ҲАЙРАТ: Сайтимизда “Ўрта асрлар шароитида, олис бир қишлоқда яшаётган аёл ҳаётидан лавҳа” номли видеорепортаж эълон қилинган эди. Таҳририят махсус лойиҳа асосида видеорепортаж қаҳрамонини Тошкентга олиб келди.
“Чекка бир қишлоқнинг, чекка бир жойида умрим ўтаяпти. Менинг қишлоғимда ҳам имкониятлар бўлганда эди, шаҳарга келиб ўқиган бўлар эдим. Бир столнинг эгаси бўлармидим... 41 йил умрим бекор ўтиб кетаётгандек”, дейди Самарқанднинг Пайариқ тумани, Накурт қишлоғида яшовчи Лобар Марқаева.
Олис қишлоқда, яшаш шароити оғир, эски, нураб кетаётган, томлари ҳам шиферланмаган уйда 5 нафар фарзандни вояга етказаётган, аммо шу кунларидан ҳам ҳеч нолимаган содда қишлоқ аёли Rost24.uz ахборот партали лойиҳаси асосида Тошкентга олиб келинди.
Ҳаётда ҳамманинг орзуси турлича. Лобар Марқаева учун Тошкентни томоша қилиш бир орзу эди. У шу вақтгача шаҳар ҳаётини суратлар ва киноларда томоша қилган.
“Сокин ҳаётга ўрганганман. Тошкент жуда гавжум. Пойтахт ҳақида умуман бошқача тасаввурда эдим”, дейди у. Лобар Марқаева Тошкентга келиб онасини кўрди, китоб дўконига борди, шаҳар айланди. Саховатпеша замондошларимиз ҳиммат кўрсатди. “Янги аср авлоди” нашриёт уйи қаҳрамонимизнинг китобга қизиқишини инобатга олиб, уни китоб дўконига таклиф қилди. Дўконнинг махсус 30 дан ортиқ совға китобларини ҳадя қилишди.
Қишлоғидан тубдан фарқ қиладиган, “Тошкент сити”да сайр қилди ва таасуротлари, афсуслари ва хурсандчиликлари билан бўлишди. Бошқалар учун оддий кўринган шаҳарга хос бўлган нарсалар Лобар опани ҳайратлантирди. У яшаётган қишлоғи ўзи яшаётган Республиканинг бир бўлаги эканлигидан ҳайратда. Лобар Марқаева учун Тошкент бу ўз уйидан 500 километр узоқликда бўлган, оддий бир пойтахт эмас, эртакдаги шаҳардек туюлганини айтади. Қишлоқдаги оғир шароит, имконсизлик туфайли унинг оддий хоҳишлар ушалмас бир орзулигича қолган эди. Накуртлик Лобар Марқаеванинг таасуротлари билан қуйидаги видеорепортажда тўлиқ танишишингиз мумкин.