ нуқтаи назаридан салбиий томонлари кўп. Аниқ ташхис қўйилмаган, аниқ билмаган ҳолатда улар дорини истеъмол қилади.