2017 йил аввалида катта резонанс берган “Халқ қабулхоналари” бугун қандай аҳволда? Минглаб мурожаатларни қабул қилган, ечим топиб берган, аҳолида катта ишонч уйғотган бу катта тизим бугун кичрайиб уйқуга кетмаяптими?
Давлат бюджетидан қурилган, республиканинг ҳар бир туман ва шаҳрида қад ростлаган ҳашаматли қабулхоналар нега бугун ҳувиллаб ётибди? “Халқ қабулхоналари”га бугун қоровул ва масъуллардан бошқа яна бирор бир инсон ҳам бораяптими? Улар почтачи вазифасига ўтиб олмадими?
Халқ ва ҳокимиятни мустаҳкам бирлаштирувчи тизим сифатида кўрилаяпган “Халқ қабулхоналари” бугун ҳам ишлаяётган бўлса, нега унда бу тизимга одамларнинг ишончи сўниб бораяпти.
Қабулхоналарда ишлайдиган ходимлар нима ишлар билан машғул? Ахир улар халқ тўлайдиган солиқдан ойлик олади. Ёки жамиятимизда қабулхоналарга бориладиган муаммолар камайдими? Агар шундай бўлса, нега журналист ва блогерлар мурожаатлардан бўшамайди.
Самара бермаётган тизимга бюджетдан қанча пул ажратилмоқда? Аччиқ, аммо халқнинг очиқ дардлари сабаб Rost24.uz ахборот сайти халқ қабулхоналари фаолиятини ўрганди. Ўйлантираётган, очиқ саволларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонаси мутасаддиларидан жавоб олмоқчи бўлдик, аммо раҳбар бизга интервью беришдан олдин Президент маслаҳатчисидан рухсат олиши кераклигини айтди.
Начора, биз Мирзо Улуғбек туманидаги “Халқ қабулхонаси” фаолияти билан танишиш учун ушбу манзилда бўлдик, бу ерда ҳам на мудирни на унинг мутахассисини учратдик, эшиклар қулф ва шаҳар ҳокимиятидан вақтинча келиб турган ходим бизга мудирни семинар тренингга кетганини маълум қилди. Шу боис қабулхонага келган фуқаронинг мурожаатини биз эшитдик.
Кейинги манзил эса Яккасарой туман “Халқ қабулхонаси” бўлди, бу ердаги мудир ҳам семинар тренингга кетганига, Бош вазир ўринбосари қабулхонаси ва унинг ўринбосари хонасининг ҳам эшиги иш вақти қулфлигига гувоҳ бўлдик. Бир ярим соат кутганимиздан сўнг мудир келиб, биз билан учрашди ва мутахассисидан қабуллар бўйича маълумот олишимиз мумкинлигини айтди.
Ҳозирча, “Халқ қабулхоналари”нинг бугунги фаолияти ҳақидаги махсус репортажимизни томоша қилинг. Биз бу мавзуга ҳали яна қайтамиз.