Ассалому алайкум Rost24.uz канали аъзолари, ҳурматли журналистлар!
Мен журналист ва блогерларни ҳурмат қиламан. Сизлар халқни ўйлайсиз, хақни сўйлайсиз. Кўп блогерларга мурожаат қилдим ҳозирча жавоб йўқ.
Мен Фарғона вилоятида яшайман. Оллоҳга шукур беш қизим, бир ўғлим бор. Президентимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган ОТМга кириш учун хотин-қизларга қўшимча 4 фоизли тавсиянома катта қизимга берилган эди. Қизимнинг танлаган биринчи йўналиши Андижон давлат университетидаги Хорижий тил ва адабиёти эди.
У ерда тавсиянома амал қилиш бали 135,2 бўлган. Қизим эса ўз кучи билан 151,2 балл тўплаган. Аммо талабаликка тавсия қилинмаган.
Туманимиздагилар Фарғонада яшовчи хотин-қизларга берилган тавсиянома Андижонга амал қилмайди деб айтишди. ДТМдан (71-234-97-91) қўнғироқ қилиб улар ҳам Андижонга тавсиянома амал қилмаслигини айтишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентига Ишонч телефони орқали мурожаат йўлладим. Ушбу мурожаатим бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори ўринбосари С.Раджабов жавоб қайтарган. Жавоб хатида тавсиянома Фарғона вилоятидаги ўтиш балига етмаганлиги кўрсатилган. Андижон вилояти бўйича эса ҳеч нарса дейилмаган.
Телеграмдаги "Юрист хизмати"га мурожаат қилдик (2428-савол). Тавсиянома Республикамиздаги барча маҳаллий ОТМда бирдек амал қилади деб жавоб ёзди. Мана шу кунгача ижобий натижа бўлмади.
ТАҲРИРИЯТДАН: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 402-сон қарорида шундай дейилади:
"Тавсиянома ажратилган қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди."
Аммо абитуриент қайси вилоятдан бўлса, ўша вилоятга топширсин деган жойи йўқ.