Бизнесни ривожлантириш банки Нукусда янги лойиҳа бошлади

28.08.2025 12:12

Нукус шаҳрида “Yori-I” лойиҳаси доирасидаги “U-HOPE 2025” инновацион дастури старт олишига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Япониянинг Ямагата университети профессорлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (UNDP) масъуллари, маҳаллий тадбиркорлар, менторлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини самарали амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.

Шунга мувофиқ, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида тадбиркорларни ўқитиш жараёнига “Япония тажрибаси”ни татбиқ этиш ва бу борада Япониянинг етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йил 27 январдаги Фармонда япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар орасидан 50 нафар менторни тайёрлаш вазифаси қўйилган.

«U-HOPE 2025” лойиҳаси айнан мазкур босқичдаги ишлар расман бошланганлигини англатади.

Ушбу вазифа ижроси доирасида жорий йилда Ямагата университетининг юқори баҳоланган тадбиркорликни ўқитиш дастури (Yori-I)га асосланган дастур асосидаги машғулотлар:

- Бошқарув бўйича амалий ноу-хауни эгаллаш;

- Инновацияларни илгари суриш;

- Янги бизнес яратишни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда олиб борилади ва якунда Қорақалпоғистонда яна 50 та ментор тайёрланади.

Дастур иштирокчиларда маърузалар, семинарлар ва мураббийлик орқали муаммоларни ҳал қилишнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, маҳаллий тадбиркорлик муҳитини янада жонлантириш, пировардида иқтисодий ўсишга олиб келадиган ташаббус экани билан эътиборга моликдир.

Янги – “Yori-I лойиҳаси доирасидаги U-HOPE 2025” очилиш маросимида сўзга чиққанлар томонидан ушбу лойиҳанинг ҳудудда иш ўринларини яратиш, маҳаллий иқтисодий тараққиётга эришиш ҳамда тадбиркорликка илғор тажрибаларни жорий қилиш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришдаги амалий аҳамиятига тўхталдилар.

Қайд этилдики, менторлар тайёрлаш ва маҳаллий тадбиркорларни ўқитиш борасида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва Ямагата университети ўртасида тузилган ҳамлорлик келишуви изчил равишда, кўзда тутилган муддатларда асосий мақсаддан оғишмаган ҳолда бажариб келинмоқда.

Бу эса, юртимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва аҳоли бандлик даражасини оширишга қўшилаётган муносиб ҳиссадир.

Зеро, “Yori-I лойиҳаси доирасидаги U-HOPE 2025” лойиҳаси доирасида машғулотлар фаол старт олди ва бир неча босқичда билим олган, синовлардан ўтиб менторлик талабларини аъло бажарган янги, маҳаллий тадбиркорлар тарафидан ўтказилиши келгусида янада кўплаб тадбиркорларни Япония тажрибаси асосида ўқитиш имкониятларини сезиларли равишда оширади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар