Рамазон ойида муҳтожларга ёрдам бериш, садақа, закот чиқариш энг фазилатли амаллардан ҳисобланади. Эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривоятлари). Уламоларимиз хайр-эҳсон – инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган.
Минг шукрким, юртимиз тинч ва фаровон. Шу боис бўлса керак нафақат Рамазон ойида, балки бошқа ҳар бир ойда ўз эҳсони ила эҳтиёжмандлар дуосини олишни истайдиган юртдошларимиз сафи кенгайиб бораётганлиги қувонарлидир. Бироқ эҳсондек эзгу амал булоғини ҳам ўз фойдаси, манфаати майдонига буриб зулм ва жаҳолат ишларига сарфлаётган инсонлар ҳам борлигини унутмаслигимиз керак.
Гап шундаки, сўнгги йилларда интернет орқали “эҳсон”, “ҳайрия”ни ниқоб қилиб пул йиғаётганларнинг қилмишлари тез-тез тилга олинмоқда. Масалан, ўтган 2025 йилнинг куз фаслида Корея телеканаллари орқали Жанубий Кореяда сохта хайрия орқали пул йиғиб, террорчилик фаолиятини молиялаштирган ўзбекистонлик йигит ушланганлиги тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалди.
Маълум бўлишича, 29 ёшли ўзбекистонлик эркак хайрия ташкилоти ниқоби остида сохта фаолият юритиб, 952 миллион вон (663 минг доллардан ортиқ) ундирган. Афсуски, тўпланган маблағларнинг бир қисмини БМТ томонидан террорчи деб тан олинган КТЖ (Катиба ат-тавҳид вал-жиҳод) ва ҲАМАС ташкилотларига ўтказиб берган.
Аниқланишича, жиноятчи илгари Ўзбекистонда ҳам террорчилик маблағларини молиялаштиришда айбланиб, маҳаллий қидирувда бўлган. Ўзбекистон элчихонаси унинг паспортини бекор қилиб, Корея полициясидан уни ҳибсга олишни сўраган. Натижада эса...
Бундан ташқари, шу кунларда ОАВда Бухорода терроризмни молиялаштирган ота ва ўғил ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ёт ғоялар таъсирида 2019 йилда Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилган. У жангарилар сафида фаолият олиб бориш билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали турли баҳоналар билан бошқалардан пул йиғиб, террористик ташкилотнинг молиявий таъминотини яхшилашга кўмаклашган.
2021—2025 йиллар давомида мазкур шахс интернет орқали ўзбекистонлик фуқаролар билан мулоқотга киришиб, уларни криптовалюта кўринишида пул маблағлари юборишга даъват қилган ва натижада катта миқдорда пул йиғишга муваффақ бўлган. Ҳозирда унинг алдовларига учиб, пул юборган 8 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 155-3-моддаси, яъни терроризмни молиялаштириш айби билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, у ўзининг қабиҳ ишларига Бухорода истиқомат қилувчи 1965 йилда туғилган ўз отасини ҳам жалб қилади. Ҳозирда отага нисбатан ҳукм ўқилиб, у 10 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жиноятчи фарзандга нисбатан эса, қидирув эълон қилинган.
Мазкур ҳар икки ҳолатда ҳам “эҳсон” дея йиғилган пулларнинг охири борар манзили террорчиларнинг чўнтаги бўлган ва уларнинг кайфи-сафосига сарфланган.
Бугунги кунда террорчи ташкилотлар ҳам интернет орқали мусулмонларга, Ғазо аҳолисига ёрдам беришни ниқоб қилган ҳолда хайрия акцияларини ташкил этиш орқали пул йиғишмоқда ва уларнинг фаолияти молиялаштириб келинмоқда.
Раҳмдил ва саховатпеша халқимиз эса юқоридаги каби террористик ташкилотлар тарафдорларининг алдовига учиб, Интернетда эълон қилинган норасмий манбаларга “эҳсон” юборишмоқда. Бироқ, амалда эса ушбу маблағлар янги террорчилик ҳаракатларини амалга оширига йўналтирилмоқда.
Бугун Ўзбекистон том маънода дунёга тинчликсвар давлат сифатида номоён бўлмоқда. Давлатимиз Раҳбари Ғазони тиклаш бўйича ҳам муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқдалар. Жумладан, Ўзбекистон Президенти Тинчлик кенгашининг Ғазо сектори бўйича йиғилишда Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозимлиги таъкидлади.
Барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга, можародан кейинги жараёнларни барқарорлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёрлигини қайд этди.
Ҳа, давлатимиз раҳбари ўз ташаббуслари ва эзгу ниятлари билан глобал дунё кенгликларида тинчлик, бирдамлик ва фаровонлик маёғини баланд кўтариб бораётган мард ва жасур йўлбошчи сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистонимизда кечаётган ислоҳотлар не-не эллар ва халқларнинг орзусидир. Шундай экан юртдошларимизнинг ҳар бири ўз ҳушёрлиги, юксак билими билан мамлакатимиз олға сураётган тинчлик сиёсатига ўз ҳиссасини қўшмоғи зарур.
Шу ўринда 2025 йил 2 августда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига диққатингизни қаратмоқчимиз. Ушбу қонунда ижтимоий-иқтисодий соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини аниқ белгилаш борасидаги вазифалар қайд этилган.
Ушбу Қонун фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга, унинг самарадорлигини оширишга, ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантиришга, жамоат фондлари фаолиятидаги ортиқча бюрократик талабларни бартараф этишга, шунингдек ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Интернетдаги турли хайрия жамғармаларига пул ўтказишдан олдин яхшилаб суриштиришимиз, пешона тери эвазига келган маблағимизни асл эҳтиёжманд инсонларга етиб боришига кўзимиз етганидагина жўнатишимиз мақсадга мувофиқдир. Айни Рамазон ойида “закот”, “фитр” га ажратилган пулларимизни “Вақф” ёки бошқа расмий фондларга ажратганимиз эса айни муддаодир.
Давр шиддатли, бу шиддат конвейерида ҳушёр бўлмаган, ўз ҳуқуқини яхши билмаганлар ўзлари билмаган ҳолда терроризм ва фирибгарларнинг ҳийлалари тузоғига илиниб қолишлари ҳеч гап эмас. Шундай экан, эҳсону садақаларимизни ўз манзилига бехато йўллаб, тинимсиз қалқиб турган дунёни мувозанатда тутиб турувчи, асл эҳтиёжманд ва муҳтожларни фаровонликка, эзгулик сарҳадларига бошлагувчи инсонпрвар замондошларимиз билан бир сафда бўлишга интилайлик!