Россия фуқаросига иккинчи айиқни отишга рухсат берилмади

16.05.2021 07:07

Экология қўмитаси жамоатчилик эътирозини инобатга олди 

​​Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонларни овлаш учун квота Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳасини ов қилишга келиб тушган аризалар асосида 1 дан 15 ноябргача келгуси йил учун тайёрлайди ва 25 ноябрга қадар (қўшимча квота учун 25 апрелга қадар) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳаси бўйича хулосани 5 декабрга қадар (қўшимча квота учун 5 майга қадар) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 10 декабрга қадар (қўшимча квота учун 10 майга қадар) бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси асосида ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни тасдиқлайди, квотани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уни Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига (бундан буён матнда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органлари деб юритилади) юборади.

Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталарга мувофиқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органлари 20 декабрга қадар (қўшимча квота учун 20 майга қадар) квоталарни берилган талабномаларга мувофиқ тақсимлайди ҳамда ҳайвонот дунёсидан фойдаланишга доир рухсатномаларни беради.

Россиялик овчи Е.П. Широковга қўмита томонидан ов қилиш учун рухсатнома жорий йилнинг 3 мартдан 31 декабрь кунигача берилган. 2021 йил “Қизил китоб”га киритилган қўнғир айиқни овлаш учун ажратилган квотадаги 2 та айиққа ариза Россия фуқароси Е.П.Широковдан келиб тушганлиги учун ҳам рухсатнома унга берилган эди.

Квотадаги иккинчи айиқ ўрнатилган тартибда, яъни қонун устоворлигидан келиб чиққан ҳолда кўрилиб, бўлиб ўтган жамоатчилик эътирозини инобатга олиниб, иккинчи айиқни отишга рухсат берилмайди.

Абдурашид Содиқов,
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
Биохилмахиллик ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар 
масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи

Манба: Ekologuz

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар