Ўзбекистон “Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров Тошкент шаҳридаги “Истиқлол” санъат саройи қаршисида ташкил этилган катта оммавий концерт дастури давомида собиқ совет иттифоқининг қизил байроғини намойишкорона кўтариб чиққанларга муносабат билдирди.
"Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси куни кеча Тошкент Истиқлол саройи олдида ташкил этилган беғараз концерт дастурида йўл қўйилган ғаразли провокацияни кескин қоралайди.
Биз санъатга қарши эмасмиз, санъатни сиёсатга қурол қилинишига қаршимиз.
Тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодларимизнинг қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғини мамлакатимиз пойтахтининг қоқ марказида баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаймиз.
Бош Прокуратурадан бу провокацияга тегишли баҳо берилишини кутиб қоламиз", дейилади “Миллий тикланиш” партияси раиси баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолатга айни пайтгача бошқа бирор бир расмий идора муносабат билдиргани йўқ.