Мардикор бозорларида одам кўп, аммо давлат қурган "мардикор бозори" бўм-бўш. НЕГА?

13.04.2021 09:44

Фарғоналик Зоҳира Тожиматова 15 йилдан буён Қўйлиқ бозоридаги кўприк тагида мардикорлик қилади.

– Ёш вақтимда онам вафот этган. Она меҳрига зорман. Дадам иккинчи гуруҳ ногирони, – деди Зоҳира Тожиматова.

– Ўзингизга муносиб иш деб ўйлайсизми шу ишни?

– Йўқ. Нима қилайлик энди, ўғирлик қилмасам нимаси ёмон? Ҳалоллаб бўлса ҳам лўлининг эшагини сўғариб пулини ол дейишган.

Зоҳира охирги марта 2018 йилда янги куйлак сотиб олган экан.

Тожихон Қорабоева ҳам 56 ёшда. У ҳам мардикорлик қилади.

– Бир кунда 50-150 минг сўмгача топаман, деди Тожихон Қорабоева. – “Темир дафтар”га киритилганман. Ёрдам бериб туришади. Хўжайним билан орамизда гап-сўз ўтиб қолгандан кейин кетиб қолди. Ҳаётимдан нолимайман, тирикчилик ўтиб турибди, куч-қувватимиз бор экан ишлаб юрибмиз.

Бугун ёшига номуносиб иш билан шуғулланадиган Тожихон опанинг 4 фарзанди бўлиб, икки нафари бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмган экан.

– Бир ўғлимни “электросет”га ишга бергандим. “Электросет”да ишлаб юрганди, бўлмай қолди. Унга ҳам кўникиб кетдим. Одамзод боши тошдан яралган экан, чидаймизда, иложи йўқ. Ҳаммасига кўникиб яшаб юрибмиз. Биз энди келиб ишлаб кетганимиз ҳам етади. Ёшлар кўпи ишсиз. Ёшлар ишли бўлса, зора ёмон йўлларга юришмасмиди?...

Бундан бир йил олди Кунлик ишчилар маркази ташкил топганидан кўпчиликнинг хабари бор. Бу ерга борганимизда ҳеч кимни учратмадик. Балки иш қидириб келганларнинг барчаси банддир. Аммо Кунлик ишчилар марказининг кўмаги билан эмас.

Биз юқорида суҳбатлашган, кунлик мардикорлик иш билан шуғулланадиган аёллардан нега марказга бормаслигининг сабабини сўрадик:

Зоҳира Тожиматова:

“У ерда биров қабул ҳам қилмайди, сиғдиришмайди ҳам. Бир-иккитаси борган экан, бир бу ерга “анақа” қиламиз, ишласанг-ишламасанг пул берасан деб пул сўрашибди.”

Тожихон Қорабоева:

“Мен бўш пайтимда кам келиб кетаман. Ёш бўлганимда борардим.”

Маълумотларга кўра, ўтган йили 300 га яқин, жорий йилнинг шу давригача бор-йўғи 70 нафардан ортиқ фуқаролар Кунлик ишчилар марказига иш сўраб келган. Ҳайҳотдек марказнинг кутиш зали ва ошхонасидан бугун бирор киши фойдаланмаётганга ўхшайди.

– Иш берувчилар асосан, кўприкнинг тагида. Иш берувчи кирмайди бу ерга, – деди Яшнобод тумани Кунлик ишчилар маркази директори Шохида Назарова. – Биз иш берувчини топишимиз керак. Масалан тадбиркорлар билан гаплашишимиз керак. Оддий одамга ҳам “уборка”га аёл керак, ёрдамчи керак. Қандай, олдин фуқаролар билан гаплашимиз керакми? Олдин базани ташкил қилишимиз керак.

– Нечи ўринга мўлжалланган?

– Буни билмайман...

– Билмайсизми, ахир сиз раҳбарсизку?

– Эсимдан чиқиб қолди тўғриси.

Марказ директори бу муаммони бартараф этиш учун юқори ташкилотларга таклифларни билдирганини айтади:

“Қўл меҳнатлари, тадбиркорлар билан келишилган ҳолда қўл меҳнатлари, шу ерда бир кичкина ишлаб чиқаришми ташкил қилмоқчимиз, худо хоҳласа. Аёлларга ўтириб меҳнат қиладиган ишни мақсад қилаяпмиз.”

Бугун бу икки қаватли марказ биноси бўш ва самарасиз. Тез кунларда бу ерда янгилик қилса бўладими? Буни албатта вақт кўрсатади.

Рухсора Ғофурова,

Сирожиддин Ҳошимжонов (видео)

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар