Ҳиндистонлик шифокор: Коронавирусга қарши, албатта, ҳамма вакцина олиши керак

09.05.2021 15:54

Rost24.uz ахборот портали мухбири куни кеча коронавирус касаллигининг навбатдаги тўлқини сабабли тиббий мураккаб ижтимоий ҳолатда турган – Ҳиндистон давлатидан келган шифокор Маҳбооб Афзал билан шу мавзуда суҳбатда бўлди.

  • Нафақат давлат, балки шахсий клиникалар ҳам Ҳиндистонда 24 соат ишламоқда, – дейди Маҳбооб Афзал. – Сабаби ўтган сафар коронавирусни юқтириш даражаси мамлакатимизда жуда паст, секин эди. Ҳозир эса 3 баробар тез. Шунинг учун қанча ҳаракат қилинса ҳам давлат шифохоналари ҳам, шахсий клиникалари ҳам эплай олмаяпти. Сабаби касалликни юқтириш бирданига кўпайиб кетди. 

Масалан, битта клиникада 250 та ўрин бўлса, 1 нафар шифокорга 500 та бемор тўғри келса биз қандай даволаймиз? Шу муаммо бўлиб қолди, лекин давлат шифокорларга ёрдам бермоқда. Ҳозирда Деҳлининг ўзида катта-катта ер майдонларида 500 та ётоқхонали янги клиникалар қурилмоқда. Бир нечтаси ҳозирги кунда ишга тушди. Муаммо ўша-ўша, бирданига касалланиш ортгани ҳисобига ҳамда аҳоли кўплиги сабабидан биз шифокорлар эплай олмаяпмиз. Лекин ҳозирда вазият яхшиланмоқда.

Ўлим жуда кўп бўлди. Қабристонда жой етмай қолди. Лекин бизда яхши томони тузалиш ҳам кўп. Аҳоли кўплиги сабабли бизга бу нарса кўп билинмоқда. Биласиз, Ҳиндистонда 1.5 млрд. аҳоли бор, дунёда Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Аҳоли кўплиги сабабдан, ўлим ҳам кўп бўлди.

Шунинг учун энди ниқоб тақиш керак, ва албатта, вакцинани олиш керак. Ўтган сафар бизда вакцина чиққанда ҳам кўпчилик вакцина олмади. Тўғри вируснинг  дастлабки  босқичида фақат оғир касалларга коронавируснинг зиёни тегарди. Мисол учун кимда ким қандли диабет, қон босим, буйрак ва жигар алмашинуви, онкологик каби касалликлари билан оғриётган бўлса шу беморларга кўпроқ зарар тегарди. Лекин ҳозирги кунда, яъни вируснинг бугунги тўлқини соғлом одамларни ҳам орамиздан олиб кетмоқда. Вакцина олганларга эса ҳеч нарса таъсир қилмаяпти. Ким вакцина олган бўлса оддий бош оғриқ бўлади, бир-икки кун иситма чиқади, барибир ўлим бўлмайди. Шунинг учун вакцина олиш керак.


Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига кўра, сўнгги кунда мамлакатда 414,4 минг нафар коронавирус билан касалланганлар қайд этилган, COVID-19 га чалинганлар умумий сони эса 21,77 миллиондан ошган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳиндистонда 169 миллиондан ортиқ одам коронавирусга қарши эмланганини таъкидлади, ўтган кун давомида эмланганлар сони 2 миллионга кўпайган.
Касаллик ҳолатлари сони бўйича Ҳиндистон АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди.
Мамлакатда тиббий кислородга бўлган талаб апрель ойидагига нисбатан етти бараварга ошган. Тиббий вазият мураккаблашган ушбу давлатга яқинда Ўзбекистон мобил кислород концентраторлари тўпламлари ва турли дори воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамини юборди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар