БМТ анъанавий дунё харитасидан воз кечишни таклиф қилди

07.09.2026 10:41

БМТ Бош Ассамблеяси дунё хариталарида узоқ йиллардан бери қўлланиб келинаётган Меркатор проекциясидан воз кечиб, қитъалар, хусусан, Африканинг ҳақиқий майдонини аниқроқ акс эттирувчи хариталардан фойдаланишга чақирувчи резолюцияни қўллаб-қувватлади

Резолюцияни 164 та давлат қўллаб-қувватлаган, 6 та мамлакат бетараф қолган. Фақат АҚШ қарши овоз берган. Унинг вакили резолюцияни “ортиқча” деб баҳолаган.

Ҳужжатнинг қабул қилинишида Того фаол ташаббускорлардан бири бўлган. Того вакилининг таъкидлашича, нотўғри картографик тасвирлар, хусусан, Меркатор проекцияси узоқ муддат давомида таълим, маданият, геосиёсат ва ижтимоий-иқтисодий қарашларга таъсир кўрсатган.

Унинг фикрича, бундай хариталар Африка ва дунёнинг бошқа ҳудудлари ҳажмини одамлар онгида сезиларли даражада кичрайтириб кўрсатишга сабаб бўлган.

БМТ резолюциялари давлатлар учун мажбурий кучга эга эмас. Шунга қарамай, мазкур қарор таълим дастурлари ҳамда кундалик ҳаётда фойдаланиладиган хариталарга таъсир қилиши мумкин.

Масалан, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро мамлакат Меркатор хариталаридан воз кечиб, “муайян мақсадларга мослаштирилган, ҳақиқий майдонларни аниқроқ акс эттирувчи ҳамда картографлар ва олимларнинг тавсияларига жавоб берувчи картографик проекциялар”дан фойдаланишга ўтишини билдирган.

Нега Меркатор харитаси баҳсларга сабаб бўлмоқда?

Меркатор проекцияси фламандиялик картограф Герард Меркатор томонидан 1569 йилда яратилган. Дастлаб у денгиз навигацияси учун ишлаб чиқилган. Шу сабабли харита Ер шарининг исталган нуқтасида йўналиш, яъни азимут бурчагини сақлаб қолиш имконини беради.

Бундай хариталар “тенг бурчакли” проекциялар деб аталади. Уларнинг асосий камчилиги эса қитъа ва мамлакатларнинг ҳақиқий майдонини бузиб кўрсатишидир.

Ҳудуд экватордан қанчалик узоқда жойлашган бўлса, Меркатор проекциясида у шунчалик катта кўринади.

Бунинг энг машҳур мисолларидан бири — Гренландия. Классик дунё харитасида у Африкага деярли тенг катталикда кўринади. Аслида эса Африка Гренландиядан қарийб 14 баравар катта.

Муаммо фақат Меркатор проекциясидами?

Ҳудудлар майдонини аниқроқ кўрсатиш учун “тенг майдонли” проекциялар ҳам мавжуд. Бироқ улар ўз навбатида шакл ва бурчакларни сезиларли даражада бузиб кўрсатади.

Масалан, Алберс ва Ламберт проекциялари майдонларни нисбатан аниқроқ ифодалашга имкон беради. Бироқ бунда бошқа геометрик хусусиятларда бузилишлар юзага келади.

Шу сабабли харита танлашда универсал “энг тўғри” вариант мавжуд эмас. Муайян проекция ундан қандай мақсадда фойдаланилишига қараб танланади.

Того қайси харитани таклиф қилмоқда?

Того ҳукумати Меркатор проекцияси ўрнига Equal Earth проекциясидан кенгроқ фойдаланишни таклиф қилмоқда.

Ушбу проекция 2018 йилда халқаро картографлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. У Робинсон проекциясига асосланган бўлиб, муросали вариант ҳисобланади. Унда на бурчаклар, на ҳудудлар майдони мутлақ аниқликда сақланади, бироқ умумий тасвирдаги бузилишлар нисбатан мувозанатли тақсимланади.

Меркатор ҳозир ҳам қўлланиладими?

Ҳа. Меркатор проекцияси, аниқроғи, унинг турли кўринишлари ҳозиргача мактаб дарсликлари ва бошқа кўргазмали материалларда кенг қўлланади.

Бироқ картографлар ва геодезистларнинг амалий фаолиятида глобал хариталар учун бундай проекциялардан деярли фойдаланилмайди.

Уларнинг ўрнига Ер юзасининг муайян ҳудудлари учун ишлаб чиқилган минглаб маҳаллий проекциялар мавжуд. Уларни одатда давлат идоралари ишлаб чиқади ва улар муайян ҳудуд учун анча аниқ натижа беради.

Африка харитасини ўзгартириш талаби

Африка давлатлари ҳам сўнгги йилларда қитъанинг хариталарда қандай тасвирланишига эътибор қаратмоқда.

2025 йилда Африка Иттифоқи ҳукуматлар ва халқаро ташкилотларни XVI асрда яратилган Меркатор харитаси ўрнига Африка қитъасининг ҳақиқий ҳажмини аниқроқ кўрсатадиган проекциялардан фойдаланишга чақирган.

БМТ Бош Ассамблеясининг янги резолюцияси эса ушбу масалани халқаро даражада яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар