Тошкент вилояти Назарбек қишлоқ фуқаролари йиғинида жойлашган 5 та маҳалланинг салкам 12 минг нафар аҳолиси учун шу вақтгача на мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қуриб берилмаган.
40 йилдирки, собиқ иттифоқ даврида, “селсовет”да мактаб ва боғча учун ажратилган ер бўш қолаётган эди. Аммо, шу кунларда мактаб ва боғча учун мўлжалланган ерга тадбиркор томонидан 40 дан ортиқ ҳовлили уй (котеж) қурилаётгани аҳолига маълум бўлди. Табиийки, аҳоли бундан норози. Тошкент вилояти, Зангиота тумани ҳокимияти мутасаддилари нима учун мактаб ва боғча ерларини “котеж” қурилиши учун ажратиб берди?
Назарбек ҚФЙ аҳолиси фарзандлари учун мактаб ва мактабгача таълим муассасалари керак эмасми?
Фуқаролар атрофда мактаб йўқлиги сабабли болалар хавфли кўприк орқали Тошкент шаҳрида жойлашган, узоқдаги мактабга қатнаётганини айтмоқда. Имконияти бор аҳоли фарзандини машинада пойтахтдаги мактабларга олиб боради. Назарбек ЙПХ пости ҳар тонг болалар тўла машиналар билан тирбанд. Аҳоли мактабсиз қийналмоқда, қурилиши мўлжалланган мактаб ерини эса мутасаддилар тадбиркорларга бериб юборган. Тадбиркор 2.4 гектар ерга 40 дан ортиқ ҳовли, маҳалла идораси ва 100 кишилик мактаб ва боғча қурмоқчи. Аммо, бу аҳоли эҳтиёжини қондирмайди. Мактабсиз қолаётганн аҳоли ёнига яна 40 та котежда яшовчилар қўшилади. Уларни 100 кишилик мактаб ва боғчага сиғиб кетиши даргумон. Воқеалар ривожи Rost24.uz мухбири Рухсора Ғофурованинг репортажида.