ЁХУД ДИН, ТАРИХ ВА СИЁСАТ БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗО АЛАНГАСИ
Мана 75 йилдирки, Яқин Шарқдаги ҳодисалар ёки минтақа можароси халқаро ҳаётнинг энг муҳим мавзуси бўлиб қоляпти.
Энг йирик агентликлар ва ОАВ Исроил-Фаластиннинг ечилмаган ҳудудий ва ҳарбий-сиёсий низосини ёзишдан чарчагани йўқ. Ўтган йиллар мобайнида дунёнинг қудратли давлатлари – АҚШ ва Совет Иттифоқи, кейинчалик, АҚШ, Россия, Европа Иттифоқи ва БМТ орага тушишга уринди ҳамда турли тинчлик ташаббусларини илгари сурди. Аммо бу режалар ҳар доим ё Исроил ёки Фаластин томонидан рад этиб келинди.
"Яқин Шарқ тинчлиги – олам тинчлиги" деган ибора бор. Бу бежиз эмас. Ҳар доим Яқин Шарқ минтақасидаги олишувлар дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам занжир реакциясини келтириб чиқарди. Сўнгги тўқнашувлар Исроилнинг Шарқий Қуддусдаги Шайх Жарроҳ маҳалласидан 1956 йилдан бери яшаётган фаластинлик олти оилани ҳайдаш ҳаракати кетидан бошланди. Фаластин Шарқий Қуддусни бўлажак давлатининг пойтахти сифатида кўради, бироқ Исроил Қуддуснинг бўлинишига қарши.
Араб давлатлари лигасининг мустақил сиёсат юрита олмаслиги туфайли Фаластин яккаланиб қолмоқда. Араб давлатлари Ал-Ақсо масжидида юзлаб фаластинлик ва Исроил полицияси ўртасидаги тўқнашувларга муносабат билдираркан, Сурия ва Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирликлари Исроилни адолатсиз агрессияда айблади. Миср, Қатар ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Рамазон ҳайитида тарангликка барҳам беришга ҳаракат қилмоқда ва томонлар билан мулоқот бошлаган. Қўшма Штатлар томонларни муросага чақирди. Йил бошида Оқ уйда иш бошлаган Жо Байден АҚШ хавфсизлигига таҳдид деб кўрилаётган Эрон, Шимолий Корея, Хитой ва Россияга урғу бериб, ўзини Яқин Шарқ можаросидан олиб қочишга ҳаракат қилди, бироқ энди бу масала билан ҳам шуғулланишга мажбур бўлади. Айрим кузатувчилар фаластинликларнинг Шарқий Қуддусдан ҳайдалишини «этник тозалаш» деб атамоқда. Исроил Олий суди қуйи суднинг фаластинликларни Шайх Жарроҳдаги уйларидан ҳайдаш қарорини тўхтатиб қўйди.
Исроил Ғазо секторида ХАМАСга тегишли объектларни нишонга олмоқда. ХАМАС яҳудий кучларига қарши 250 дан ошиқ ракета отган. Исроил томонда икки аёл ўлган. Фаластинда эса 28 одам нобуд бўлган, айнан Ғазода тўққиз бола жон берган. Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ХАМАСга қарши ҳарбий амалиётларни кучайтиришни буюрди. «ХАМАС бунақа жавобни тасаввур ҳам қилмаган», дейди Нетаняҳу. Қуддус шарқидан араблар кўчирилиши юзасидан хавотирлар, шунингдек, Ал-Ақсо масжиди ва бошқа мусулмон масканлар атрофида яҳудий хавфсизлик кучлари кўпайгани Фаластин аҳли орасида саросимани ошириб, ХАМАС вазиятни ўзгартириш учун шартлар қўйди. Ташкилот талаб қилганидек, Исроил аскарлари жойидан қимирламагач, улар Қуддуснинг айрим қисмларини ўққа тута бошлади. Исроил барқарорликни таъминлаш учун қўшимча беш минг қўшин сафарбар этди. 700 дан зиёд фаластинлик бу тўқнашувларда жароҳатлангани маълум. Юзлаб араблар норозилик намойишларига чиққан. Исроил ҳукумати назарида ХАМАС чегарадан ўтиб кетди. 2014 йилдан бери бу кўламда жанглар кузатилмаган, дейди Исроил расмийлари. Уларга кўра, жавоб кескин бўлади. ХАМАС эса Исроилнинг жиноятлари ва агрессиясига қарши қараб турмаслигини эслатиб турибди.
Шарқий Қуддусда Рамазон ойида фаластинликлар Исроил полицияси ва кўчирилган яҳудийлар билан деярли ҳар кеч тўқнашди. Намойишлар ва тўқнашувлар шиддати турлича бўлиб, улар дин, ер ва сиёсат билан боғлиқ сабабларга кўра содир бўлди. Аммо буларнинг барчаси замирида ҳам уч самовий дин, мусулмонлар, ҳам насронийлар, ҳам яҳудийлар учун муқаддас жойларга эга Қуддус шаҳри учун исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги давом этаётган кураш ётади. Апрель ойи ўртасида Рамазон ойи бошланиши ортидан фаластинликлар ифторликдан кейин Эски шаҳарнинг Дамашқ дарвозасида тўсиқ қўйган Исроил полицияси билан деярли ҳар кеч тўқнашдилар. Фаластинликлар тўсиқларни йиғилиш эркинлигига қўйилган чеклов ўлароқ кўрдилар. Полиция тўсиқлар тартибни сақлаш учун ўрнатилганини айтди. 10 май куни Исроил Олий суди Дамашқ дарвозаси яқинида Шайх Жарроҳ мавзесида яшовчи фаластинликлар уйидан кўчирилиб, уйлари исроилликларга ўтказиб берилиши юзасидан ўз қарорини чиқариши кутилаётган эди. Баъзи исроилликлар бу кўчага аллақачон кўчиб келган бўлиб, кўчирилиши мумкин бўлган фаластинликлар ёнида яшамоқда. Суд мажлиси яқинлашар экан, фаластинликлар ва сўл қанот исроилликлар кўпроқ намойиш уюштира бошладилар. Улар фаластинликларни мажбуран кўчириш давом этса, асосан фаластинликлар яшайдиган маҳалланинг қолган яшовчилари ҳам кўчирилиши мумкинлиги ҳақида хавотир изҳор қилдилар. Шайх Жарроҳда диндор яҳудийлар қадимий руҳоний Одил Симоннинг мақбараси деб ҳисобловчи қабр ҳам жойлашган бўлиб, у ерда яшовчи фаластинликлар ва мақбарани зиёрат қилгани келган диндор яҳудийлар ўртасида тез-тез зиддият юзага келади. Аввалроқ қуйи суд кўриб чиқилаётган ер парчаси 1948 йилги урушгача Шарқий Қуддусдаги яҳудийларга тегишли бўлган, деб қарор чиқарган эди. Суд ишига Исроилда ва халқаро миқёсда катта эътибор қаратилмоқда. Халқаро босимлар остида Исроил Олий суди арабларни кўчириш борасидаги қуйи суд қарорини бекор қилди.
10 майда Қуддус куни нишонланди. Қуддус кунида ҳар йили яҳудийлар Шарқий Қуддуснинг Исроил томонидан 1967 йилда босиб олинишини нишонлайди. Бу сафарги байрамда Қуддусдаги зиддият кескинлашди. Савол туғилади: нега Қуддус бу қадар нотинч? Бунинг сабаби учта: сиёсат, тарих ва дин. Қуддуснинг Эски шаҳар қисми марказида бутун дунё яҳудийлари учун энг муқаддас маскан – Ибодат тепалиги, Кўз ёши девори ва мусулмонлар орасида Ҳарам аш-Шариф номи билан танилган тепалик жойлашган. Бу ерда қадимда яҳудий ибодатхоналари бўлган. Ҳозирги кунда у ерда мусулмонларнинг икки муқаддас масжиди – Қуббат ус-Саҳро масжиди ва Ислом динидаги учинчи муқаддас масжид ҳисобланувчи Ал-Ақсо масжиди жойлашган. Мусулмон олами учун Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди алоҳида аҳамият касб этади. Ислом таълимотига кўра, охирзамон пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Меърожга (яъни арши аълога) Жаброил алайҳиссалом билан бирга айнан Ақсо масжидидан кўтарилгани учун масжид алоҳида қадрланади. Ақсо Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Масжидул Набавийдан кейин ислом оламида энг муқаддас даргоҳ сифатида эътироф этилади. Ислом умматининг биринчи қибласи (Исломнинг илк даврида мусулмонлар Қуддуси шарифдаги Масжидул Ақсо тарафга қараб намоз ўқишарди) деб аталадиган Ақсо масжиди учта динга макон бўлган муқаддас Қуддус шаҳрининг айни дамда Исроил назоратига ўтиб қолган ҳудудида жойлашган. Шунингдек, насронийлар ҳам шаҳарни Исо пайғамбар воизлик қилган, ўлган ва қайта тирилгани айтиладиган жой сифатида қадрлайди. Исроил бутун Қуддусни ўзининг абадий ва бўлинмас пойтахти деб билади. Фаластинликлар эса шаҳарнинг шарқий қисмини бўлажак давлатлари пойтахти бўлишини хоҳлайдилар. Исроил Шарқий Қуддусни аннекcия қилиб олгани халқаро миқёсда тан олинмаган.
Шу ўринда араб-исроил можароси тарихига назар ташласак. Унинг расмий бошланиши 1947 йилга, аниқроғи, БМТ Бош Ассамблеяси тарихий Фаластин ерларини икки давлатга – араб ва яҳудийлар давлатига ажратиш, Қуддусга халқаро бошқарувдаги мақом берилишини кўзда тутган қарор қабул қилган пайтга тўғри келади. Бироқ чинакам қарама-қаршилик 1930 йилларда бошланди. Муаммони ечишга уринилмади, дейиш нотўғри, албатта. Ўтган ўн йилликлар мобайнида музокараларнинг барча эҳтимолий шакллари синаб кўрилди, энг экзотик ташаббуслар илгари сурилди, бироқ тинчлик шартномаси имзоланмади. 1990 йилларда барқарорлаштириш тамойиллари келишиб олинди: «икки халқ учун икки давлат» ва «тинчлик эвазига ерлар», қолаверса, Фаластинда ўзини ўзи бошқариш органларини тузиш. Сўнгра Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида яҳудийлар учун манзилгоҳларни қуришга киришиб кетгани туфайли тинчлик жараёни жойида депсиниб қолди, 2010 йилдан музокаралар деярли боши берк кўчага кирди. Фаластинликлар босиб олинган ҳудудларда яҳудийлар манзилгоҳлари қурилиши тўхтатилишини талаб қилган бўлса, Исроил дастлабки шартларсиз музокаралар бошлашни таклиф этди. Шундан сўнг вазият янада чигаллашди. Фаластин-Исроил можаросини барқарорлаштиришнинг мураккаблиги унинг кўп қиррали эканлигида. Бу шунчаки ҳудудий баҳс эмас. Бешта муҳим масала ечилиши лозим. Булар – чегаралар, Қуддус мақоми, Исроил хавфсизлигини таъминлаш, қочоқларнинг қайтиши, минтақа учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган сув ресурсларини тақсимлаш муаммоларидир. Бу жиҳатларнинг барчаси ўткир ва ҳар икки томон учун оғриқли мавзу. Ушбу пунктлардан бирортаси бўйича тушунмовчилик тинчлик қарор топишини имконсиз қилиб қўяди. Мазкур муаммога қайси томондан назар солманг, низонинг натижаси иккинчи юз йилликка ўтдики, давомли баҳсдир. У мунтазам «шамнинг пилиги»га ўхшаб куйиб, кўпинча аланга олмоқда. Фаластин халқи жуда катта нарсани истамаяпти, ўз юртини қайтариб олишни хоҳлайди, холос. БМТ қарорлари, халқаро қонунларга мувофиқ ишғол қилинган мамлакат ўзини ҳимоя қилишга, (ўз ерини) қайтариб олишга ҳақли. Шу нуқтаи назардан Фаластин 1967 йилдаги чегаралар доирасида давлат ташкил этишни орзу қилади. Аммо Исроил бунга кўнмайди.
Хулоса ўрнида айтганда, тинчлик ўрнатилиши ҳақиқатдан анча йироққа ўхшайди. Зеро, фаластинликлар Қуддусни ва Иордан дарёси Ғарбий соҳилининг ярим ҳудудини топшириб, ўзлари томошабин бўлиб ўтиришини, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган давлатда яшашга розилик беришини тасаввур қилиш қийин. Ўз пойтахтини Шарқий Қуддусда жойлаштириш ғоясидан воз кечиши ҳам шубҳали. Исроил давлати ҳозирги зўравонлиги билан Фаластинга том маънодаги мустақилликни туҳфа этишни хоҳламаслигини намойиш этди. Шундай бўлиши турган гап. Чунки Фаластин Осиё, Африка ва Европа чорраҳаси туташган нуқтада жойлашгани билан қулай жўғрофий, стратегик аҳамиятга эга. Бу аснода араб давлатлари қуруқ баёнотлар беришдан, Фаластинни ўз ҳолига ташлаб қўйишдан ор қилмаяптилар.
Абдували Соибназаров,
сиёсий шарҳловчи