Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан яна бир абсурд таклиф
Ўзбекистон олий таълим тизими сўнгги йилларда академик мустақиллик ва халқаро стандартлар ҳақида бонг ураётган бир пайтда, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) кутилмаган, аммо жуда таниш бўлган “янгилик” билан чиқди. Энди вазирлик тасарруфидаги олийгоҳларда талабалардан иборат “Қалқон” жамоат патруллари ташкил этилар экан.
Мақсад — талабаларнинг одоб-ахлоқини назорат қилиш ва “шубҳали” хулқ-атвор эгалари ҳақида профилактика инспекторига хабар бериш. Келинг, очиқ гаплашамиз: бу ислоҳотми ёки талабалар орасида эркинликни бўғиш, “айғоқчилик” маданиятини тиклашга уриниш?
Вазирликнинг бу ташаббуси битта аччиқ ҳақиқатни юзага чиқарди: мутасаддилар ҳали ҳам талабани мустақил фикрли шахс эмас, балки “назорат қилиниши шарт бўлган субъект” деб кўрмоқда. 18-20 ёшли, вояга етган, сайловда овоз бериш, оила қуриш ва қонун олдида тўла жавоб бериш ҳуқуқига эга шахснинг “юриш-туриши”ни кимдир назорат қилиши керакми?
Бу — олий таълимни “катталаштирилган мактаб”га айлантиришдир. Уларни қолипга солишга уриниш креативлик ва эркин фикрнинг ўлимини англатади.
Эски тизим янги ном билан
Тарихга назар ташласак, бу услуб янгилик эмас. Ўша машҳур “Камолот” даврида ҳам худди шундай “фаоллар” бор эди. Натижа нима бўлди? Ҳеч нарса! Фақат қоғозбозлик, сунъий ҳисоботлар ва талабалар орасида бир-бирига нисбатан ишончсизлик уйғонди, холос.
Тарих сабоқларидан хулоса чиқармасдан, ўша самарасиз ва абсурд тизимни янги “Қалқон” бренди остида қайтариш тизимнинг инқирозга учрашидан далолатдир.
Масаланинг энг хавфли жиҳати эса бу патрулларнинг талабалар орасидан тайинланиши. Тасаввур қилинг: бир курсдошингиз дарсдан кейин устингиздан профилактика инспекторига “маълумот” бериб турса. Бу қандай ўқув муҳити? Бу қандай жамоавий руҳ?
Талабалар орасига ишончсизлик уруғини сочиш орқали қандай “маънавиятли авлод”ни тарбияламоқчимиз? Бу тизим талабаларни илмий изланишга эмас, балки “қоидаларга мослашиш” ва “бир-бирини пойлаш”га ўргатади.
Олий таълим мактаб эмас!
ММТВ тасарруфидаги олийгоҳларнинг бу даражадаги абсурд тартибларга маҳкум қилиниши битта хулосага етаклайди: Олий таълим олий таълим сифатида қолиши керак. Университетларни мактаб бошқаруви услубидан зудлик билан қутқариш шарт. Олий таълим ташкилотлари вазирлик таркибида қолиб, мактаб методикаси билан бошқарилар экан, биз ҳеч қачон “Топ-1000” таликка кира олмаймиз.
Қолаверса, профилактика инспектори билан ҳамкорлик қилиш талабанинг иши эмас. Талабанинг иши — кутубхонада ўтириш, лабораторияда тадқиқот қилиш ва жамиятга фойда келтирадиган кадр бўлиб етишишдир.
“Қалқон” патруллари талабаларни хавфдан ҳимоя қилмайди, аксинча, уларнинг эркинлигини бўғади. Бизга “патруллар” эмас, мулоқот ва ўзаро ҳурматга асосланган академик муҳит керак. Вазирликнинг бу ташаббуси зудлик билан қайта кўриб чиқилиши, абсурд ислоҳотлардан воз кечилиши шарт. Акс ҳолда, олийгоҳлар билим даргоҳи эмас, интизомий назорат лагерига айланиб қолади.