Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори доирасида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ тизимида ҳам қатор эзгу ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Хусусан, банк томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Унда банк раҳбарияти, банкнинг таркибий тузилмаларида ишлаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари ғояси асосида мустақиллик йилларида мамлакат ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бунёд этилган “Миллат фидойилари” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйилди.
Мулоқот давомида мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуанинг ташкил қилиниши “Ғалаба боғи”нинг маънавий аҳамиятини яна бир карра оширгани таъкидланди.
Бугунги тинч-осойишта ҳаётимизда миллатимиз қаҳрамонларининг мардона курашларининг ўрни нақадар юксак эканлиги қайд этилди.
Шундан сўнг ташкил этилган байрам тадбирида таниқли шоирлар, санъаткорлар ижросида она-Ватан, мустақиллик қадр-қиммати ҳақидаги куй-қўшиқлар ва шеърлар янгради.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан бундай туркумдаги маънавий-маърифий тадбирлар “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг таркибий тузилмалари томонидан худудларда ҳам ташкил этилмоқда.