ИИБнинг қўрқинчли ходимлари — зўравонлик, шантаж ва қўрқитиш билан шуғулланди

08.05.2021 12:39

Айби йўқ одамларни айбдор қилиш, қотилликларни бўйнига илиш билан қўрқитиш, калтаклаш ва зуғум ўтказиш...

Наманган вилоят ички ишлар бошқармасининг Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор вакиллари Жамолиддин Тўраев ва Холмурод Эгамбердиевлар ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган ходимлардан бўлиб чиқди.

Гап шундаки, бошқарма топшириғи билан Поп туманига келган иккала тезкор вакил туманнинг А.Навоий маҳалласи ҳудудидаги «Лаззат» кафесидан “Fast-food" егулигини сотиб олишади. Бироқ кафеда бўш ўриндиқлар бўлмагани учун қўшни “Ifora” номли музқаймоқ шохобчасига кириб тамадди қилишади. Сўнгра “Fast-food«нинг чиқиндисини шохобча ҳудудига ташлашади. Бу маҳал эса “Ifora” сотувчиси Дониёр Ғоипов тозалов ишларини амалга ошираётган эди.

Сотувчи йигит ҳам илтимос, ҳам танбеҳ маъносида уларга «Акалар, чиқиндисини бу ерга ташламанг. Кўряпсизлар, ҳамма ёқни тозалаяпман», дейди. Аммо Д.Ғоипов ниқобини ечиб қўйган ҳолда ишлаётганди. Мазкур ҳолат эса ИИБ ходимларига жуда қўл келади.

Х.Эгамбердиев уяли телефонида Дониёрни суратга олади. Ўз навбатида ходимлар ҳам ниқобсиз ҳолатда бўлиб, карантин қоидаларига амал қилишмаганди.

Шу боис мезбон йигит ҳам уларни мобил телефони орқали суратга туширади. Пировардида Д.Ғоипов ҳамда ходимлар ўртасида оғзаки тортишув юз беради. Қолаверса, Холмурод Дониёрнинг уяли телефонини олиб қўяди.
Сўнг Жамолиддин иккаласи унинг қўлларни қайириб, туман ички ишлар бўлимига олиб кетишади.

ИИБ биносига олиб киргач эса Д.Ғоиповнинг қорин ва юз қисмига уришади. Кейин бояқиш йигитни 3-қаватга олиб чиқишади. Натижада юқори қаватдаги хонада Х.Эгамбердиев қўллари билан унинг қорин, бош ва пешона соҳаларига зарба беради. Ж.Тўраев эса икки-учта иш журналларини бирлаштириб, “Ifora” хизматчисининг пешонасига ура бошлайди. Бу ҳам етмагандек, ерга ўтирган ҳолда оёқларини чўзиб, қўлларини бошининг орқасига қўйишни буюради. Бинобарин, Дониёр кетма-кет берилган калтак ва зарбалар оғриғига чидолмай қолади. Илтимос, кечирим сўрашга тушади.


Лекин оддий фуқаронинг эътирозини қабул қилишни ўрганмаган ходимларга илтимосу ялинишлар кор қилмасди ўша дамда. Аксинча, шундан кейин Жамолиддин ва Холмурод Дониёрни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишади. Энг ачинарлиси, тўғри гапни гапириб балога қолган йигитни «Ҳали сен шошмай тур, «Ғурумсарой»да юз берган қотилликни бўйнингга илиб қўямиз», деб қўрқитишади.

Сўнг катта тезкор вакиллар ҳудуд профилактика инспектори Назиржон Ҳалимжоновни бўлимга чақиртириб, ниқобсиз юргани учун Д.Ғоиповга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиришни буюришади. Натижада Н.Ҳалимжонов Дониёрни ИИБдан олиб чиқиб, вақтинча музқаймоқ шохобчасига ташлаб кетади.

Албатта, инсон бошига бирор-бир ташвиш тушса, биринчи галда яқинлари, жигарларига суянади. Шу маънода айтганда, Дониёр ҳам дарҳол акаси Дилмурод Ғоиповга қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани ипидан-игнасига сўзлаб беради. Бундай ноҳақликка тоқат қилолмаган Дилмурод эса ўша заҳотиёқ Поп туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилади. Дониёр туман прокуратураси ташқарисида турган вақтида бўлса, профилактика инспектори келиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштиради. Аммо Дониёрнинг аҳволи ёмонлашиб, туман марказий шифохонасига тушиб қолади.

Шундан сўнг мазкур ҳолат юзасида суриштирув ишлари олиб борилиб, «қонун ҳимоячилари»га нисбатан жиноят ишлари қўзғатилади. Уддабуронликни қарангки, ўз қилмишининг оқибатини яхши билган айбдорлар суриштирув-тергов жараёнларида жабрланувчига моддий ва маънавий зарар ҳисобида 10.000.000 сўм нақд пул беришади.
Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўз жинояти туфайли ўзгаларга зарар етказган ҳар қандай шахс келтирган зарарининг ўрнини қоплаши шарт. Бироқ бу айбдорнинг жазодан озод қилмайди.

Бинобарин, айни иш жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг судьяси Бахтиёр ОБИДОВ раислигидаги суд мажлисида кўриб чиқилди. Б.Обидовнинг rost24.uz га маълум қилишича, суд иккала тезкор вакилни ҳам Жиноят кодекси 206-моддасининг 1-қисми, 234-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топди. Натижада уларни 3 (уч) йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
15
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.06.2021 21:04
Бу Ифлосларни Камида 5 йилга камаш керак Эди. Адолатсиз Карор кабул килинибди. Агар оддий фукоро ииб ходимини урганда унга Камида 5 йил беришар Эди. Адолат талаб киламиз.
31.05.2021 17:47
Уша ходимларни қамаб юбориш керак эди зора бошқа ходимларга урнак бўлармиди. Бу холатлар республикамизда кам деб ўйлайсизми аксинча булар хозир айтганиздай жарима тўлаб юришади жиноятни ходимларни ўзлари қилишади.
31.05.2021 02:21
Хабар йуллагандик жавоб булмади
31.05.2021 00:30
Қамалиши керак.
30.05.2021 14:48
Bundaylarga o'rin yo'q
12.05.2021 04:22
Факат шу жазоми?Нега ахлок тузатишга эмас.Давлат одами булиб туриб катта хатога йук куйишган бу нотугри жазо.Куриб чикиб инсон хаетига улимга олиб келадиган иш килишганку.
10.05.2021 14:58
Нега қамоқ йуқ уларга оддий халқ сўкинса хам 15 сутка була зўравонлик,фирибгарлик, одам бадани ва соғлиғига зиён етказса хам ишдан 3 йилга четлатиш
09.05.2021 23:51
Ман ҳеч ҳам хайрон қолмадим. Бунақа "ходимлар" ички ишлар органларида таракандай босиб ётибдику. Форма буларга ниқоб. Формани рўкач қилиб дофига ишлар қилишади. Фамилиясини тўғри ёзолмайдиган, битта хатида мингта орфографик хато қиладиган саводсизлар бизни ички ишлар органларида сероб. Шантаж, қўрқитиш, туҳмат қилиш буларни қонига сингиб кетган
09.05.2021 18:09
Бу итдан таркаган моллар билан кандай килиб курашса булади?
09.05.2021 16:06
3 йил кам! Умрбод ички ишларда ишлаёлмайдиган,яна давлат вакили буптуриб шу ишни килгани учун 10 йил камаш керак.Яна жарима хам тулаши керак анови жабрдийдага. Шунда АДОЛАТдан булади !!!