Фахрий журналистларга эҳтиром кўрсатилди

19.03.2026 11:13

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  шу йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида байрам тадбири ташкил этилди. 

Тадбирга журналистика соҳасининг фахрийлари, турли йилларда телевидение, радио, матбуот нашрларида ва ахборот сиёсати йўналишида фаолият юритган устозлар, педагоглар таклиф этилди. Устоз журналистлар Рамазон ҳайити ва Наврўз айёми муносабати билан қутланди ҳам уларга ифторлик дастурхони ёзилди. 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов тадбирни очиб, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати натижасида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган улуғвор тамойил ҳаётимиздан чуқур ўрин эгаллаётганини, Ўзбекистонда ижодкорлар қадр топаётганини ва журналистика соҳаси янги даврни бошдан кечираётганини таъкидлади.   

Соҳа фахрийларининг бу галги учрашуви ўзига хос мулоқот майдонига айланди. Тадбир доирасида Ўзбекистон журналистикасининг бугунги долзарб масалалари бўйича фикр алмашилди. Оммавий ахборот воситалари жамият ва давлат ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажариб, очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашда муҳим институт сифатида тобора ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон фахрийларининг “Нуроний” жамғармаси раисининг ўринбосари Шароф Убайдуллаев, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон халқ артисти Галина Мельникова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, фахрий журналистлар - Тўлқин Қозоқбоев, Насиба Иброҳимова, “Ишонч” газетаси бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов Ўзбекистонда бугун ижод учун, сўз эркинлиги ва оммави йахборот воситалари  ривожи учун кенг имкониятлар яратилганини, журналистика соҳасида туб ўзгаришлар содир бўлаётганини таъкидлашди. 

Учрашувда Ўзбекистон журналистлари уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш ва журналистика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида Уюшманинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилди. Хусусан, “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш, журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш журналистларнинг янги авлодини тарбиялаш, халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича  таклифлар  ўртага ташланди. 

Умуман олганда байрам тадбири фахрийларни қадрлаш ва уларга эҳтиром кўрсатишга, журналистика соҳаси вакилларининг ҳамжиҳатлигини таъминлашга ҳисса бўлиб қўшилди. 

 

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар