Толибон дабдабали тўй маросимларини тақиқлади

02.09.2025 20:27

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг раҳбари Хайбатуллоҳ Охундзода оилалар учун “исломий бўлмаган” ва молиявий жиҳатдан оғир деб топилган бир қатор анъанавий тўй маросимларини тақиқловчи фармон чиқарди.

“Толибон” муваққат ҳукумати адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган фармон билан ҳаддан ташқари кўп қалин пули, тўёна (тўй харажатлари учун пул), тўйдан олдинги ва кейинги базмлар, шоҳона зиёфатлар, фотиҳа тўй маросими ва келин-куйов учун бериладиган қимматбаҳо совғалар тақиқланади.

Қуйида ҳужжатда келтирилган асосий чекловлар:
–Фотиҳа тўй базмларидан, жумладан, “пайвазий” (фотиҳа ва тўйдан кейинги маросимлар) дан воз кечиш керак.
–“Дастмол хурий” (рўмолча маросими)да совға алмашиш фақат келин ва куйов ўртасида бўлиши мумкин. Бундай тадбирларни меҳмонхоналарда ўтказиш тақиқланади.
–Келин фотиҳа тўйидан кейин йилига бир мартадан ортиқ кийим-кечак совға сифатида ола олмайди. Куёвга кийим совға қилиш тақиқланади.
–Тўй маросимлари куёвнинг молиявий имкониятларига ва унинг яшаш жойига қараб ўтказилиши керак. Келиннинг оиласи қиммат меҳмонхоналарни сўрамаслиги лозим.
–Давлат транспорт воситаларидан тўйлар учун фойдаланиш тақиқланади.
–Куёвга тўй вақтида келиннинг уйига таом юбориш тақиқланади, келин оиласига эса ширинликлар учун ҳақ олиш ман этилади.
–Келин оиласи келинни топшириш вақтида пул талаб қила олмайди.
–Машина ёки бошқа қимматбаҳо совғалар мукофот сифатида бериладиган танловлар тақиқланади.
–Тўй тадбирларида осмонга ўқ узиш ва хавфли машина ҳайдаш ҳам ман этилади.
–Тўй тугагандан кейин пул ёки кийим-кечак тарзида совға алмашиш (“ронамой”) тақиқланади.
–“Бадал” амалиёти, яъни оилалар ўртасида қизларни алмашиш орқали низоларни ҳал қилиш тақиқланади. Фармонда бундай урф “яхши натижа бермайди”, дея қайд этилган.
–“Валвар” (келин пули) ва куйов оиласидан олинадиган шунга ўхшаш молиявий талаблар ҳам тақиқланади.

Фармонда, шунингдек, тўйлар харажатларни камайтириш учун фотиҳа тўй никоҳ тузилганидан кўп ўтмай ўтказилиши кераклиги таъкидланган.

“Бундай қадам Афғонистондаги иқтисодий инқироз фонида ташланмоқда. Инқироз оқибатида кўплаб ёш афғонлар учун уйланиш тобора қийинлашиб бормоқда”, дейилади хабарда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар