Қирғиз-тожик чегарасидаги зиддият: отишмаларда 1 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди

29.04.2021 12:42

Хабарингиз бор, бугун, 29 апрель куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги Кўктош қишлоғида тожик тарафи столбага сув тақсимотини кузатиш учун камера ўрнатиши ортидан маҳаллий аҳоли ўртасида тортишув келиб чиқди.

Ушбу ҳолат бўйича томонлар низода бир-бирини айбламоқда. Қирғизистондаги учта қишлоқ ҳудудида фавқулодда режим жорий қилинган, шунингдек, қирғизлар Президент Жапаровнинг шахсан Тожикистон чегарасига келишини талаб қилишмоқда.

Ўз навбатида, Бишкек марказида митинг бўлиб ўтмоқда. Унда юзга яқин киши йиғилган. Фуқаролар Бош вазир Улукбек Марипов ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам Боткен вилояти чегарасига боришлари кераклиги ҳақида айтишмоқда.

Қамчибек Ташиев кеча Германияга учиб кетган эди, аммо Боткен шаҳридаги вазият туфайли у қайтишга мажбур. Хабарларга кўра, Ташиев республикага тунга яқин етиб келади.

Қирғизистон чегара хизмати хабар беришича, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги ҳарбий қисмлар ўртасида отишма бошланган.

Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров чегарадаги вазият бўйича йиғилиш ўтказди. Куч ишлатар тузилмалари ва давлат органлари раҳбарларининг маълумотларини тинглади. Ташқи ишлар вазирлигига вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ишларни давом эттириш вазифаси топширилди.

Тожикистон ҳам чегарадаги тўқнашувлар бўлаётган ҳудудга қўшимча ҳарбий қисмларни жалб қилмоқда. Маълум бўлишича, тўқнашувларда қирғизистонлик 1 киши ҳалок бўлган, 16 киши жароҳат олган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар