Қирғизистонлик аёл Танзила Норбоевага мурожаат йўллади. НЕГА?

20.04.2021 09:44

30 йилдан буён Андижонда яшаб, умр кечираётган Шоира Эгамова ҳамон Ўзбекистон паспортини ололмаяпти

Ўзбекистонда яшаётган қизи билан кўришолмай зор йиғлаётган қирғизистонлик Чинихон ая Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевага хат йўллади.

Қирғизистонлик Чинихон ая 10 йилдирки, Ўзбекистонга келин қилиб узатган фарзанди билан учраша олмаяпти. У 1990 йилда қизи Шоирахон Эгамовани Андижон вилоятининг Избоскан туманига узатади. Қизи Шоира 1991 йили Фуқаролиги бўлмаган шахс (ФБШ) ҳужжатини олади. Ушбу ҳужжат асосида у 2010 йилгача Қирғизистон ҳудудига эркин ўтиб-келиб юради.

Кейинчалик ФБШ ҳужжати билан Ўзбекистон — Қирғизистон чегараларини кесиб ўтиш имконсиз бўлиб қолади.

Шавкат Мирзиёев президентлик даврига келиб эса кўпгина фуқаролиги йўқ шахсларга паспорт берилгани Шоирахонга катта умид беради. Шундан сўнг, у 2017 йилда паспорт олиш учун барча ҳужжатларини тўғирлаб, Избоскан тумани маркази – Пойтуғ шаҳридаги паспорт столига топширади ва давлат божларини тўлайди. Аммо, орадан 4 йил ўтса-да “паспорт столи”нинг турли важлари сабаб фуқаро паспорт ололмаяпти.

Бугун Чинихон ая 76 ёшни қоралай деяпти, у Қирғизистондан Ўзбекистонга сафар қила олмайди. Қиз эса паспортсиз чегарадан ўтолмай дийдорига муштоқ бўлган онасини кўришга бора олмаяпти. “Қизимни кўришга зорман”, деб ёзади Чинихон ая Танзила Норбоевага ёзган хатида.

Эслатиб ўтамиз: Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2011 йили бирор мамлакатнинг ватандоши ҳисобланмаган қарийб 86000 инсон истиқомат қилган. 2017 йилдан сўнг фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон паспорти бериш ишлари тезлаштирилди. 2019 йилда Бирлашган миллатлар ташкилоти Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини кутаётган 80000 инсон борлигини билдирган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар