Йўқчиликдан нолимай, борига шукр қилиб яшаётган матонатли қишлоқ аёлига юртдошларнинг таклифи
Шукрки, мамлакатимизда эҳтиёжманд ҳеч бир фуқаро эътибордан четда қолмайди. Ҳар бир юртдошларимизнинг қалбида ота-боболаридан қолган, азалдан қон-қонига сингиб кетган ўлмас фазилатлари бор. Бу халқ фарзандлари бирдамлик, бир бирига ёрдам беришни, эҳтиёжмандга кўмак кўрсатишни ўзининг бурчи, деб ҳисоблайди.
Сайтимизда эълон қилинган "Ўрта асрлар шароитида, олис бир қишлоқда яшаётган аёл ҳаётидан лавҳа" видеорепортажимиз ҳам кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Аслида репортажимизда суҳбатга тортган қаҳрамонимиз оиласи оғир шароитда йилларни яшаб ўтказаётган бўлса-да, ҳеч кимдан ёрдам сўрагани, ўтаётган ҳаётидан нолигани йўқ. Аммо шундай бўлса-да видеодаги ҳолатни, аёлнинг дардли кечинмаларини тинглаган айрим юртдошларимиздан бу оилага беминнат кўмак қўлини чўзиш истагидаги таклифлар келмоқда.
Бизга келаётган мактубларда, матонатли, содда ўзбек аёлларининг тимсоли сифатида ҳаётидан нолимай яшаётган, қандай оғир шароит бўлса-да, турмушидан рози аёлга ҳар қанча кўмак берсак арзийди, дея ёзилмоқда.
Ана шундай таклифлардан бири талабалар томонидан телеграм манзилимизга келди:
Assalomu aleykum.
Kechagina youtube kanalingizda Samarqanddagi poyariqlik ayol bilan tayyorlangan reportajni kòrdik. Òzim talabaman. Boshqa dòstlarim bilan birga pul yiģib, ularning farzandlariga kitoblar, òquv qurollari, imkoniyatimiz yetsa ayol uchun tikuv mashinasi olib berish niyyatida edik.Ular bilan boģlanish uchun telefon nòmer va aniq manzilni berish imkoni bormi?
Agar bòlsa berolasizlarni, oz bòlsa-da yordamimiz tegsin ularga...
Бу каби таклифлар ижтимоий тармоқлардаги манзилларимизга кўплаб келмоқда. Пластик карта рақамини, яшаш манзилини, алоқа рақамини сўраётганлар, аҳволидан хабар олиш истагидаги саховатпеша юртдошларимиз шукрки, оз эмас экан.
Rost24.uz таҳририяти Лобар Марқаевани 16 йилдан буён хаста бўлиб ётган онаси билан учраштириш, қишлоғидан нарини кўрмаган аёлга катта шаҳарларни кўрсатиш, унинг учун ҳеч қачон ушалмас орзу бўлиб туюлган театрларни, кинозалларини кўрсатиш, катта китоб дўконларини сайр қилдириш каби аслида бугунги давр одами учун шу замонларда эришиши жуда оддий бўлган орзуларнинг амалга ошишига кўмаклашади.
30 йилдан буён умрини фақат ўтин орқалаб тандирда нон ёпиш, челакда сув ташиш, лой қориш, қўй боқиш каби ҳаёт ташвишлари билан ўтказаётган, қишда совуқ, баҳорда ёмғир ўтадиган, нураб кетаётган лойсувоқ уйда умргузаронлик қилаётган, аммо шу ҳолидан-да рози, ўтаётган кунларидан афсусланмай фақат келажакдан, болаларидан умид қилиб яшаётган қаҳрамон аёл — Лобар Марқаева Тошкентга таклиф қилинди. Жамоамиз унга онасини кўрсатишда, саховатпеша инсонлар билан учрашишга имконият яратиб беради.
Шунингдек, китобларга кўмилиб яшашни яхши кўрадиган китобхон бу замондошимизни Тошкентдаги китоб дўконларига олиб бориш режаси ҳам бор.
Сайтимизни кузатиб боринг, катта шаҳарга келган олис қишлоқ аёлининг ҳайратларини, фикрларини, одамларга, бу борлиққа муносабатини сиз билан бўлишиб борамиз.