Қорақалпоғистонда “Медиа ҳафталик” бошланди

30.03.2026 13:39

Аввалроқ мамлакатимиз ахборот маконида йилнинг энг йирик таълимий-амалий воқелиги — бутун республикани қамраб олувчи “Медиа ҳафталик” лойиҳаси ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди. Бугун, 30 март куни ушбу ҳафталик Қорақалпоғистон Республикасида ўз ишини бошлади.

Оролбўйи ҳудудида старт олган илк ҳафталик доирасида қатнашчилар замонавий медиа муҳитидаги долзарб масалалар юзасидан кўникмаларини оширади.

Машғулотлар самарадорлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир касбий йўналишлар кесимида чуқурлаштирилган ва ихтисослашган билимларни бериш мақсадида, ўқув-семинарлар сессияларга бўлинган ҳолда ташкил этилмоқда.

Дастур контент яратиш, матнли ва визуал форматлар ҳамда жанрларнинг қўлланиши, ахборот хавфсизлиги, стратегик коммуникация, медиа менежмент, СММ ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш каби кўплаб муҳим мавзуларни қамраб олади.

Тренинг ва маҳорат дарслари давомида иштирокчилар нафақат назарий билимларни, балки реал кейслар асосида ишлаш, хатоларни таҳлил қилиш, янги ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлади.

Тадбирда илғор экспертлар, амалиётчи журналистлар, муҳаррирлар, продюсерлар ҳамда мутахассислар спикер сифатида қатнашмоқда. Улар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий медиа ривожининг устувор йўналишлари бўйича тавсиялар беради.

“Медиа ҳафталик”нинг муҳим жиҳати — иштирокчиларга алоҳида эътибор қаратилгани билан ажралиб туради. Тадбир давомида ўнлаб интервьюлар, очиқ мулоқотлар ва фикр алмашинувлар ташкил этилиб, иштирокчиларнинг ўзлари медиа соҳасидаги муаммолар, кутилаётган натижалар ва эришилган ютуқлар ҳақида фикр билдиради. Бу эса лойиҳа самарадорлигини янада ошириб, реал натижаларни намоён этишга хизмат қилади.

Ҳафталик доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича махсус сессиялар ташкил этилган:
•  босма ва интернет нашрлари журналистлари, 
•  тележурналистлар ва операторлар, 
•  давлат органлари матбуот котиблари, 
•  блогерлар ва контент яратувчилар, 
•  мобилографлар ва СММ мутахассислари.

Шунингдек, давлат органларининг очиқлиги, жамоатчилик билан самарали мулоқот ўрнатиш ҳамда ахборот сиёсатини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳафталик якунида Медиа форум ташкил этилиб, унда тадбир натижалари сарҳисоб қилинади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар