Пойгада ўзолмаган от эгасининг баҳонаси — пойтахтдаги тирбандлик сабабини билармидингиз?

15.03.2026 10:28

Шахсий автомобилдан фойдаланиш ниҳоятда арзон. Шу сабабли Тошкентда тирбандликлар юзага келар экан. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев 12 март куни пойтахтда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Яъни автомобиллар, уларга хизмат кўрсатиш, газ, бензин — ҳаммаси арзон. Тирбандликнинг асосий сабаби шу экан. Жамоат транспортининг, юмшоқ қилиб айтганда, ёмон ҳолати, қатновлар оралиғи, шаҳар инфратузилмаси, йўллар ва уларнинг сифати эмас, айнан шахсий автомобилдан фойдаланиш арзонлиги муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Шаҳар транспорт тизимини яхшилаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида суҳбатлашилган мазкур тадбирда мутасаддилар соҳага оид саволларга жавоб беришди.

Шаҳарда икки тарафлама қатновли йўлларга, шифохоналар олдига чизиқ тортилиб, парковкалар ташкил этилган. Ҳатто турар жойлар атрофида, Гематология институтининг олд томонида ҳам пулли тўхташ жойлари ишга тушган. Шунингдек, турли идора ва ташкилотлар қаршисидаги йўлларда ҳам пулли парковкалар қилинган. Бу ҳақдаги саволларга Абдураҳмон Бахтиев парковкалар одамларни жамоат транспортига жалб қилиш учун пулли қилинишини айтди.

“Пойтахт паркингни чақирдик. Гематология институти, касалхона тўғрисидаги ва ёнидаги парковкалар бўйича чуқур ўрганиш ўтказиляпти. Лекин умумий олганда, парковкалар одамларни жамоат транспортига жалб қилиш учун пулли бўлади. Фақат Тошкентда эмас, бутун ривожланган шаҳарларда пулли парковкалар ишламоқда. Одамларга жамоат транспортида юргин, деган ишора беришимиз учун шахсий автомобилдан фойдаланишни қимматроқ қилишимиз керак”, — деди ҳоким ўринбосари.

Абдураҳмон Бахтиевга кўра, хорижлик меҳмонлар Ўзбекистонда таксида юриш арзонлигини, "пул тўлаганимни сезмадим", деб доим таъкидлашаркан. Бизда шахсий автомобилда юриш нархи шу даражада пастки, ҳатто такси нархи ҳам сезилмайди. Бу эса тирбандликка ва шаҳарда машиналар сони кўпайишига олиб келади.

Шу билан бирга, ҳоким ўринбосари жамоат транспорти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 2030 йилгача жамоат транспорти улуши ҳозирги 30 фоиздан 60 фоизга етказилиб, автобуслар сони бугунги 1897 тадан 3161 тагача кўпайтирилади. Метро линиялари эса ҳозирги 71 километрдан келаси беш йилда 103 километрга узайтирилади.

Муаммоларга "арзонликни" асосий сабаб қилиб кўрсатиш, пойгада ўзолмаган от эгасининг баҳонасидек, ҳамманинг энсасини қотириши аниқ. Камчиликларни тўғри тан олиш ҳам инсонларнинг ишончига сабаб бўлади. Йўллар сифати, жамоат транспортининг аҳволи, бекатга бир хил рақамли автобусларнинг кетма-кет келиши ёки соатлаб келмай қолиши оддий ҳолга айланганини билиш учун, ҳоким ўринбосари йилда бир марта бўлса ҳам жамоат транспортига чиқиб кўриши керак. Фақат сураткашлар билан эмас, шунчаки ўзи, эрталаб тиғиз вақтда ишга автобус ёки метрода бориб кўрсин.

Қолаверса, мулозим бирор марта газ ёки бензинни ўзи қуйдирмагач, метанга навбатда туриб кўрмагач, вазиятни хориж билан солиштириб хулоса чиқариши халқнинг кулгисига сабаб бўлиши табиий. Балки келажакда ҳокимлик тизими ҳам сайловлар асосида шакллантирилар, шунда халққа яқин, муаммонинг илдизини ҳис қиладиган номзодлар келармиди?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар