Эрон расман Олий миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Али Лорижони ҳалок бўлганини тасдиқлади. У мамлакатдаги энг таъсирли сиёсий шахслардан бири бўлиб, айримлар уни олий раҳбардан кейинги энг муҳим фигура сифатида баҳоларди.
Маълумотларга кўра, Лорижони билан бирга унинг ўғли Муртазо ва қўриқлаш хизмати раҳбари ҳам ҳалок бўлган. Ҳодиса Теҳрон яқинида, эҳтимол, унинг қизи яшайдиган уй атрофида содир бўлган. Интернетда вайрон бўлган бинодан қолган лавҳалар тарқалмоқда.
Лорижони узоқ йиллар Эрон сиёсий ҳаётида катта ўрин тутиб келган. У ядровий дастур бўйича Ғарб билан музокараларда қатнашган, президент, армия ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ўртасида мувофиқлаштириш ишларини олиб борган. Шунингдек, уруш шароитида мамлакат мудофаасига доир қарорлар тайёрлашда ҳам муҳим шахс бўлган.
Лорижонининг ўлимидан сўнг Эрон Исроилга кассетали жанговар қисмли ракеталар билан жавоб зарбаси берди. Исроил эса ўз аҳолисини янада кучли ҳужумлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шу тариқа икки томон ўртасидаги можаро янада кескин тус олди.
Айни пайтда Эронда Лорижони ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги муҳокама қилинмоқда. Эҳтимолий номзодлар сифатида Али Боғирий, Саид Жалилий ва Аҳмад Ваҳидийнинг номлари тилга олинмоқда.
Бу орада АҚШ ичида ҳам Эрон билан уруш масаласида зиддиятлар кучайди. Терроризмга қарши кураш бўйича Миллий марказ директори Жо Кент истеъфога чиқиб, Исроил Оқ уйни чалғитганини, Эрон эса Америка учун бевосита таҳдид бўлмаганини айтди. Унинг фикрича, бу уруш АҚШни оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Дональд Трамп эса бир-бирига зид баёнотлар бермоқда. Бир томондан, у АҚШ катта ҳарбий ютуқларга эришганини айтмоқда, иккинчи томондан эса уруш яқин вақтда тугаши мумкинлигини билдирмоқда. Аммо ҳозирча Вашингтон можарони қандай якунлаш бўйича аниқ сиёсий ечим таклиф қилганича йўқ.
Шу билан бирга, можаро иқтисодий оқибатларни ҳам кучайтирмоқда. Хурмуз бўғозидаги вазият оғирлашиб, нефть ташишда муаммолар юзага келган. Натижада нефть ва дизель нархлари ошиб, бу АҚШ ва Европа учун ҳам қўшимча босим туғдирмоқда.
Маълумотларга кўра, Эрон нафақат ҳарбий нишонларга, балки нефть ва газ объектларига ҳам зарбалар берган. Бу эса жаҳон энергетика бозорида хавотирни янада кучайтирган.
Лорижонининг ўлдирилиши нафақат Эрон ичидаги сиёсий вазиятга, балки бутун минтақадаги кучлар мувозанатига ҳам таъсир қилади. Бу воқеадан кейин яқин вақт ичида тинчлик музокаралари бошланиши эҳтимоли янада пасайган.
17 март куни Эрон зарбалари ва урушнинг янги босқичи
17 март куни Эрон ҳужумларни янада кучайтирди. Қуддус, Тел-Авив ва Яқин Шарқдаги АҚШ базаларига ракеталар ва дронлар билан зарбалар берилгани айтилди.
Саудия Арабистонидаги Ал-Қайсума аэропортида АҚШ ҳаво мудофааси учун муҳим бўлган радиолокация станцияси йўқ қилингани, Бағдодда эса АҚШ элчихонасини ҳимоя қилувчи тизим ишдан чиқарилиб, ҳудудда ёнғин чиққанини маълум қилинди.
Шунингдек, Исроилнинг “Рафаэль” қурол-яроғ заводларига ҳужумлар давом этгани айтилмоқда. Айрим манбалар Исроилнинг юқори лавозимли амалдорларидан бири ҳам ўлдирилганини ёзмоқда, аммо бу расман очиқланмаган.
Эрон томонига яқин манбалар АҚШ катта йўқотишларга учраганини даъво қилмоқда. Бу маълумотлар ҳозирча мустақил тасдиғини топмаган.
Энг муҳими, Эрон илк бор нефть ва газ объектларини ҳам нишонга олди. БААдаги Шоҳ газ кони ва Ироқдаги Мажнун нефть кони ҳақида зарба берилгани айтилди. Фужайра портида эса танкер ёнгани ортидан нефть юклаш ишлари тўхтатилган.
Хурмуз бўғози ва нефть нархлари
Хурмуз бўғозидаги кескинлик сабаб нефть бозорида хавотир кучайди. Айрим танкерлардан ташқари деярли барча кемалар ҳаракати чеклангани айтилмоқда. Шу ортидан нефть нархи бир кунда 3 фоизга кўтарилди.
АҚШда дизель нархи ҳам кескин ошиб, сўнгги тўрт йилда илк бор галлонига 5 доллардан ошди. Бу эса аҳоли норозилигини кучайтирмоқда.
Европада ҳам муаммо сезилмоқда. Польшада ҳайдовчилар арзон ёқилғи излаб Словакияга ўта бошлаган. Шу пайтда Европа Иттифоқи Россия нефтига янги чекловлар қўйишни ҳам муҳокама қилмоқда.
Уруш қачон тугайди?
Таҳлилчилар фикрича, Вашингтонда бу урушни қандай тугатиш бўйича аниқ режа йўқ. АҚШнинг ўзида ҳам бу масала танқид остида қолмоқда.
Reuters хабарига кўра, Оқ уй Теҳронга ўт очишни тўхтатиш таклифини берган, аммо у рад этилган. Лорижонининг ўлдирилишидан кейин эса ярашув ҳақида гапириш янада қийинлашди.