Андижонда ҳоким ўринбосари, Наманганда боғча раҳбарлари пора билан ушланди

28.08.2025 20:58

Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг раҳбарларидан бири ҳамда Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари ўзаро тил бириктириб фермер хўжалиги ишончига киргани аниқланган.

Улар мазкур тумандаги балиқ етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигида аниқланган 4,1 млрд сўмлик зарар бўйича судга даъво аризаси киритмаслик, зарар миқдорини 10 баробарга оширилган ҳолда ундириш чораларини кўрмаслик, хўжалик раҳбари томонидан киритилган даъво аризасини қўллаб-қувватлаш эвазига фермерга тегишли бўлган Хонобод шаҳридаги 10 сотихли дала ҳовлини ҳоким ўринбосарининг қариндоши номига ўтказиб беришни талаб қилишган. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Туман ҳокими ўринбосарининг укаси фермер хўжалик раҳбаридан дала ҳовлининг кадастр ҳужжатларини олиб, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусда ушбу кўчмас мулкни ўзининг турмуш ўртоғи номига расмийлаштириб олаётган вақтида фош этилган.

Ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мансабдорига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, Андижон вилоятидаги туманлардан бирининг филиали бошлиғи туман захирасида бўлган 17 сотих тошлоқ ер майдонини нотурар жой сифатида фуқаронинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Наманган вилоятдаги туманлардан бирининг мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири ҳамда иккита хусусий боғча раҳбарлари мансабдор танишлари орқали фуқарони бошқа тумандаги давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирига мудира лавозимига тайинлаш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилишган ва пул маблағини олган вақтида ушланган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар