Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 6,8 фоизни ташкил қилмоқда

26.07.2025 10:19

Жорий йил январь июнь ойларида республикада камбағаллик даражаси 2,1 фоизга қисқариб, 1 июль ҳолатига 6,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда 25 июль куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги аҳоли бандлигига оид тақдимотда маълум қилинди.

Тақдимотда давлат раҳбарига Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бажарилаётган ишлар ҳақида ахборот берилган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқотда банклар маҳаллаларга боғланиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётгани таъкидланган. Хусусан, 2025 йил январь июнь ойларида 3 миллиондан зиёд аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилингани қайд этилган.

Тақдимотда касбий таълим меҳнат бозори эҳтиёжларига мос эмаслиги сабаб кадрлар тайёрлашда муаммолар юзага келаётгани айтилган. Меҳнат муносабатларидаги айрим меъёрлар тадбиркорлик субъектлари, айниқса, кичик корхоналар учун мураккаблик туғдираётгани ҳам таъкидланган. Ишга қабул қилишда ахборот технологиялари имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани билдирилган.

Қайд этилишича, амалдаги талаблар иш берувчиларни ҳақиқий вакансияларни очиқ эълон қилишга рағбатлантирмайди. Оқибатда бу маълумотларни яширишга олиб келиб, меҳнат бозорини тўғри таҳлил қилиш ҳамда касбий таълим йўналишларини аниқлаш имконини чекламоқда.

“Тақдимотда мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган янги режа ва ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Унга мувофиқ, меҳнат органлари иш берувчиларга нисбатан жазо қўлловчи эмас, балки ҳамкор сифатида фаолият юритувчи, уларга хизмат кўрсатувчи тузилмага айланиши кўзда тутилмоқда. Хусусан, иш берувчилар томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги мажбурий маълумотларни тақдим этмаслик ва жўнатилган номзодларни ишга олмаслик учун жазо чораларини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Бу орқали бандлик органлари иш берувчилардан тўғри ва ҳаққоний маълумотларни тўплаб, уларга иш излаётган фуқароларни йўналтиради. Иш берувчи эса номзодни қабул қилиш ёки қилмасликни ўзи ҳал этади. Ушбу тизимни жорий этиш учун махсус электрон платформа яратилиб, дастлаб Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошланади ва кейинчалик бутун мамлакат бўйича татбиқ этилади”, деб ёзади президент матбуот хизмати.

Касбий таълим сифатини янада ошириш мақсадида хусусий сектор вакилларини Касбий кўникмалар марказлари фаолиятига жалб этиш, айрим марказларни эса аниқ соҳалар бўйича ихтисослаштирилган таълим масканларига айлантириш режалаштирилган.

“Мутасаддиларга касбий таълимни уч босқичли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди. Жумладан, интернет орқали бепул видеодарсларни жорий этиш, ишловчи фуқароларга қайта тайёргарлик ёки малака ошириш учун “касб ваучери” орқали имконият яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди”, дея қайд этган манба.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар